Линклар

26 ноябр куни Ўшда яна одам калтакланди


Қирғинда уйи куйган ўшликлар титул миллат вакиллари томонидан калтакланмоқда.

Қирғинда уйи куйган ўшликлар титул миллат вакиллари томонидан калтакланмоқда.

Ўшлик Толибжон ака бетоб бўлиб қолгани боис, турмуш ўртоғи билан поликлиникага борган эди. Шифокор кўригидан чиққанидан сўнгТолибжон ака Ўш шаҳридаги 2-поликлиника олдида калтакланди. Унинг калтакланишига асосий сабаб ўзбеклиги ва автомашинасини машиналар турар жойига қўйгани бўлди.


Ўшда деҳқончилик билан шуғулланадиган ва ўзини Толибжон дея таништирган суҳбатдошимиз турмуш ўртоғи билан 26 ноябр, жума куни бетоблиги боис поликлиникага борган.

- 2-поликлиникага хотиним билан борган эдим.Дўхтирга кўриниб чиқиб келаётсам, “мошинани нега қўйдинг? Нима хаққинг бор?” деб (ўзи стоянка атрофи), чиқиб келаётганимда “Нимага менга ҳалақит бераяпсан? ” деб, ўзидан ўзи машинадан тушиб, қирғиз бола урди. Атрофида яна бир-иккитаси бор экан.Улар ҳам келиб қўшилишиб уришди. Шу калтакни еб, индамасдан келавердим,- дейди ўшлик Толибжон ака.

Толибжон акага ҳужум қилганлар унинг юзига уришмаган, аммо тепкилашган.

Шикастланган ўшлик Толибжон ака на милицияга хабар берган, на тиббий экспертизадан ўтган.

- Хеч нарса қилмадим. Бўпти, хаёт шу экан-да, деб қолавердим, - дейди адолат борлигига ишонмайдиган Толибжон ака.

Поликлиникага эри билан бирга борган аёли Фарида опа Толибжон акани ҳимоя қилишга ҳаракат қилган. Бироқ ҳужум қилганлар аёлни четга итариб қўйиб, унинг кўз олдида эрини тепкилаган.

Ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматиллоевга кўра, юқоридаги воқеа бугун Ўшда содир бўлиб турган ўнлаб калтаклашлардан бири, холос..

-Аввалги июн-август ойига қараганда, анча пасайди калтаклашлар. Шунга қарамасдан жамият миллатчилик билан шу даражада зарарланган. Илгари “бытовой конфликт” дердик, ҳозир шу миллатларарога айланиб кетиб қолаяпти. Толерант тарбия етмаяпти.Ҳозирги кунда давлат органлари бунга эътибор қаратмаяпти.Бирорта қирғиз билан ўзбек можарога борадиган бўлса, албатта улар бир томонлама қарор қабул қилаяпти. Милицияга борса, “отангга бор, онангга бор”.Биринчидан, аризаларни қабул қилиши жуда қийин. Иккинчидан, аризани қабул қиладиган бўлса, эътибор берилмайди, ўша бўйича ташлаб қўйилади,-дейди ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатилло Раҳматиллоев.

Унинг фикрича, Ўшда ўзбекларнинг калтакланишини тўхтатиш учун вақт ва давлат томонидан тузилган махсус дастур керак.

- Биринчи навбатда вақт керак.Иккинчидан, миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлайдиган давлат программаси керак. Бизда эса бунинг ўрнига оммавий ахборот воситалари воқеаларни бир томонлама ёритиб, ўқини ўлдираяпти, иккинчи томонни камситаяпти, - дея фикр билдирди Иззатилло Раҳматиллоев.

Ўшда ўзбекларнинг аксарияти, касалхона ёки поликлиникага чиққан пайтида калтакланмоқда. Аёллар эрлари билан бирга боришга ҳаракат қилишса-да, бундай ҳимоя кор қилмаяпти. Ўш қирғинидан буён, Ўшда ўзбеклар томонидан калтакланаётган қирғизлар ҳақида маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG