Линклар

logo-print

Олтойда ўзбек муҳожирлари автобуси ҳалокатга учради


Автобус ҳалокатига қалин қор туфайли йўлларнинг музлагани сабаб бўлган.

Автобус ҳалокатига қалин қор туфайли йўлларнинг музлагани сабаб бўлган.

Россияда қиш бошланиб¸ аксарияти ишсиз қолган 39 ўзбекистонлик мардикорни Тошкентга олиб кетаëтган йўловчи автобуснинг ҳалокатга учраши оқибатида тўрт йўловчининг жароҳат олгани айтилмоқда. Олтой расмийларининг билдиришича¸ ўзбекистонлик йўловчилар бошқа автобусда Қозоғистон ҳудудига етказилган.

29 ноябр куни эрталаб Олтой ўлкасининг Благовешченск туманида Ўзбекистон фуқаролари ўтиргган автобус аварияга учраган. Новосибирскдан Тошкентга кетаётган автобус ҳайдовчиси йўл музлагани боис бошкарувни йўқотган, деди Олтой ўлкасининг йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати вакили.

- Йўл автоҳалокати натижасида бир аёл, уч эркак жароҳат олган. Автобуснинг шишалари синиб кетган. Жароҳатланганлар касалхонага ётишдан бош тортишди, деди Олтой ўлкаси йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати вакили.

Ўзбекистонлик муҳожирлар Россияга кетаётганида, ёки қайтаётганида рўй берадиган автоҳалокатлар сони¸ расмий статистикага кўра¸сўнгги йилларда анча камайган.

Зотан 10 йил илгари Россиянинг турли шаҳарларига Ўзбекистон шаҳару қишлоқларидан ҳар ҳафта қатнайдиган автобуслар сони бугунга келиб сезиларли равишда камайган.

Қашқадарёлик Ибодулла ака¸ авиачипта бир неча бор қиммат бўлса-да, Россияга самолëтда келган.

- Техника бузилади. Масалан, “уч кунда олиб борамиз деб” саккиз кунда олиб келган, оёқлари шишиб кетиб, қийналган.Автобусда юргандан кейин ҳар ҳолат бўлиши мумкин, деди қашқадарёлик Ибодулла ака.

Унинг фикрича, бугунги кунда автобусда кетаётган ўзбекистонлик муҳожирларнинг аксарияти паспортини йўқотган, ёки Россияда ишлаб, пулини ололмаган муҳожирлардир.

Асли андижонлик, айни пайтда Санкт-Петербургда ишлаётган Ёқубжон ака беш йилдан буён Россияга қатнайди. Бу суҳбатдошимиз ҳам арзон автобусдан кўра, қиммат самолёт чиптасини афзал кўришини айтади.

- Беш кун юрадиган бўлсам автобусда, самолëт билетини пули чиқиб кетади. Иккинчидан, вақт тежайман. Самолëтга ёки поездга пул топа олмай қолади, шунинг учун автобусда кетади. Кетаяпти, ҳозир ҳамма кетаётгани учун ҳам самолëтга билетлар ҳам йўқ, кам билет, дейди Санкт-Петербургда ишлаётган андижонлик Ёқубжон ака.

Хабарларга кўра¸ 29 ноябр куни Олтой ўлкасида йўл музлаши оқибатида аварияга учраган автобус йўловчилари Қозоғистон чегарасигача бошқа автобусларда этиб қўйилган.Уларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳозирча бошқа маълумот йўқ.

Озодлик муштарийлари орасида¸ бу ҳалокатдан омон қолганлар ëки улар яқинлари бўлса¸ тафсилотларни лавҳа остига шарҳ қолдириш орқали жамоатчиликка билдиришлари мумкин.
XS
SM
MD
LG