Линклар

Тожикистоннинг Сўғд вилоятида янги туғилган чақалоқни сотган она, врач, воситачи ва болани сотиб олган шахслар уч йилдан озодликдан маҳрум этилди. Хўжанд шаҳар прокуратураси маълумотига кўра, Раҳима Олимова ўз фарзандини тақрибан 180 АҚШ долларига сотган.

Хўжанд шаҳар прокурори ёрдамчиси Фаррух Абдуллоевнинг маълум қилишича, ҳомиладор Раҳима Олимова қўшниси Шодигул ва врач Роҳила билан ўзаро тил бириктириб, бола савдосига қўл урганлар. Шундан кейин Раҳима Олимова қўшниси Шодигул ёрдамида фарзандини ўз уйида туғади. Фарзанд туғилгач, туғруқхона врачи Роҳила кўмагида касалхонага ётқизилади. Бу орада Шодигул ва ва Роҳила харидор билан нарх бўйича келишиб олишган. Ўн бир йилдан буён тирноққа зор бўлган Комила Эгамбердиева эри билан маслаҳатлашиб, янги туғилган болани сотиб олишга келишади. Раҳима Олимова чақалоқни 800 сомонийга (178 АҚШ доллари – таҳр.) сотади.

Раҳима Олимованинг қўшниси Гулжаҳоннинг айтишича, фарзандини сотган аёл ҳаёти жуда оғир бўлган. Биринчи эри икки боласи билан ташлаб кетган, иккинчи турмуш ўртоғи эса бевақт оламдан кўз юмган. Пировардида у уч фарзанди билан ишсиз, пулсиз қолган.

- Бу аёлни ҳаёт синовлари анча қийнади. Биринчи эри оиласи яхши яшаши учун қайғурмасди. Назаримда, ҳар қандай шароитда ҳам инсон ўз фарзандидан воз кечмаслиги керак, - дейди Гулжаҳон.

Сўғд вилоят прокуратураси маълумотларига мувофиқ, жорий йилда фарзанд сотиш билан боғлиқ ҳолат иккинчи марта қайдга олинган.

Хўш, нега ота-оналар ўз фарзандларини сотмоқда? Уларни бунга нима мажбур қилаяпти? Маҳаллий кузатувчи Абдурасул Мамадалиев фикрича, бундай салбий иллатларнинг кўпайишига кўпроқ мамлакатдаги ижтимоий аҳволнинг оғирлиги сабаб бўлмоқда.

- Мана шундай даҳшатли воқеалар мамлакат аҳолисининг иқтисодий аҳволи нечоғли эканини кўрсатиб турибди. Бундай воқеани эшитиб, даҳшатга тушади одам. Чунки ўша одамнинг руҳини ҳам, қалбини ҳам ва маънавий оламини ҳам иқтисодий қийинчиликлар кемириб ташлаган. Мана шундай вазиятда унинг кўзига фарзанди эмас, балки яшаш учун керак бўлган восита кўринаяпти, холос, - дейди Абдурасул Мамадалиев.

Маҳаллий таҳлилчилар таъкидича, мамлакатда оналик ва болаликни ҳимоя қилиш каби дастурлар ўтмишда қолиб кетган. Республика ҳукуматининг жорий йил феврал ойида қабул қилган қарорига биноан кўп болали ва янги туғилган болаларга бериладиган моддий ёрдам миқдори қисқартирилган. Эндиликда кам таъминланган ва кўп болали оилаларга ҳар ойда илгариги 80 сомоний (18 АҚШ доллари) ўрнига 20 сомоний (4 АҚШ доллари) миқдорида моддий ёрдам берилади.

Айни пайтда мамлакатда турли хил зўравонликлар дуч келиб, одам савдоси қурбонига айланаётган ёш болаларни аниқлаш, уларни янги ҳаётга қайтаришни мақсад қилган ташкилотлар пайдо бўла бошлади. Халқаро мухожирлик ташкилоти кўмагида Сўғд вилоятида ташкил этилмиш Болаларга вақтинчалик бошпана берадиган марказ ана шундай ташкилотлардан биридир. Марказ одам савдоси қурбони бўлган, оилада турли хил зўравонликларга учраган, ҳаётдан кўнгли совиб кетган оналар ва болаларни ўз ҳимоясига олади.

- Давлат тузилмалари билан мустаҳкам алоқамиз бор, ички ишлар бўлимлари билан ҳам. Аста-секин одамлар ишончига кирдик. Масалан, ўтган йили вилоят шарқидан бир аёл келиб, олти ойлик боласини сотмоқчи бўлди. Икки ой давомида вакилларимиз у билан тушунтириш ишларини олиб борди. Бу муддат ичида эса унинг фарзанди марказда сақланди. Ҳозир ўша аёл ишлаяпти, фарзанди ҳам каттагина бўлиб қолган, - дейди марказт вакиласи Рафоат Бобоева.

Расмий маълумотларга кўра, 2009 йилда вилоятда бола сотиш билан боғлиқ олтита жиноят содир этилган. Сотилмоқчи бўлган болаларнинг икки нафари бир ҳафталик чақалоқ бўлган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG