Линклар

Марказий Осиёда афғон героинининг 7 тоннаси қолмоқда


Марказий Осиёдаги тартиб посбонлари минтақага келаётган героиннинг фақат 5 фоизинигина мусодара қилишга муваффақ бўлаяптилар, холос.

Марказий Осиёдаги тартиб посбонлари минтақага келаётган героиннинг фақат 5 фоизинигина мусодара қилишга муваффақ бўлаяптилар, холос.

Афғонистон жаҳон қора бозорига ҳар йили 95 тонна героин етказиб беради. Таҳлилчилар бу героиннинг 7 тоннаси Марказий Осиёда қолишию унинг атиги 5 фоизи ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мусодара қилинишини айтадилар.

Озодлик радиоси бунинг сабабларини ўрганиш учун идораси Олмаотада жойлашган Марказий Осиё банг моддалари ноқонуний айланмасига қарши кураш ахборот маркази ходими Аманжўл Уразбаевга мурожаат қилди.

- Ҳар қандай давлатда ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлар ўртасида келишмовчилик бор. Шу боисдан Марказий Осиё минтақасидаги ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматларни бирлаштириш мақсадида наркотик моддаларининг ноқонуний айланмасига қарши кураш ахборот координация маркази тузилган. Мазкур марказ шу йилнинг март ойидан ишга киришган. Марказ ишга туширилганидан бери 250 килограммдан ортиқ героин ва 115 килограмм опий қўлга туширилган, - деди гапни мазкур марказ нима мақсадда ташкил этилганидан бошлаган Аманжўл Уразбаев.

Унга кўра, бугун Марказий Осиёнинг айнан қайси давлатида Афғонистондан келаётган наркотик моддалар кўпроқ тарқатилаётганлиги ҳақида гапириш бироз мушкул.

- Марказий Осиё орқали “шимолий маршрут” дея аталадиган йўл орқали Афғонистондан наркотик моддалар жаҳон бозорига олиб кирилади. Афғонистон билан энг узун чегарага эга давлат Тожикистондир. Аммо Ўзбекистон ва Туркманистон орқали олиб кириладиган бошқа йўллар ҳам бор. Демак, мана шу йўллар билан кираётган пайтда наркотик моддалар Марказий Осиёда ҳам сотилади. Афсуски, Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегаралар наркотик транзитини тўхтатиб қолишга ожизлик қиляпти. Расмий чегара пунктларидан ташқари, ноқонуний йўллар билан наркотикни олиб ўтиш усуллари анчагина. Шу боисдан қайси Марказий Осиё давлатида наркотик моддалар кўпроқ “ўтириб” қолаётгани ҳақида гапириш мушкул. Биз мана шу йўлларни камайтириш борасида чора-тадбирлар кўришни бошлаяпмиз, деди Аманжол Уразбаев.

Суҳбатдошимиз фаолият юритаётган марказ айни пайтда Марказий Осиёдаги наркотик моддалар трафигини кузатувчи ва барча маълумотларни умумлаштирувчи ягона марказдир.

- Биз яқинда ўзбек ва қозоқ миллий ҳавфсизлик хизматининг фаолиятини координация қилдик. Ўзбекистонлик наркодилерлар қўлга олинди. Биз миллатга урғу бермаймиз. Наркотрафик билан шуғулланувчининг миллати бўлмайди. Мана шу қисқа фаолиятимиз давомида 20 дан ортиқ наркотик етказиб бериш каналлари фош этилди. Бу "21 нафар одам қўлга олинди" дегани эмас. Ҳар бир каналда бир қанча шахслар иштирок этган, деди суҳбатдош.

Сўнгги пайтда гиёҳванд моддаларнинг Марказий Осиёга кириб келиши кўпайганлигини, наркотрафикка жалб қилинаётган фуқаролар сони ошиб бораётганини Аманжол Уразбаев минтақа мамлакатларидаги иқтисодий танглик билан боғлади:

- Фуқаролар наркодилер бўлиш ниятида ёки бошқа бир давлатга ёмонлик қилиш учун бу ишни қилмайди. Уларда бошқа илож йўқлиги учун шу ишга қўл уради. Қашшоқлик бўлгани учун, деди Аманжол Уразбаев.

Озодлик маълумотномаси: Марказий Осиё банг моддалари ноқонуний айланмасига қарши кураш ахборот маркази минтақа давлатлари раҳбарлари келишувига асосан 2009 йилда тузилган. Ташкилот расман шу йилнинг март ойидан фаолият бошлаган. Айни пайтда марказ таркибига Марказий Осиёнинг 5 давлати, шунингдек, Россия ва Озарбайжон ҳам киради. Бундан ташқари, яна 11 давлат ташкилотда кузатувчи мақомига эга.
XS
SM
MD
LG