Линклар

logo-print

Москвада масжид қурилишига қарши автоюриш бўлиб ўтди


Москванинг Текстилшчики мавзеида қурилиши мўлжалланган масжид лойиҳаси.

Москванинг Текстилшчики мавзеида қурилиши мўлжалланган масжид лойиҳаси.

28 ноябр куни эрталаб Москвада шаҳарнинг Текстилшчики мавзесида масжид қурилишига қарши маҳаллий жамоатчилик гуруҳлари вакилларининг автомобилларда юриши ўтказилди. Ислом ва мусулмонларга қарши қаратилмагани айтилаëтган мазкур тадбирда элликка яқин автомобил иштирок этди.

Бир неча ўн киши иштирок этган мазкур автоюриш масжид қурилиши режалаштирилган Грайвороновская кўчаси бўйлаб Волгоград проспекти орқали Садовое айланасига чиқди.



Машиналарига “Масжид қурилишига – йўқ! Парк қурилишига – ҳа!” ёзуви ёпиштирилган намойишчилар худди шу ёзувлар ёзилган оқ байроқлар остида қаторлашиб шаҳарнинг марказий кўчалари бўйлаб юриш қилди.

Автокарвон маҳаллий давлат автомобил назорати ходимлари томонидан тўхтатилмади.

Норозилик чиқишининг ташкилотчиларидан бири, “Мой двор” ҳаракати раҳбари Михаил Бутримов Озодлик радиосининг рус хизматига бу акция мусулмонларга қарши эмас, балки бевосита Волжская кўчасида масжид қурилишига қарши қаратилганлигини гапирди.

- Бизнинг масжид қурилишига қарши чиқишимиз умуман исломга қарши чиқишимиз, дегани эмас. Биз шунчаки Волжская кўчасида умуман ҳар қандай қурилишларга қарши чиқяпмиз - у хоҳ савдо маркази бўлсин, хоҳ бошқа иншоот. Бирор диний жамоа - православ, мусулмон ёки яҳудий - ибодатхона қуришдан олдин шу жамоанинг ижобий қиёфасини яратиш устида маҳаллий аҳоли билан яқиндан иш олиб бормоғи зарур, дейди автоюриш ташкилотчиларидан бири Михаил Бутримов.

Текстилшчики мавзесида масжид қурилиши қарори собиқ мэр Юрий Лужков томонидан 2008 йилда қабул қилинган. Жорий йилнинг ноябр бошларида Текстилшчики, Рязанка ва Кузминки мавзеларида истиқомат қилувчилар томонидан масжид қурилишига қарши 10 минг киши имзолаган мурожаатнома Россия президенти Дмитрий Медведев қабулхонасига топширилган эди.

Мурожаатнома муаллифлари бу ҳудудда масжид қурилиши “бир қатор маиший муаммоларнинг юзага келиши” ва “мусулмонларга қарши салбий муносабатнинг кескинлашишига олиб келиши"ни таъкидлаганлар.

Маҳаллийлар масжиднинг пайдо бўлиши мавзеда криминал вазиятнинг кескинлашиши, тартибсизликлар ва ортиқча шовқинга сабаб бўлишини иддао қилмоқда. Шунингдек, мурожаатномада масжид қурилиши режалаштирилаётган жойда истироҳат боғи бўлиши шартлиги таъкидланган. Масжид қурилишига қарши ҳатто махсус сайт ҳам иш бошлади.

Шу важдан Москванинг Жануби-Шарқий маъмурий округи раҳбари Владимир Зотов Текстилшчики мавзесида ҳеч қандай масжид қурилмаслигини расман эълон қилди. Бу ҳудудда масжид қурилиши режаларидан ҳатто Москванинг мусулмонлар жамоаси ҳам воз кечди.

- Бугунги кунда масжидлар қурилиши масаласи тўлиқ ёпилган, чунки, эълон қилинганидек, ҳар қандай масжид қурилиши масаласи маҳаллий аҳоли билан келишилган ҳолда олиб борилади, - дея билдирди Россия Муфтийлар кенгаши раисдоши Нафиғулла Аширов.

Лекин бу расмий баёнотлар автоюриш иштирокчиларини ишонтиролмаган кўринади. Намойиш фаоли Михаил Бутримов расмийларга ишонмаслигини бундай изоҳлади.

- Қурилишдан воз кечишга кечди-ку, лекин ҳаммалари эмас, муҳими, қоғозда ҳам эмас. Бу каби баёнотлар “Молодёжний” кинотеатрида шу масалага доир бўлиб ўтган йиғилишда префект сиқувга олинганидан кейингина янграй бошлади. У: "Ҳеч қандай қурилиш бўлмайди", деди. Лекин қурилиш тўхтатилганлиги ҳақида Муфтийлар Кенгашига ҳеч қандай хужжат юборилмаган. Вазият аввалгидек ўзгармасдан қолган, дейди Михаил Бутримов.

Автомобилларнинг бу юриши бошқа ҳайдовчилар томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. Бир ярим соат давом этган бу автонорозилик Таганка майдонида якунига етди.

Текстилшчики мавзесида истиқомат қилаётган Абдусами масжид қурилиши масаласининг кўтарилишини ижобий баҳолади ҳамда Россия пойтахтининг мусулмон ва мусулмон бўлмаганлар ўртасида мулоқотга йўл очишига сабаб бўлишини таъқидлади.

- Бу ҳолатдаги мунозараларнинг бошланиши Москвадаги мусулмонлар жамоасига фойдаси бўлади. Биринчидан, олдинги йиллардаги ҳолат бўлиб, мана шу масала бўйича қарши ёки тарафдор томонларнинг мунозаралари бўлмаганда эди, неча йил давом этиб келаётган мана шу ёмғирларда, қорларда, совуқларда мусулмонларнинг ибодат қилишлари давом этиши мумкин эди. Шунинг учун бундай мунозараларнинг бошланиши ижобий ҳолат, деб ўйлайман. Гарчи Москва аҳолиси, айниқса, Текстилшчики атрофида турувчи одамлар норози бўлаётган бўлсалар-да, бу масаланинг Москва миқёсида баҳсга сабаб бўлиши албатта мусулмонларинг ютуғи, деб ҳисоблайман. Бу маҳаллий аҳоли билан мулоқотга йўл очади ва иккинчидан, бизнинг қандай нуқтаи-назарларимиз борлиги, қандай одам эканлигимизни уларга англатиб, яхши томонларимизни уларга баён этишимизга кўмаклашади, деб ўйлайман. Ҳозирги мунозараларнинг бошланиши яхши натижага, пироварида масжид қурилишига руҳсат берилишига олиб келишига шак-шубҳасиз ишонаман, дейди Текстилшчики мавзесида истиқомат қилувчи Абдусами.
XS
SM
MD
LG