Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:02

Wikileaks Ўзбекистон-АҚШ алоқаларини ҳам "фош қилди"


Якшанба куни Wikileaks сайти эълон қилган 250 мингдан ошиқ ëзишма орасида АҚШ ҳарбийларининг Хонободдан ҳайдалишига оид ҳисобот ҳам бор.


Wikileaks якшанба куни жамоатчиликка ошкор қилган ҳужжатларни Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатларнинг сирли жиҳатларига оид ахборотни фош қилди¸ деган ўй билан қараб чиққан одамнинг дарҳол ҳафсаласи пир бўлади - бу ҳужжатларда сир деган нарсанинг асари ҳам йўқ. Уларнинг бари жамоатчиликка матбуот орқали аллақачон аëн бўлган факт ва кузатишлар жамланмаси¸ холос.

"Ўзбекистоннинг Қарши-Хонобод базасини ëпиши: Сабаб ва оқибатлар" деб номланадиган бу ҳужжат афтидан АҚШ Конгресси қошидаги Тадқиқот химзатининг Ташқи алоқалар¸ мудофаа ва тижорат бўлими ходими Жим Никол томонидан ички фойдаланиш учун ëзилган ҳисоботи.

Номидан кўриниб тургани каби¸ ҳисоботда АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида Афғонистондаги аксилтеррор амалиëтлари юзасидан бошланган ҳарбий ҳамкорлик¸ Қаршидаги Хонобод базасининг 2003 йили АҚШ ҳарбийлари ихтиëрига топширилиши ва 2005 йил 13 май кунги Андижон воқеаларидан кейин Тошкентни танқид қилган Вашингтоннинг бу базадан ажраши ҳақида маълумот берилади.

Айтилишича¸ RS22295 деб рақамланган бу ҳисобот ҳозирга қадар АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари тадрижи билан қизиқувчилар учун очиқ¸ аммо пуллик бўлган.

Wikileaks якшанба куни жамоатчиликка ошкор қилган бошқа ҳужжатларга келсак¸ аксарияти кейинги уч йил ичидаги дипломатик ëзишмалардан ташкил топган бу ҳужжатлар дунë ҳукуматлари ва раҳбарлари ўртасидаги сирли келишувлар¸ ўзаро олди-бердилар манзараси¸ қолаверса ядровий қуроллар ва террорчилик таҳдидининг асл ҳолидан гувоҳлик беради.

Қарийб чорак миллион махфий ҳужжатнинг жамоатчиликка ошкор бўлиши бутун дунëдаги дипломик тизимлар устунларини қалтиратмоқда¸ мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги кескинлик туғдирмоқда ва тажанг бир ҳолга тушган халқаро майдонда аввал мисли кўрилмаган ва башорат қилиб бўлмас оқибатларга элтмоқда.

Ана шуни олдиндан билган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Американинг дунëга сочилган аксар дипломатлари кейинги кунлар ичи хориж ҳукуматларини ошкор этилиши кутилаëтган ҳужжатлар моҳиятидан огоҳлантириш билан шуғулланди.

Якшанба куни Wikileaks режаси юзасидан махсус баëнот чиқарган Оқ уй: “ махфий ҳужжатлар ва миллий хавфсизликка оид нозик маълумотларнинг берухсат ошкор этилишини қаттиқ” қоралади.

Вашингтондагилар хавотирича¸ ўғирлаб Wikileaks сайтига берилган махфий ҳужжатлар АҚШ ҳарбийлари ва дипломатларининг хорижда олиб бораëтган фаолияти¸ бу амалиëтларга тортилган америкаликлар ва улар ҳамкорлари ҳаëтини хавф остида қўяди.

Wikileaks сайти якшанба куни эълон қилган чорак миллионга яқин ҳужжат Давлат департаменти расмийларининг дунëдаги 270 давлатда ишлаëтган Америка дипломатлари билан махсус каналлар орқали олиб борган ëзишмаларидан иборат.

Улар орасида¸ АҚШ нинг Покистон ҳукумати билан тўйинтирилган уранни реактордан чиқариб ташлаш борасида юзага чиққан хатарли зиддият¸ Шимолий Кореяда ҳокимият қулаган тақдирда юзага чиқиши мумкин вазият хусусидаги ëзишмалар¸ Гуантанамо қамоқхонасини террорчиликда айбланган тутқунлардан озод қилиш борасида хориж давлатлари билан олиб борилган яширин музокаралар¸ Афғонистон ҳукуматидаги коррупция кўламига оид ахборот¸ глобал хакерлик¸ хусусан Хитой ҳукуматининг хакерлик амалиëтларига оид тафсилотлар¸ террорчиликка қарши курашда АҚШ ҳамкори ҳисобланган Форз кўрфази давлатларидаги жанггари исломий гуруҳларни молиялаш ҳаракатларига оид тафсилотлар бор.

Wikileaks қўлга киритиган 251,287 ëзишманинг¸ Давлат департаментидаги манба томонидан тақдим этилгани тахмин қилинмоқда.

АҚШ матбуотининг ëзишича¸ ошкор этилган ҳужжатларнинг аксари махфий ҳужжатлар сирасига киритилмаган ва улардан бирортаси “top secret” мақомига эга эмас.

Тахминларга кўра¸ чорак миллионлик ҳужжатлардан фақат 11,000 таси “secret,” яъни махфий деб¸ яна 9,000 эса “noforn,” яъни хориж ҳукуматлари қўлига тушмаслиги лозим¸ деб тамғаланган¸ холос.

Шундай бўлсада¸ кўпгина ëзишмаларда АҚШ дипломатлари билан махфий ҳамкорлик қилиб келган маҳаллий манбалар¸ хусусан депутатлар¸ ҳарбийлар¸ ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар номи бор ва айнан Вашингтоннинг ана шу ҳамкорлари ўз номлари ошкор бўлишидан даҳшатга тушмоқдалар.
XS
SM
MD
LG