Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:46

ЕХҲТ комиссари айрим қирғиз сиёсатчилари баёнотидан ташвишда


ЕХҲТнинг миллий озчиликлар ишлари бўйича олий комиссари Кнут Воллебек Қирғизистондаги миллатчилик тўлқини собиқ президент Қурмонбек Бакиев маъмурияти сиёсатининг муқаррар натижаси бўлганини айтади.
ЕХҲТнинг миллий озчиликлар ишлари бўйича олий комиссари Кнут Воллебек Қирғизистондаги миллатчилик тўлқини собиқ президент Қурмонбек Бакиев маъмурияти сиёсатининг муқаррар натижаси бўлганини айтади.

ЕХҲТнинг Миллий озчиликлар масалалари бўйича олий комиссари Кнут Воллебек 30 ноябр куни Остонада бўлиб ўтган матбуот анжуманида Қирғизистондаги айрим сиёсатчилар чиқишларидаги “миллатчилик оҳанглари” хавотир уйғотаётганини билдирди.

1-2 декабр кунлари Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтажак саммит доирасида Остонага келган Воллебек жаноблари ҳозирда Қирғизистондаги кўплаб сиёсатчилар орасида ва оммавий ахборот воситаларида миллатчилик оҳанглари янграётганини, бу эса миллий ўз-ўзини англаш жараёнини мувофиқлаштиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни йўққа чиқариши мумкинлигини айтди.

Яқинда Қирғизистон жанубида бўлган ЕХҲТ комиссари у ерда яшаётган ўзбекларнинг кўпчилиги вазиятни “ўта мураккаб” дея қабул қилаётгани, “ҳукуматнинг бу масалаларни ҳал қилиши ўта муҳим” эканини қайд этди.

Шу йил 15 ноябрида президент Роза Ўтунбаева билан ҳам учрашган Кнут Воллебек Қирғизистон давлати раҳбари “яхши ният эгаси” экани ва унинг “масалага ечим топишни истаётгани”ни айтаркан, айни пайтда вазиятнинг ўнгланиши фақат президентга боғлиқ эмаслигини, бунинг учун жойлардаги муҳитни яхшилаш лозимлигини таъкидлади.

- Биз Қирғизистон президентига миллатлараро муносабатни мустаҳкамлаш концепцияси ишлаб чиқишда кўмаклашаяпмиз ва биз бу жараённи Қирғизистонда яшаётган барча этник гуруҳлар манфаати ва фаровонлиги томон йўналтиришга эриша оламиз, дея умид қиламиз, деди ЕХҲТ комиссари Кнут Воллебек.

Комиссар фикрича, Қирғизистонда иқтидорга келган коалицион ҳукумат миллий озчиликларни яраштириш ва мамлакатда барқарор тинчликни таъминлаш муаммосига дуч келади.

30 ноябр куни Қирғизистон парламентига кирган уч партия - Социал-демократлар, Республика ва Ата Мекен партиялари коалицион ҳукумат тузишга келишиб олди. Коалицияга парламент сайловларида миллатчилик шиорлари билан чиққан Ата-Журт партияси кирмади. Келишувга мувофиқ, Социал-демократлар етакчиси Алмазбек Атамбаев Бош вазир лавозимига, Республика партияси раиси Ўмирбек Бабанов бош вазир ўринбосари, Ата Мекен раҳбари Ўмурбек Текебаев эса парламент спикери лавозимига номзод ўлароқ кўрилмоқда.

Қирғизистондаги этник зўравонликлар билан боғлиқ вазиятнинг бугун Остонада бошланган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг саммитида ҳам асосий масалалардан бири бўлиши айтилмоқда

Мазкур саммитда, шунингдек, Афғонистонда давом этаётган уруш, террорчилик таҳдиди ва наркотиклар ноқонуний савдоси каби масалалар ҳам кўриб чиқилади.
XS
SM
MD
LG