Линклар

Бугуннинг қаҳрамони


Wikileaks асосчиси Ассанж шу кунларда дунëни саросимага солëтган шахсга айланди..

Wikileaks асосчиси Ассанж шу кунларда дунëни саросимага солëтган шахсга айланди..

Ëзувчи Жек Лондоннинг "Уч қалб" асарида сирларни сотувчи образ бор. Қари бир амаки ўз йиққан сирларини сотиб тирикчилик қилади. Қизиғи шуки¸ бу бобой сирларга қўшиб исбот-далилларни ҳам сотади.


Элдан яширилган сир устидан кўрпа суғурилиши ҳар доим ҳам диққатга сазовор.

Кейинги кунларда WikiLeaks нашрида дунë сиëсатчиларнинг сирлари акс этган ҳужжатларни ошкор қилган Жулиан Пол Ассанж шу кунларда ҳамманинг оғзига тушди.

Ҳиллари Клинтондан тортиб Аҳмадийнажодгача махсус матбуот анжумани қилиб Жулиан Ассанж қилғилигини ëзғиришди.

WikiLeaks эълон қилган Оқ уй ëзишмаларида "тўнка "дея тамғаланган Туркия Ташқи ишлар вазиридан Ҳиллари хоним узр ҳам сўрагандай бўлди."Энди хизматчилик¸ бўлиб туради¸ҳафа бўлиш йўға¸" деган маънода.

Андижон қирғинидан кейин АҚШ базасини қувиб чиқарган ўзбек мустабиди кўнглини олиш учун Оқ уйнинг Оқсаройга мулозаматлари ҳам WikiLeaks нашридаги қанор-қанор ҳужжатлар ичида бор эди.

Башаранг қийшиқ бўлса...

Аслида WikiLeaks энди иш бошлаган кезларда Марказий Oсиë¸ Хитой ва Россиядаги мустабидларни фош қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.

Жулиан Ассанж ўз маслакдоши хитойлик диссидент Ван Дан билан биргаликда янги "илмий ҳужжатли журналистика"ни яратганини иддао қилиб¸ уни ўта эҳтиëткор ва кўп ҳолларда корпоратив манфаатлар карнайига айланган замонавий журналистиканинг муқобили ўлароқ тақдим қилди.

Синмас кўза ëки чўкмас кема

Хўш¸ нега АҚШ ва бошқа давлатлар Жулиан Ассанжнинг WikiLeaks дан ëғилаëтган "сирлар ëмғирини" тўхтата олмади.

Ҳатто Пентагоннинг WikiLeaksни синдиришга уриниши бесамар бўлди. Худди чаëн тошбақанинг косасига ниш тиқа олмагани каби.

Нега дунë WikiLeaks олдида ожиз қолди?

Бунинг икки сабаби бор.

Биринчидан математик олим¸ компютер тармоғи бўйича мутахассис Жулиан Ассанж WikiLeaks да бир бора эълон қилинган ҳужжатларни тармоқдан сира ўчмайдиган қила олди. WikiLeaksга ахборотлар интернет ичак-чавоғида жойлашган минглаб яширин қувурлар орқали ўтиб боради. Бу математик жумбоқ сирини Санкт-Петербургдаги математик олим Перелмандан бошқанинг еча олмаслиги айтилади.

Пентагон ҳам¸ Оқ уй ҳам Перелманни ишга ëллай олишмагани бугунги кун ҳақиқати.

Иккинчи сабаб:

WikiLeaks нашри ўзига провайдр қилиб Швециядаги PRQ.se ширкатини танлади. Бу ширкат суд қарори бўлса ҳам¸ нашрни ëпмаслик мажбуриятини олган.

Хуллас Жулиан Ассанж ўтда куймас¸ сувда чўкмас қаҳрамонни эслатмоқда.

У қилган иш 11 сентябрдаги эгиз бинолар порлашига тенглаштирилди.

Ким ўзи¸ ким ўзи боғдан ўтган ким ўзи?


Ассанж ҳаëти ҳақидаги билгилар ўта ғариб. Билганимиз шуки, Ассанж 1971 йили Австралияда туғилган. Ота боболаридан бирисининг Хитой экани айтилади. Ассанж бир ëшида экани пайтида онаси қайта эр қилади. Сайëр циркда ишлаган ўгай отага эргашган она бола бутун қитъани айланиб чиқади.

