Линклар

logo-print

Рус тилини яхши биладиган исталган хориж фуқароси Россия қуролли кучларида контракт асосида хизмат қилиш учун ҳужжат топшириш ҳуқуқига эга. Россия Қуролли кучлари расмий сайтида чоп этилган президент қарори лойиҳасига кўра, уч йиллик контракт муддатини ўтаган хорижий Россия фуқаролигини олиш ҳаққини қўлга киритади.

Россия Мудофаа вазирлиги расмий сайтида президент Дмитрий Медведевнинг “1999 йил 16 сентябрида 1237 рақами билан имзоланган “Ҳарбий хизматни ўташ тартиби ҳақидаги Низомга қўшимчалар киритиш”га оид қарор лойиҳаси чоп этилди. Янги тузатишга кўра¸ 18дан 30 ёшгача бўлган исталган хориж фуқароси Россия армияси билан камида 5 йил муддатга шартнома имзолаб хизмат қилгач¸ Россия фуқаролигига эга бўлиши мумкин.

Россия армиясида хизмат қилишни истаган чет эл фуқароларига бор-йўқ рус тилини билиш ва дактилоскопия – бармоқ изларидан нусха олиш жараёнидан ўтиш шартлари қўйилмоқда¸ холос. Ҳарбий хизматга ёлланувчи хорижийларга ҳарбий қасамёд ўқиш шарти қўйилмаган. Улардан фақат шартнома имзолаб¸ “Россия Конституциясига риоя қилмоқлик ва бошлиқ ҳамда командирларнинг буйруқларини сўзсиз бажармоқ” талаб қилинади, дейди Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили¸ майор Владимир Аникин Озодлик билан суҳбатда.

- Ҳарбий хизматга қабул қилиниш учун чет эл фуқароси учун қўйилган биринчи шарт - у Россия Федерацияси ҳудудида расман қайддан ўтган бўлиши шарт. Қайддан ўтган жойи бўйича у маҳаллий ҳарбий комиссариат ёки ҳарбий бўлимга мурожаат қилади. Ўша ерда унга қандай ҳужжатлар зарурлигини тушунтиришади. Ҳужжатлар жуда кўп ҳам эмас, аслида, дейди Россия Мудофаа вазирлиги расмийси Владимир Аникин.

Контракт асосида Россия қуролли кучларига қабул қилинган йигит-қизлар солдат, матрос, сержант ёки старшина лавозимларида хизмат қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Россия Қуролли кучлари Бош штаби тахминларига кўра, шу тариқа рус армияси бир йилда мингга яқин янги аскарни ёллашга эришиши мумкин.

Уч йил хизмат ўтаган чет элликлар осонлаштирилган тартибда Россия фуқаролиги ва кейинчалик ҳарбийларга тегишли барча имтиёзларга эга бўладилар, дея давом этади Владимир Аникин.

- Биласизми, бу масала аслида 2003 йилда қонунийлаштирилган. Шунчаки бу қоидага бир қатор қўшимчалар киритилди, холос. Айтиш жойизки, фуқароликни олгунга қадар легионерларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳолати россиялик ҳарбийлардан бирмунча фарқ қилади, аниқроғи улар ҳеч қандай имтиёзларга эга бўлмайди. Лекин ойлиги россиялик ҳамкасбларидан фарқ қилмайди ва ўртача 10-12 минг рублни ташкил қилади. Шунингдек, лойиҳада фуқаролиги бўлмаган шахсларни ҳарбий хизматга жалб қилиш кўзда тутилмаган, деди майор Владимир Аникин.

Айрим ҳарбий экспертлар Россия мутассадилари чет элликларни ