Линклар

Июн қирғини менинг тақдиримда

  • Сарвар Усмон

Дилором Раҳимова Ўш қирғини тақдирини остин устун қилган минглаб ўзбек аëлларидан бири.

Дилором Раҳимова Ўш қирғини тақдирини остин устун қилган минглаб ўзбек аëлларидан бири.

Бу - Озодлик радиосининг янги рукни. Бу рукн остида шу йил июн ойида Ўш ва Жалолободда юз берган фожиа қурбонлари ҳикояларини эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз. Июн қирғинидан кейин ўн минглаб ўшлик ва жалолободликлар ҳаётлари ва саломатликлари учун таҳдид мавжудлиги туфайли ватанни тарк этишга мажбур бўлди.


Қочқинга айланган қирғизистонлик ўзбекларнинг жуда катта қисми шу кунда Россияда.

Норасмий маълумотларга қараганда, юздан зиёд ўзбек оиласи Туркияга ҳам қочиб борган.

"Июн қирғини менинг тақдиримда" рукнининг дастлабки қаҳрамони ўша оилалардан бири вакилидир.

Янги рукнни уч фарзанди ва турмуш ўртоғи билан Туркияда жон сақлаётган ўшлик тадбиркор аёл Дилором Раҳимова ҳикояси бошлаб беради.

Эскишаҳарликка айланган ўшлик


- Ҳозир мен Туркиянинг Эскишаҳар деган шаҳридаман. Биз бу ерга июн воқеаларидан кейин келишга мажбур бўлдик.

Биринчи ўқ овози 10 июн куни кечқурун 11 ларда эшитилди

- 10 июн куни биз шаҳар Зайнобиддинова кўчасида шаҳар марказида шу воқеалар бошланишини кўрдик. Соат 11да гостиница Олой тарафдан отишмалар эшитилди. Биз бешинчи этажда турамиз. Пастга тушдик. “Нима бўлди экан” деб тушсак, олдимизда кафелар бор, шаҳарни бир чеккадан бостириб келишни бошлаганда. Ким деймиз бандитлар деймизми, қирғизларми. Ота-онамиз адирда туради. Адир тарафга кетмоқчи бўлдик.

Йўлни қирғиз йигитлар тўсди

- Қирғиз йигитлар, ҳозиргача кўзимизнинг олдида қолган, уларни любой маҳал бориб тасвирлаб бера оламиз, оқ кепкалари бор, оқ футболка, қўлида бейзбол таëғи, баъзи бирлариникида автомат ҳам бор экан. Tўхтамоқчи бўлдик. Ëнимиздаги битта Тико машинада таксистлар экан. Уларнинг ичида бир аëлни ерга тушириб тепиб кетишди. Шундан кейин биз яна ҳам тезликни ошириб қочдик. Яхши қўрқишиб¸ қўлини қўйиб юборишди. Кейин орқамиздан уже отишни бошлашди. Ëшлар кўчасига қочиб кириб кетиб қолдик. Ëшлар кўчаси орқали, Қизил аскар кўчасида қариндошимиз яшайди, уларникига кирдик. Эрталабгача отишма ҳеч ҳам тўхтамади. Шундан кейин "Қизил аскар кўчасига ҳам бостириб келишаяпти экан ҳамма ëқни ëқиб, бузиб" дегандан кейин биз Дўстлик тарафга қочдик.

Босқинчи қирғиз йигитлардан қирғиз аёл сақлаб қолди

- Беш кундан кейин бизни бир қирғиз танишимиз машинаси билан Қувасойга олиб келди. Қувасой орқали ўтиб кетдик Ўзбекистонга. Унда йўл ҳам сал очиқ эди. Ўтса бўларди. У аëл бизнинг ишхонамизда ишлаган. У аëл қирғиз бўлгани билан ўзбек маҳаллада катта бўлган. Ўзбекча гапиради. Бир неча йилдан бери биз билан бирга ишлаган. Шунга ўз ëрдамини тавсия қилди. Шунақа қилиб чегарагача ўғлининг машинасида олиб бориб қўйди. Ўзбекнинг машинасида чегарагача бора олмас эдик. У ердан кейин Тошкентга қараб кетдик. Ундан кейин Туркияга билетлар олиб, учиб чиқиб кетдик.

Оила "Бошпана изловчи"га айланди

- Биз бу ерда БМТга мурожаат қилдик. Ҳозир энди интервюни кутиб ўтирибмиз. 14 январда бўлади. Биринчи регистрационний интервюсидан ўтдик. Ҳозир қўлимизда “бошпана изловчи” деган ҳужжат бор.

Болалар Туркия мактабида ўқияпти

- Учта фарзандим бор. 11 ëш, 8 ëш, кичиги 3 ëш. Улар ҳозир мактабга бораяпти. Туркияда мактаблар бепул. Давлат мактабларига бориб ўқиб юришибди. Мактабга қабул қилиниш қийин бўлмади. Бу ерда чет элликларни регистрация қиладиган службалари бор. Бориб рўйхатга турганимиздан кейин улар ўзлари направление беришдида. Жойлашиб ўқиб юришибди. Бошида озгина қийналди, лекин ҳозир қийналишмайди. Бошида луғатлар билан ўрганиб, ҳозир яхши ўрганиб кетишди.

Ўшлик қочқинлар оиласига Туркия ҳукумати ҳам ёрдам бериб турибди

- Тирикчилигимиз энди ҳукумат тарафидан ҳам ëрдамлар бўлаяпти. Бу ерда рухсатнома олиб ишлаш керак. Ҳозирча рухсатнома олганимиз йўқ, дейди Дилором Раҳимова.

Уч фарзанди ва турмуш ўртоғи билан Туркияда жон сақлаётган ўшлик тадбиркор аёл Дилором Раҳимова Қирғизистонда тинчлик қарор топмагунича Ўшга қайтмоқчи эмас.

Унинг айтишича, Ўшга қайтиб борса, июнда қирғинни амалга оширган ва ҳанузгача жазосиз қолаётганлар унинг Ўшда қолган кўчмас мулкини тортиб олиш мақсадида ўзи, турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳаёти ва саломатлигига тажовуз қилишдан тоймайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG