Линклар

Бугун Остонада 68 давлат етакчилари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг сўнгги ўн йилдаги илк саммитида иштирок этади.

Қозоғистоннинг ташкилотга раислик даврига тўғри келган икки кунлик саммит хавфсизлик масаласи билан шуғулланадиган жаҳондаги энг йирик ташкилот ролини оширишга қаратилган.

Йиғинда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва БМТ Бош котиби Бан Ки Мун ҳам иштирок этади.

ЕХҲТ бош котиби Марк Перен де Брихамбаут Остона саммитини ташкилот келажаги учун “муҳим масалалар муҳокама этиладиган тадбир”, дея атади.

ЕХҲТнинг жорий раиси Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Қанат Саудбаев жумладан бундай деди:

- Энг муҳими тадбирда шахсан қатнашаётган ҳукумат етакчилари ташкилотимиз, унинг тамойиллари ва келажагига ўз ҳурматини намойиш қилишидир. ЕХҲТнинг охирги саммити бундан 11 йил аввал ўтказилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ташкилотнинг обрўйи ва унга бўлган ҳурматни ошириш устида ишлашимиз зарурлиги кундек равшандир ва биз унга нисбатан ҳурматимизни намойиш қилишимиз шарт.

Саудбаев Остона саммити долзарб муаммолар, хусусан террорчилик таҳдиди ва наркотиклар савдоси, Қирғизистонда яқинда рўй берган этник зўравонликлар ва Афғонистонда давом этаётган уруш каби масалаларни муҳокама қилишга имкон беради, дея таъкидлади.
XS
SM
MD
LG