Ассанжнинг онаси боласини мактабга бермай, уйда ўқитади. (Она мактабни кичикни каттага таъзим қилишга ўргатадиган мустабид тизим инкубатори деб билади.) Ассанж физика ва математиканинг етук билимдонларидан пуллик дарслар олади.

Ҳали компютер дегани анқонинг уруғи бўлган кезда, Ассанжнинг онаси ўғлига компютер олиб берaди. Она бу xаражатни қоплаш учун бир йил арзон ижара уйда яшайди.

Бировлар Ассанжнинг улғайиши ва интернетнинг ривожи билан уйғун бўлди¸ дейишса¸ яна бировлар Ассанж доимо интернетдан бир қадам олдин юради¸ дейишади.

Ассанжнинг дунë тармоғининг авра-астарини дақиқа ичида текшира оладиган уста хакер (интернет қароқчиси десакмикан) экани эътироф қилинади.

Ҳар ҳолда Ассанж бу иддаони рад қилса ҳам¸ унинг бундан 20 йил олдин хакерлик маҳорати ҳақида китоб ëзганини унутмайлик.

Нима яхшию нима ëмон?

Жулиан Ассанж қилган иш¸ яъни ҳукумат мулозимлари тарафидан махфий деб аталган ҳужжатларни ошкор қилиниши яxшими?

Яқин ўтмишда СССРдан Хитой¸ Шимолий Корея¸ Эрон¸ Ироқ ва бошқа мустабид давлатлардан қочган диссидентлар ўз давлатларидаги махфий ҳужжатларни ошкор қилишганида Ғарб дунëси уларни фақат олқишлар эди-

2008 йилда Ассанж Кения президентини фош қилувчи ҳужжатларни эълон қилганида олқиш ва мукофотга сазовор бўлди. Бу иши учун Ассанж Amnesty Internationalнинг йиллик мукофотига сазовор бўлди.

2010 йили Guardian газетаси Ассанжни дунë матбуотидаги 100 нафар энг таъсирли шаХслар рўйхатига қўшди.

Аммо Ассанж АҚШ ҳукумати ëзишмаларини эълон қилар экан таънаю¸ дашномлар ëмғирига дучор бўлди. Айни иш ортидан у жиноятчи сифатида халқаро қидирувга ҳам берилди.

Тарозининг бир тарафига ҳукумат ëзишмаларининг сири¸ респондентлар хавфсизлигини қўйсак.

Иккинчи тарафга эса¸ АҚШ ҳарбийлари тарафидан билмасдан ўлдирилган журналистлар¸ у ëки бу давлат мулозимларига кинояли ва паст назар.

Бунинг ëнига иккиюзлама сиëсатнинг фош бўлиши.

Тарозининг қайси палласи оғир бўлганидан қатъий назар¸ одамлар ўзларини бошқараëтган ҳукуматлар нима ўйда эканлигини билишга ҳақли эканини унутмайлик.

Бу ҳукумат мустабидми ë демократия байроқдорими¸ барибир уларнинг фаолияти шаффоф бўлгани хайрли.

Фош қилиш лаззати


Булгаковнинг "Уста ва Маргарита" асари қаҳрамонининг асосий юмуши "Фош қилиш" эди.

Бу юмуш Ассанжга ундан мерос қолганми¸ деб ўйлайди одам.

Шу кунларда Лондонда қолаëтган Ассанж Форбс журналига берган интервюсида яқинда дунëдаги молия тизимлари¸ хусусан банкларнинг одамларни лаққилаëтганига оид минглаб ҳужжатларни эълон қилажагини ваъда берди.

"Асаби ва юраги чатоқ бўлганлар цирк залини тарк қилиши мумкин."

Ассанж бу гапни ўзи ҳамроҳ бўлган сайëр цирк бозингаридан минглаб марта эшитган.

"Одам дунëга бир марта келади ва бу дунëда тилни тиймасдан ҳам яшаш мумкинлигига умид қиламан¸ ўзгаришларга хамиртуруш бўлиш ва суъистемолликларни фош қилишнинг лаззати бошқача" дейди шу кунларнинг қаҳрамонига айланган 39яшар Жулиан Ассанж.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG