Линклар

Миллий айирмачи киму шовинисти нимаси?


Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров “миллатчи шовинист” деганда қирғизистонлик ўзбеклар лидерларини тушинишини айтади.

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров “миллатчи шовинист” деганда қирғизистонлик ўзбеклар лидерларини тушинишини айтади.

29 ноябр куни Ўшдаги Мажримтол маҳалласида масжид имоми Фарҳод Нурматов хонадонида ўтказилган тозалаш амалиёти, Бишкекдаги спорт саройи олдида 30 ноябр куни содир этилган портлаш ортидан қирғиз расмийлари “миллий айирмачи” ва “миллатчи шовинистик” деган янги ибораларни қўллай бошладилар.

Бу атамалар муаллифларига кўра, “миллий айирмачи” ва “миллатчи шовинистлар” Ўш ва Бишкекда 33 та портлашни содир этишни режалаштирганлар.

Мазкур терминлар “миллатчи” ва “миллий” деган сўзлар билан қўшиб ишлатилиши тушунарсиз бўлиб қолмоқда.

“Миллий айирмачи” деган атамани биринчи марта Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Марат Иманқулов 29 ноябр куни ишлатди.

- Мен бу одамларни, бу гуруҳни миллий-айирмачи гуруҳ сифатида талқин қилган бўлар эдим. Уларнинг ҳаммаси Қирғизистон фуқароларидир, деди Марат Иманқулов.

Бу расмий Бишкекдаги портлашни ва Ўшдаги амалиётда террорчи гумонланиб ўлдирилган шахсларни “бир занжирнинг халқалари”, деб атади ва “Бишкекда портлаган модда Ўшда тайёрланган”, деган хулосани билдирди.

Орадан кўп ўтмай, ахборот агентликлари президент маслаҳатчиси Виктор Черноморецга таянган ҳолда яна бошқа маълумотни тарқатди. Ўшда 29 ноябр кунги амалиётда террорчи сифатида гумонланиб ўлдирилган 4 кишининг 2 нафари чечен ва бир нафари ўзбек. Улар Қирғизистон фуқароси эмас.

1 декабр куни эса бу воқеанинг мантиқий ривожига Қирғизистон Бош вазири ўринбосари Азимбек Бекназаров нуқта қўйди. У Бишкекдаги портлашни уюштиришда гумонланган 10 одам қўлга олинганини айтди. Шу билан бир қаторда, Азимбек Бекназаров янги атаманинг муаллифига айланди:

- Мен очиқ айтаман. Бу ишларнинг барчаси миллатчи -шовинистик гуруҳлар томонидан амалга оширилмоқда, деди Азимбек Бекназаров.

“Миллий айирмачи” деганда Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши Котиби Марат Иманқулов нимани назарда тутдию, “миллатчи шовинист” деганда Азимбек Бекназаров кимларга ишора қилди?

Бу саволнинг жавобини бу янги атамларнинг муаалифларидан сўрашга қарор қилдик.

Марат Иманқулов саовлимизга биринчи бўлиб жавоб беради:

- Буни қандай тушуниш мумкин? Албатта, улар миллатчилик ва айирмачилик ғояларини ўзида мужассам қилган одамлардир, деди Марат Иманқулов.

Шу ўринда суҳбатдошимизга иккинчи саволни бердик:

- Марат Мукарович, 30 ноябр куни сиз бу гуруҳ қирғизлар, руслар ва ўзбеклардан иборат, деб айтдингиз. Демак, бу турли миллат вакилларидан иборат гуруҳ. Шундоқ экан, улар қандай қилиб миллатчи-айирмачи гуруҳ бўла олади? Балки сиз бу атамани ишлатар экансиз, муайян бир миллатни назарда тутгандирсиз?

Қирғизистон Хавфсизлик Кенгаши котиби бу саволимизга жавоб беришдан олдин бир оз каловланди:

- Энди… ҳмм.. ҳалиги… Улардан айрим кучлар фойдаланаётган бўлиши мумкин. Уларнинг орасида террорчи ташкилотлар аъзолари бўлиши мумкин, деди Марат Иманқулов.

Суҳбатдошимиз шошилинч мажлис ўтказаётганини айтиб, узр сўради ва суҳбатимизга якун ясади.

Учинчи суҳбатдошимиз, президент маслаҳатчиси Виктор Черноморец эса мазкур атамалар юзасидан ўз нуқтаи назарини мана бу тарзда билдирди:

- Уларнинг ким эканлигини қандай аниқлашибди? Бундай баёнот бериш учун аниқ маълумотларга эга бўлиш керак. Ҳозир эса ҳатто дастлабки тергов жараёни ҳам тугамаган. Аслини олганда бу атамалар ҳеч кимга тушунарсиз. Менимча, бу ерда сўз ўйини қилишаяпти. Ҳозир биз экспертизалар ўтказаяпмиз, турли маълумотларни текшираяпмиз. Фақат мана шу жараёндани сўнггина бирон нарса дейиш мумкин бўлади, деди Виктор Черноморец.

Бишкекдаги портлаш ортида кимлар турибди? "Миллатчи сепаратчилар", "миллатчи шовинистлар", дер экан, қирғизистонлик расмийлар кимларни назарда тутаётган бўлиши мумкин?

Шу ва шунга ўхшаш саволларни Озодлик мухбири қирғизистонлик, россиялик ва ғарблик таҳлилчиларга берди.

Биринчи суҳбатдошимиз Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши собиқ котиби Мирослав Ниёзов.

Озодлик: Сизнинг назарингизда Бишкекда амалга оширилган портлаш ортида қандай кучлар турибди?

Мирослав Ниёзов
: Бугун мен портлаш ортида қандай куч турганини айта олмайман. Лекин шуни аниқ айтишим мумкинки, мамлакатда нафақат экстремизм, балки террорчиликнинг ҳам пайдо бўлишига шароит яратилган. Мамлакатда тартиб йўқ, ҳокимият институтларига ишонч йўқ. Бундай шароитда ҳар қандай кучлар бош кўтариши мумкин.

Озодлик: Жанбоб Бекназаров бугун Бишкекдаги портлаш ортида "миллатчи шовинистлар" турибди, деб баёнот берди. Бошқалар "миллатчи сепаратчилар", деган атамани ишлатди. Расмийлар кимларни назарда тутаётган бўлиши мумкин?

Мирослав Ниёзов: Шуни айтишим мумкинки, июн воқеалари давомида ўзбеклар лидерлари чиқишларида мухториятчилик, сепаратчилик оҳанглари аниқ эшитилган эди. Умуман олганда ўзбек диаспораси тинчлик-осойишталикни истайди. Лекин уларнинг айрим лидерлари халқни жуда хавфли ҳаракатларга туртмоқда. Бундай ҳаракатлар бўлган ва айтишим керакки, ҳанузгача давом этмоқда.

Озодлик:
Озодлик радиоси сиз назарда тутаётган лидерлардан бири – Қодиржон Ботиров билан суҳбатлашган ва ундан "Сиз автономия талаб қилганмисиз?" деб сўраган, Саволга жавобан Ботиров кескин "Йўқ!" деган эди...

Мирослав Ниёзов
: Унинг шундай нияти бўлганини баъзи чиқишлари, чақириқлари мазмунидан уқиш мумкин. Мазмун эса, сепаратизмдай хавфли кўринишга олиб борадиган эди. Ахир бу ҳақда тўғридан-тўғри айтиш шарт эмас. Лекин шу фикрга йўналтириш мумкин.

Озодлик: Ботиров, шунингдек, апрелдан сўнг июн воқеаларигача қилган барча ҳаракатларини Муваққат ҳукумат билан келишилган ҳолда амалга оширганини айтган эди?

Мирослав Ниёзов: Ҳа, мутлақо тўппа-тўғри. Тартибсизликларни мана шу сабаб ва гиж-гижлаш, ва бевосита қатнашиш келтириб чиқаргани бор гап. Шунинг учун, бу фикрга, балки, мен қўшиларман.

(Жавоб сўзма-сўз таржима қилинди)

Иккинчи суҳбатдошимиз Озод Европа/Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Брюс Панниер.

Озодлик: Сизнинг назарингизда Бишкекда амалга оширилган портлаш ортида қандай кучлар турибди? Расмийлар айтаётган миллатчи-шовинистлар турган бўлиши мумкинми?

