Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:41

Моди қишлоғидаги ўзбеклар уйи ҳужумга учради


Июндаги қирғин чоғида вайрон этилган уйларини эндигина тиклаëтган модилик ўзбеклар яна танг ҳолга тушган.
Июндаги қирғин чоғида вайрон этилган уйларини эндигина тиклаëтган модилик ўзбеклар яна танг ҳолга тушган.

Ўш яқинидаги Моди қишлоғида яшайдиган ўзбеклар уйларини 28 ноябр куни қирғиз миллатига мансуб кишилар тошбўрон қилди. Ҳужумга учраганлар бу воқеани Ўш ва Ўш атрофида яшаб келаëтган ўзбекларга қарши навбатдаги ҳужум сифатида баҳолади.

Модида юз берган воқеа тўғрисидаги хабар Озодликка 28 ноябр куни кечқурун етиб келган ва биз Моди билан, ҳужумга учраган бир оила билан боғланган эдик.

Модилик аёл “Шу тобда болаларимни ҳимоя қилайми, саволингизга жавоб берайми”, деб аччиқ билан телефонини ўчириб қўйган эди.

29 ноябр куни эрталаб модилик аёлга яна телефон қилдик.

Озодлик: Нима бўлди кечқурунги тўполон? Мен радиодан телефон қилаëтган эдим.

- Бизга ўзимиз зўрға тирик. Бизга радио-падиони нима қиласизлар? Бизга биринчи ëрдам жўнатсанглар бўлмайдими? Радио-падиони нима кераги бор?

Озодлик: Сиз гапирсангиз кейин ëрдам пайдо бўладими? Индамасангиз, қаердан пайдо бўлади?

- Энди кечқурун тошбўрон қилаяпти, сизлар “радиодан” деб аччиғимга тегаяпсизларда, дейди модилик аëл.

Бу опа гаплашишни истамаганидан кейин уйига ҳужум қилинган бошқа модилик – Раҳимжон билан гаплашдик.

- Модида яшайман. Умрбод ота-бобом шу ерда яшаб келган. Уруш-жанжалдан кейин анча яхши бўлиб қолган эди. Бир ҳафта-уч кундан кейин ўзимизнинг қирғиз тувғонлар кечаси юриб, “сартга ўлим, сартни ўлдирамиз. Сарт кирпичний дом солди. Тунукали уй солди” қилиб бақириб ўтишаверди. Мана охирига келиб кечқурун бомбит қилди тошбўрон қилиб. Учта деразани синдириб, бола-чақалар тош еб, урушиб ҳам олдик. Соат 10.30-11.00лар ўртаси эди. Болалар шу ерда бир ярим соат бушеват қилди, дейди Раҳимжон ака.

Раҳимжон аканинг айтишича, у ёрдам сўраб милицияга мурожаат қилган.

- Участковойга телефон қилдим. У “мен бир ерда ўзимнинг ишларим бўйича юрибман” деди. Кейин участковой телефонни ўчириб олган эди, кейин ОБСЕми ниманингдир телефони тушиб қолиб, ўша ëққа телефон қилдик. Шундан кейин булар Қорасув милицияхонани турғизиб, охири началник милиция соат 15та кам иккида менинг уйимга келди. Ойналар синган, уйда тошлар, бола-чақага теккан. Келиб кўрсатдим. Кириб кўр¸ десам унамади, кетди. Эрта билан келди милициялар. Уларга приказ бўладида тепадан, дейди Раҳимжон ака.

Маълум бўлишича, Модида бўлган воқеа тўғрисида Қирғизистон Ички ишлар вазирлигига халқаро ташкилот хабар берган.

29 ноябр куни эрталаб ИИВ матбуот хизмати журналистларни “Модида юз берган инцидентни миллатлараро можаро, деб ҳисобламасликка” чақирди.

Демак, вазирликка кўра, Модида юз берган воқеа оддий безориликдир.

24 kg сайти хабарига қараганда, Қорасув туман ҳокими ҳам вазирликникидай фикр билдирган.

Модидаги милиция бўлими ўзини таништирмаган вакили ҳам саволларимизга жавоб берар экан, қишлоқда ваҳима қилишга арзирлик воқеа бўлгани йўқ, деди.

Озодлик: Нима бўлди Модида?

- Ҳеч нарса бўғон жўқ. Битта мост (маст демоқчи – таҳр.) келиб, айнакка тош отиб қўйибди всë.

Озодлик: Еттита-саккизта уйга тош отди дейишаяптию.

- Жўқ, жўқ, жўқ.

Озодлик: У ерда ҳар куни “сартларга ўлим” дейишаëтган экану.

- Жўқ, жўқ, жўқ, бекар гап, (шу ерда телефон узилиб қолди)

Маҳаллий милиция вакили билан қисқа мулоқотимиз шу тариқа узилди. Шундан кейин на Раҳимжон ака билан, на милиция вакили билан боғланиб бўлди.

Раҳимжон аканинг айтишича, Модида ўзбеклар азалдан яшаб келган. Қишлоқда 300 га яқин ўзбек оиласи яшайди.

“Сартларга ўлим!” деган таҳдидлар тинмаётгани тўғрисида Раҳимжон ака эрталаб боғланганимизда айтган эди.

- Модилик ўзбеклар умуман соат 6-7дан кейин кўчага чиқиш йўқ. Кўчада через ден “сартларга ўлим, сартлар кетгин” деяптида. Ҳеч иложи йўқ. Бошимиз қотди. Уйни ташлаб кетсак, қаерга борамиз? Бугун ҳамма модилик тўпланиб, бошқа мамлакатга кетмоқчимиз, дейди Раҳимжон ака.

Июн погромлари давомида суҳбатдошимизнинг уйи ҳам таланган эди.

- Июнда мен йўқ эдим. Ленинградда эдим. Ўша ерда ишлардим. Ойнани синдириб, ҳеч уйимда кўрпа-тўшак, ҳеч нарса қолган эмас. Уй бўм-бўш. Келсанглар кўрасизлар. Тўртта эски кўрпам қолган. Шароит оғир. Мурожаат қилдик, милицияга бордик. “200-300 минг ушерб қилган” деб приказ чиқариб берди. Ҳеч қанақа помош ҳам йўқ, ҳеч нарса йўқ. Мана ўтирибмиз бошимиз қотиб.

Озодлик: Уйга ўт қўйишмаганми?

- Йўқ. дадамнинг уйига ўт қўйган, меникига ўт қўймасдан полний огробление қилган. Кўчадаги ромларни машинада суғурган. Вес юкимни ташиб чиқиб кетган, деди Ўшдан шарқда, Ўш-Хоруғ йўлининг 12 километрида жойлашган Моди қишлоғида яшайдиган Раҳимжон ака.
XS
SM
MD
LG