Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 00:43

Ҳиллари Клинтон Тошкентга келади


АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 30 ноябрдан 3 декабрга қадар Марказий Осиё ва Форс кўрфази давлатлари бўйлаб сафар қилади. Мазкур сафар доирасида Клинтон хонимнинг Ўзбекистонга ҳам келиши ва Ислом Каримов билан учрашиши кутилмоқда.

Тошкент сафари чоғида Ҳиллари Клинтоннинг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашиб, томонларни қизиқтирган қатор масалаларни муҳокама қилиши айтилмоқда.

Давлат департаменти матбуот вакили Филип Кроулининг маълум қилишича, Клинтон хоним ўз сафарини сешанба куни Қозоғистондан бошлайди. Давлат котиби Остонада ўтадиган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти саммитида қатнашадиган Америка делегациясига бошчилик қилади. Клинтон хоним, хабарларга кўра, бу ерда мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев ва ташқи ишлар вазири Қанат Саудабаев билан учрашади.

Клинтон, шунингдек, Қирғизистонда ҳам бўлиб, президент Роза Ўтунбаева ва бошқа давлат амалдорлари билан учрашишни режалаган.

Ҳиллари Клинтоннинг Марказий Осиё ва Форс кўрфази бўйлаб сафарининг 3 ноябр куни Баҳрайн ташрифи билан поёнига етиши айтилмоқда.

Гарчи бу Клинтон хонимнинг АҚШ дипломатлари раҳбари сифатида Тошкентга қилаëтган илк сафари бўлсада¸ у бундан аввал АҚШ президенти Билл Клинтон рафиқаси мақомида Ўзбекистонга келган эди.

90-йилларнинг иккинчи ярмида Клинтон хоним Тошкентга келганида¸ дипломатик қоидаларни бузиб бўлсада¸ аэропортда уни шахсан президент Каримовнинг ўзи қарши олган ва Клинтоннинг Самарқанд ва Бухоро сафарига ҳам ҳамроҳлик қилган эди.

Клинтоннинг аввалги сафари арафасида Ўзбекистондаги бир қатор сиëсий маҳбуслар озод этилган ва мустақил журналистларга нисбатан тазйиқлар маълум муддат юмшаган эди.
XS
SM
MD
LG