Брюс Панниер:
Ҳар ҳолда, менимча, портлашни апрел воқеалари давомида ўлдирилганларнинг қариндош-уруғлари уюштирган бўлиши ҳам мумкин. Чунки, агар улар портлатмаган бўлса, суд бўлаётган жойни бошқалар нима учун портлатади? Миллатчи-шовинистлар, дейишаяпти. Бўлиши мумкин. Чунки суд биносида ҳам миллатчи шовинистлар бор. Тўғри, ўтган ҳафтада 9 киши қўлга олингани хабар қилинди. Улар орасида қирғиз ҳам, ўзбеклар ҳам, исломни қабул қилган рус ҳам бор эмиш. Агар, террорчи, деб аталаётган ўша рус одам исломни қабул қилган бўлса, исломчи бўлмайдими? Миллатчиликнинг, сепаратчиликнинг бунга нима алоқаси бор?

Озодлик: Қирғизистон расмийлари "миллатчи шовинистлар" "миллатчи сепаратчилар", деган ибораларни ишлатмоқда. Ким улар? Ўзбекларми?

Брюс Панниер: Бу жуда қизиқ ва ўта муҳим савол. "Миллатчилар" дейишаяпти. Ахир қўлга олинганлар – қирғизлар, ўзбеклар ва руслар эканини ўзлари айтди-ку? Агар миллатчи бўладиган бўлса, ҳаммаси ё қирғиз, ёки ҳаммаси ўзбек бўлиши керак эди-да! Одатда миллатчилар битта миллат вакили бўлишини билардик. Уч миллат вакилларининг миллатчи бўлиши тушунарсиз. Шунинг учун Ўшда юз берган воқеа исломчи гуруҳлар жанггариларига қарши амалиёт бўлиши мумкин. Бишкекда бўлган портлаш эса, Бакиев тарафдорларининг иши бўлиши мумкин.

Озодлик: Ўшлик оддий ўзбеклар Ўшда ўтказилган махсус операцияни махсус хизматларнинг провокацияси бўлиши мумкин, деган фикрни билдиришаяпти. Сиз шу версияга ишонасизми?


Брюс Панниер:
Албатта, бўлиши мумкин. Ўшда ўзбекларга муносабат жуда ёмон. Ўшда бўлганимда, маҳаллий қирғизлар, ҳар ҳолда маҳаллий қирғизларнинг баъзилари ўзбекларнинг Ўшдан чиқиб кетишини истаётганига гувоҳ бўлган эдим. Лекин бошқа томондан, шуни ҳам айтишим керакки, июн воқеаларидан кейин ўзбеклар орасида ўзини ҳимоя қилиш учун қўлига қурол олмоқчи бўлганларини ҳам сезганман. Маълумки, қўшни Тожикистонда, қолаверса, Қирғизистон жанубидаги тоғларда ҳам Ўзбекистон исломий ҳаракати жанггарилари мавжуд ва уларни топиб, қурол олиш қийин эмас.

Озодлик:
Қирғиз расмийлари ўшлик ўзбеклар орасида сепаратистик кайфият бўлган ва бундай кайфият ўзбек лидерлари томонидан урчитилган, деган фикрни айтишади. Сиз шу фикрга қўшиласизми?

Брюс Панниер
: Бундай гаплардан камида ҳайронлигимни айтишим мумкин. Қирғизистон жанубидаги ўзбекларда, деярли ҳамма нарса бор эди, айниқса, қирғизларга қиёслаганда. Уларнинг ўз уйлари, бизнеси борийди. Улар Ўзбекистондаги ўзбеклардан бойроқ яшарди. Шунинг учун қанақа сепаратизм ҳақида гап бўлиши мумкин?!

Менимча, улар ўзларига кўпроқ ҳақ-ҳуқуқ, ўзбекча ўқиш имкониятларини талаб қилишган, кўчаларнинг номлари ҳам қирғизча, ҳам ўзбекча ёзилишига ўхшаган кичкина талабларни қўйишган холос. Бу майда-чуйда нарсалардир. Сепаратчилик эса, "Кимдан" ва "Кимнинг фойдасига", деган саволларга жавоб бериши керак. Бундай саволлар пайдо бўлишига эса, Ўш ва Жалолободда шароит ҳам йўқ эди. Мантиқ йўқ ўзбекларни сепаратчиликда айблашда.

