Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 19:36

Норов ЕХҲТнининг Ўш қирғинига нисбатан ëндашувини танқид қилди


Тошкент дипломатлари раҳбари Владимир Норов.
Тошкент дипломатлари раҳбари Владимир Норов.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 11 йиллик танаффусдан сўнг ўтаëтган Остона саммитига Ўзбекистон президенти келмади. Тошкент делеациясига раҳбарлик қилаëтган Ташқи ишлар вазири Норов эса¸ ЕХҲТнинг Қозоғистон раислигидаги фаолиятини кескин танқид қилди.

Қозоғистон пойтахти Остонада 1 декабр куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти саммити ўз ишини бошлади. Йиғилишда 68 давлат раҳбарлари ва юқори лавозимли расмийлари иштирок этмоқда.

Остона саммитида ЕХҲТга аъзо 56 давлаt расмийлари ва 12та ҳамкор давлат вакиллари Афғонистон уруши, Қирғизистондаги этник зўравонлик, оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш, Тоғли Қорабоғ хусусида Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги можаро каби минтақавий хавфсизлик масалаларни муҳокама қилмоқда

Олий даражали Остона йиғини 1999 йилда ЕХҲТнинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитидан 11 йил ўтиб ўтказилмоқда.

Ташкилот Бош котиби Марк Перрин де Бришамбау сўнгги йилларда ЕХҲТнинг айрим принциплари “назардан четда қолгани”ни тан олиб¸ аъзо давлатлар ўртасида ишонч етишмаслиги ташкилотнинг бўҳронларга жавоб бериш имкониятини чеклаб қўйганини айтди.

Анжуманда сўзга чиққан АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон ва Россия президенти Дмитрий Медведев ЕХҲТ нинг уруш ва можаролар олдини олишда фаол рол ўйнаши кераклигини таъкидлади.

- Биз ЕХҲТнинг ўзида юзага келадиган бўҳронларга қарши самарали чоралар кўриш учун ташкилот кўпроқ салоҳиятга эга бўлиши керак деб ўйлаймиз. Россиянинг ҳам ЕХҲТни кучайтириш кераклигини тан олгани қувонарли ҳол. Биз Грузия ва Қирғизистонда кузатилгани каби воқеалар юз берган пайтида ЕХҲТ нинг вазиятни ўз вақтида бетараф кузатиб боришини таъминловчи асосларни яратиш устида иш олиб боряпмиз, деди АҚШ Давлат котиби.

Ҳиллари Клинтон дунё лидерларини хавфсизлик бўйича конкрет ҳаракат дастурларини қабул қилиш орқали Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотини қўллаб-қувватлашга чақирди. Клинтон айни пайтда¸ ташкилотни Афғонистонда “фаолроқ бўлиш”га ундади ва дунё бўйича инсон ҳуқуқлари гуруҳлари ролини ошириш учун ЕХҲТ томонидан кўпроқ ишлар амалга оширилиши кераклигини айтди.

- Биз инсон ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликлар ҳурмат қилиниши хусусида берган ваъдамизни амалга тадбиқ этишда кузатилаётган жиддий камчиликларни бартараф қилишимиз лозим. Фуқаролик жамиятига салоҳият бериш бу минтақа келажаги, қолаверса, ЕХҲТ учун жуда муҳимдир, деди АҚШ Давлат котиби.

ЕХҲТ саммитида чиқиш қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қирғизистон жанубида содир бўлган милларлараро қонли тўқнашувларнинг олдини олишда ЕХҲТ ижобий рол ўйнамаганини танқид қилди.

- Афсуски, Қирғизистон жанубида жорий йил июнида рўй берган қонли воқеалар ҳақида огоҳлантириш ва уларни нейтраллаштиришда ЕХҲТ ва унинг структуралари амалда ҳеч қандай ижобий рол ўйнамаганини тан олиш керак, деди Владимир Норов.

РИА Новости ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири “Қирғизистон жанубидаги фожиаларнинг ҳақиқий айбдорлари аниқланмаса, бундай фожиа қайтарилмайди, деб таъкидлаш қийин эканини” айтган.

Ўш ва Жалолобод вилоятларида содир бўлган қирғин ва погромлар пайтида камида 400 киши, асосан ўзбеклар, нобуд бўлгани ва уч мингга яқин туроржой биноси вайрон бўлгани айтилади.

ЕХҲТнинг Остона саммитида сўзлаган Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева миллатлараро мулоқот ўрнатиш, миллий ярашув сари қадам ташлаш, қонун устуворлиги ва демократик тизимларни мустаҳкамлаш учун Бишкек ҳукумати бор имкониятни ишга солишини айтди.

- Қирғизистон ҳукумати қатор нозик масалалар, инсон ҳуқуқлари соҳаси ва миллатлараро муаммолар мавжудлиги ва унинг вайрон қилувчи потенциал кучга эгалигини яхши тушунади, деди Қирғизистон президенти.

Роза Ўтунбаева ЕХҲТ ҳудуди, жумладан Марказий Осиёда хавфсизлик “яхлит, муштарак ва бўлинмас” бўлиши кераклигига Қирғизистон ҳукумати ишонишини айтди.
XS
SM
MD
LG