Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:27

Корея ярим оролида вазият кескинлигича қолмоқда


Жанубий Корея ва АҚШ 28 ноябр куни қўшма ҳарбий машқлар ўтказади.
Жанубий Корея ва АҚШ 28 ноябр куни қўшма ҳарбий машқлар ўтказади.

Шимолий Корея артиллерияси 23 ноябр куни амалга оширган бомбардимон оқибатида ҳалок бўлган икки нафар жанубий кореялик аскар шанба куни дафн қилинди.

27 ноябр куни пойтахт Сеулда бўлиб ўтган дафн маросимида Шимолий Корея артиллерияси сешанба куни амалга оширган ҳужумда нобуд бўлган икки ҳарбийнинг яқинлари, сиёсатчилар, Жанубий Корея ҳарбийлари, жумладан денгиз пиёда кучлари қўмондони Йо Нак Йуун иштирок этди.

Қўмондон ҳужум учун Шимолий Кореядан ўч олинишини айтди.

- Биз, армия сафларида хизмат қилаётган ва собиқ денгиз пиёда аскарлари, Шимолий Кореядан ўч оламиз, дея баёнот берди Йо Нак Йуун.

Шимолий Корея артиллерияси 23 ноябр куни Ёнпёонг оролини бомбардимон қилган пайтда Жанубий Кореянинг икки ҳарбийси ва яна икки нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, йигирмага яқин одам яраланди. Бунга жавобан Жанубий Корея ҳам Шимолий Корея ҳудудини ўққа тутди.

Сеулдаги дафн маросими Жанубий Корея ҳарбийлари 28 ноябр куни АҚШ билан бирга ҳарбий машқлар ўтказишга тайёргарлик кўраётган пайтда бўлиб ўтди.

Жанубий Корея қуролли кучлари штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси вакили Ли Банг Ву АҚШ билан бирга ўтказиладиган ҳарбий машқлар мақсади ҳақида буларни айтди:

- Бу машқлардан кўзланган мақсад Шимолий Корея таҳдидларига қарши жавоб чораси кўришни машқ қилиш, ўз ҳудудимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш, Қўшма Штатлар билан ҳамкорликни яхшилаш, АҚШ ва Жанубий Корея ўртасидаги иттифоқ қатъийлигини намойиш қилишдан иборат, дея баёнот берди Ли Банг Ву.

Шимолий Корея расмийлари АҚШ ва Жанубий Корея бирга ўтказадиган ҳарбий машқларни “кечириб бўлмас провокация” деб атаб, агар ўз чегара ҳудуди бузилса, “қақшатқиш зарба” берилиши ҳақида огоҳлантирди.

Корея ярим оролида кескин вазият сақланиб қолаётган бир пайтда Хитой ва Қўшма Штатлар Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида юзага келган кескин вазиятни юмшатиш борасида музокара ўтказди.

Хитой Ташқи ишлар вазири Янг Цзечи АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан телефон орқали сўзлашди. Расмийларга кўра, мулоқот чоғида асосий эътибор сешанба кунги воқеа қайтарилишининг олдини олиш масаласи муҳокама қилинган.

Шимолий Кореянинг яқин иттифоқчиси бўлган Хитой вазият мураккаблашишининг олдини олиш чораларини кўриш ниятида эканини билдирди.

Айни пайтда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам 27 ноябр куни хитойлик ҳамкасби Янг Цзечи билан Шимолий Корея ва Жанубий Корея ўртасида юзага келган кескин вазият борасида телефон орқали маслаҳатлашди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда билдирилишича, мулоқот чоғида томонлар Короя ярим оролидаги вазият янада мураккаблашишига йўл қўйилмаслик кераклигини урғулаган.

25 ноябр куни Ўзбекистон Корея ярим оролида юзага келган кескин вазиятга борасида хавотир билдирди. Шимолий Кореянинг Жанубий Корея ҳудудига қилган артиллерия ҳужумини қоралаган Ўзбекистон Пхенянни “бир томонлама чоралар кўришдан тийилиш” ва “ўзаро низоларни тинч йўл билан ҳал этишга” чақирди.
XS
SM
MD
LG