Хўп, майли, сепаратчилик бор ҳам, дейлик. Унда нима учун ўзбек жамоасидан "Биз фалон ишни қилдик, чунки биз фалон-пистон нарсани истаймиз", деган баёнот билан шу пайтгача ҳеч ким чиқмади? Одатда ҳар доим, ҳар қандай давлатда шундай баёнотлар қилинади. Шунинг учун мантиқ кўрмаяпман бу ерда. Айни пайтда, портлашда Бакиевни айблаётганларнинг гапларидан мантиқ топиш мумкин. Чунки мамлакатда бошбошдоқлик янада кучайишидан собиқ президент манфаатдордир.

Озодлик саволларига москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова ҳам жавоб берди.

Озодлик: Азимбек Бекназаров Бишкекдаги портлашни "миллатчи шовинистлар" иши, дер экан, кимларни назарда тутган бўлиши мумкин?

Санобар Шерматова: Қирғизистонда Бекназаровга ўхшаган сиёсатчилар бировни "миллатчи шовинистлар" дер экан, улар ўзбекларни назарда тутаётганини тушуниш қийин эмас.

Озодлик: Бундай дейишга қанақа асосларингиз бор?

Санобар Шерматова: Чунки, шовинист ва миллатчи деган ёрлиқлар бошқа миллий озчиликларга нисбатан ишлатилган эмас. Июн воқеалари қирғиз ва ўзбекларнинг бир-бирига қарама-қарши туришидан иборат бўлди.

Озодлик: Қирғиз расмийлари ўшлик ўзбеклар орасида сепаратистик кайфиятлар бўлган ва бундай кайфият ўзбек лидерлари томонидан урчитилган, деган фикрни айтишади. Сиз шу фикрга қўшиласизми?

Санобар Шерматова: Агар сепаратчилик кайфияти бўлган бўлса ҳам, уни 90-йиллар бошларидан излаш тўғри бўлади. Лекин 90-йилги уруш ҳам сепаратчилик маҳсули эмас эди.

У воқеаларнинг конкрет сабаблари бор эди. Ер босиб олинган эди. Иқтисодий муаммолар сабаб бўлган эди. Кейин, 90-йиллар бошларидан кейин Ўшда сепаратчилик кайфияти бўлмаган, ҳар ҳолда бундай кайфият борлиги ҳеч қандай шаклда бирон жойда акс этмаган. Мен жалолободлик ўзбеклар жамоаси лидери Қодиржон Ботировнинг баёнотини жуда синчиклаб ўқиб чиққанман. Ботировнинг апрелдан кейинги ҳаракатларини балки кўп танқид қилиш мумкиндир. Лекин унинг чиқишларида бирон марта ҳам сепаратистик шиорлар янграмаган. Худди шу гапни ўшлик ўзбекларга нисбатан ҳам айтиш мумкин. Бундай чақириқлар газеталарда ҳам, июнгача Ўшда ишлаб турган ўзбек телевидениеларида ҳам янграмаган. Хўш, бунинг боиси нимада? Чунки бундай кайфиятнинг ўзи бўлмаган. Қаёққаям борарди ўзбеклар. Ахир сепаратизм доим ҳам конкрет мақсад билан боғлиқ бўлади. Мақсад қанақа бўлиши мумкин? Алоҳида республиками? Ахир бу ерда ўзбеклар ҳам, қирғизлар ҳам яшайдику?! Ўзбекистонга қўшилишми? Буни Тошкент истмайди. Қолаверса қирғизистонлик ўзбекларнинг ўзлари ҳам бир қатор муайян сабабларга кўра, Ўзбекистонга қўшилишни истамайди. Яъни бу қирғизларни бирлаштириш учун атайлаб ўйлаб топилган "бўжидир". Бу уйдирма бир томондан қирғизларни бирлаштираётган бўлиши мумкин, лекин у миллатлараро муносабатларга улкан зарар етказмоқда. Ва бундай баёнотларни расмийлар қилаётгани жуда ачинарлидир. Боз устига бундай баёнотлар ҳеч қандай фактга, ҳеч қандай исботга асосланган эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG