Линклар

"Ëлғоннинг тахтдаги минг йиллик умри¸ ҳақиқат айтилган бир дамча йўқдир!"

  • Абдулла Искандар

Парфëнов 7 дақиқалик ҳақиқат тантанасини ирод қилмоқда.

Парфëнов 7 дақиқалик ҳақиқат тантанасини ирод қилмоқда.

Омон Матжоннинг бу мисраси¸ бугун постсовет ҳудудлари¸ айниқса Ўзбекистонда анқонинг уруғига айланиб бораëтган ҳақиқатни айтгувчиларнинг жамият олдидаги хизматини таърифлашга ҳожат қолдирмайди. Айни пайтда¸ Ўзбекистон каби жамиятларда ҳақиқатнинг бир дамлик умри учун минг йилга қадар кутиш таҳдиди ҳам йўқ эмас бу сатрларда...

Шоир Евгений Евтушенконинг "Ҳақиқат учун уч дақиқа" деган шеъри қаҳрамони Мансана исмли ўсмир, "ватаним Куба ҳақиқатни билсин" дея дўстлари билан биргаликда радиостанцияни ишғол қилади.

Мансана студиядаги тўтинома малласоч аëл қўлидан микрофонни тортиб олиб гапира бошлайди.

Жасорат ва умиднинг овози каби янграган ҳақиқатнинг садосига мустабид режим қўриқчиси тўппончасидан узилган ўқ нуқта қўйди.

Мансана фақат уч дақиқа гапира олди холос. "Ҳақиқат учун уч дақиқа" шеъри ëзилган 1962 йили икки тиззасини қучоқлаб, осмонга қараб хаëл сураëтган икки яшар бола бўлган рус журналисти Парфëновнинг куни кеча Москвада ирод қилган нутқи ҳам Мансана жасоратига тенглаштирилди.

Фарқ шуки¸ Парфëнов учун ҳақиқатни айтиш имкони 7 дақиқа бўлди, боз устига унга қарата ҳеч ким ўқ отмади. (Ҳозирча ўқ отмади. У сазовор бўлган мукофотга номи қўйилган журналист ўқдан нобуд бўлган эди)

Таниқли рус журналисти Леонид Парфëнов Москвада Влад Листев мукофотини олаëтиб Россия телевидениесининг, хусусан Кремл маддоҳига айланган рус журналистикасининг ҳозирги мутеъ аҳволи ҳақида қаттиқ танқидий фикрларни изҳор қилди.

- Путин ва Медведев фақат чиройли қилиб кўрсатилади, улар ҳақида танқидий, ошкора ва ҳазил кесатиқ тариқасида гапириш мумкин эмас. Биз телевидениеда қилаëтганимиз нарса "Янгилик" эмас "Эскилик" дир¸ деди Леонид Парфëнов ўзига ажратилган 7 дақиқа давомида.

Рус оммавий ахборот воситалари Парфëновнинг бу жасоратли нутқини ўз овози билан зулм салтанатини титратган академик Андрей Сахаров нутқи билан қиëслашмоқда.

Таниқли журналист Саввик Шустер назарида бу муболаға эмас.

- Андрей Сахаровнинг нутқи ўз самимийлиги, куюнчаклиги ва жасорати билан жамиятни титратган эди. Биз Парфëнов нутқида ҳам айни самимият ва айни куюнчакликни кўрамиз. Ҳар иккала нутқ ҳам жамиятдаги қўрқоқлик ва мутеликка қарши қаратилгандир¸ дейди Саввик Шустер.

Маъракага келган ўз дардини айтиб йиғлайди

Влад Листев номидаги мукофотни олган Леонид Парфëнов ТВда ўз ижодини бошлаган кезда Ўзбекистон ҳам совет иттифоқининг ягона ТВ маконида эди.

Марказий телевидениедаги "Взгляд" кўрсатуви билан беллашадиган "Тўртинчи студия" кўрсатуви ўша пайтда ўзбек ойнаи жаҳонини эркин сўз минбарига айлантира олди.

Аммо сал ўтмай "Тўртинчи студия", "Ҳаëт қувончлари ва ташвишлари", "Ки сен ҳам ҳур туғилғонсан.." кўрсатувларидаги жасорат руҳи мутеъликка дўнди.

Ўзбекистон телевидениеси бир кишини мадҳ қиладиган мақтов машинасига айлантирилди.

Парфëнов телевидение бемалол президентни танқид қила олсин¸ деган гапни 25 ноябр куни айтди. Бундан атиги бир ҳафта олдин айни гапни Ўзбекистон президенти ҳам Олий Мажлиснинг қўшма мажлисида айтди.

Каримов нутқидан кейин Ўзбекистондаги кекса бир журналистга телефон қилиб муносабат сўрадим. "Қўйинг ука¸ тинч юрайлик, ҳеч нарса ўзгаргани йўқ", деди "ҳурматли журналист".

Яна бир-икки журналист ҳам "Яхши кунлар келгунча" жим туришни маъқул кўришди.

Ўзбекистондаги Ëшлар телеканалининг мухбири Малоҳат Эшонқулова Парфëнов нутқидан сал олдин ўз телеканалидаги цензурага қарши бош кўтарган саноқли икки кишининг бири бўлди. (яна бири Саодат Омонова)

Агар сизга ҳам ҳақиқатни айтиш учун 7 дақиқа берилса¸ нималарни айтган бўлар эдингиз¸ деб сўраймиз Малоҳат Эшонқуловадан.

- Телевидениедаги, умуман Ëшлар телеканалидаги бугунги аҳвол ниҳоятда ëмонда. Ҳозирги аҳвол мутлақо ëмон. Буни бир ëки икки оғиз гап билан ифодалашнинг иложи йўқ. Масалан¸ журналистларнинг эркинлигига келадиган бўлсак, бу борада нол. Бу ҳақда гапиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Журналистларнинг эркин ижод қилиши ҳақида телевидениеда бугунги кунда гап бўлиши мумкин эмас.

Яна энг ачинарли томони шундаки, Ëшлар телеканали янги йилдан шартномага ўтиш арафасида. Ходимларни оммавий равишда шартномага ўтказиш арафасида. Шу муносабат билан яна Миллий телерадиокомпания раиси Алишер Хўжаев томонидан умумий мажлис чақирилиб, шундай бир фикр ўртага ташландики, мана шу шартномадан кейин журналистлар фақат буюртма асосида ишлашармиш. Телевидение раҳбарияти буюртма берар экан, журналистлар ижрочи сифатида шу буюртмани ижро этар экан холос. Масалан¸ журналист мардикор бозоридан тайëрлашни хоҳлайди. Нима дейди раҳбар унга буюртма бериб? “Бу ҳақда тайëрлаган лавҳангиз керак эмас бизга. Биз буни эфирга беролмаймиз. Сиз соғлиқни сақлаш соҳасидаги муваффақиятлар ҳақида ëзинг” деб буюрадими? Мана шу нарсалар бугунги кунда журналистларни ниҳоятда қийнаб қўйган. Мен ҳамкасбларимга ҳозир ниҳоятда ачинаман.

Озодлик: Мана Парфëнов ўз нуқтида Россия телевидениеси президентни танқид қилмайди деб айтди. Бундан сал олдин Ўзбекистон президенти ҳам мени матбуот танқид қилсин деган эди. Хўш президентни Ўзбекистонда туриб танқид қилаëтган ўзбек журналистини тасаввур қила оласизми?

- Мамлакат раҳбари шунчалик истаëтган бўлиши мумкин. Ҳатто мамлакат раҳбарини танқид қилишга ўзларида журъат топишларини сўраëтган бўлиши мумкин. Лекин шахсан мен бугунги телевидениеда фаолият юритаëтган журналистлар мисолида мамлакат раҳбарини ҳали қўйиб турайлик ҳатто оддий бир ҳокимни ëки бўлмаса Ўзбекистон республикаси номидан ноқонуний ҳукм чиқарган судяни ëки прокурорни танқид қилишга журъати, қурби етмайди.

Озодлик: Нима учун шунақа?

- Масалан¸ телевидение миқëсида оладиган бўлсак, ниҳоятда қаттиқ режим ўрнатилган бу борада. Буни тушунтириш ниҳоятда қийин. Жуда катта режа ишлаб чиқилган. Танқидни қўя турайлик, ҳатто тахминий мулоҳазани, фикрни ўртага ташлайдиган, мана шу муаммоларни бартараф этиш учун мулоҳазаларни ўртага ташлайдиган кўрсатувлар қилиш ҳам тақиқланган.

Мана биргина мисол. Миллий телерадиокомпанияда, хусусан Ëшлар телеканалида кўз кўриб қулоқ эшитмайдиган шунчалик ноҳақликлар бўладики, ўша ерда фаолият кўрсатаëтган 20-30 йиллик журналистлар ўша ноҳақликка қарши бир сўз айтиш учун ўзида журъат топмайди. Шундай экан¸ қандай қилиб у журналист атрофидаги ноҳақликлар ҳақида ëки мамлакатдаги, жамиятдаги камчиликлар ҳақида бонг уришга қурби етсин. Бизнинг журналистларимиз эркин гапни айта олишга тайëр эмас. Нима учун? Раҳбарлар томонидан чеклаб қўйилгани учун деб ўйлайман мен¸ дейди ўзбек телевидениеси аҳволи ҳақидаги ҳақиқатга оғиз жуфтлаган журналист Малоҳат Эшонқулова.

Эркин сўз учун мукофот

Кубалик ўсмир Мансана уч дақиқа давомида ҳақиқатни айтгани учун пешанасидан ўқ еди.

Москвалик журналист Леонид Парфëнов 7 дақиқа давомида ичида бор гапни тўкиб солди ва пировардида мукофотга нойил бўлди.

Икки тиззасини қучоқлаб осмонга қараб хаëл сураëтган болакай шаклидаги мукофот журналистик жасоратга берилган мукофот эди.

Хўш¸ Ўзбекистондаги журналистика ҳақида очиқ равшан гапирганларни қандай мукофот кутмоқда?

Бу савол жавобини 6 декабр куни биламиз.

Ўзбекистонлик икки тележурналист Саодат Омонова ва Малоҳат Эшонқулова 6 декабр куни Ўзбек ТВсидаги аҳволга норозилик билдириб Мустақиллик майдонидаги Эзгулик аркига боришади.

Сўнг сўз

Евтушенконинг 1962 йили ëзган шеъри мана бундай якунланади.

"Мен ëшларга мурожаат қиламан. Агар мамлакатингда ëлғон ҳукм сурса, газеталар чарчамасдан ëлғонни ëзса¸ сен Мансанадан ўрнак ол. Башанг эмас¸ фаол яша. Ҳеч бўлмаса ҳақиқатни уч дақиқа айт."

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG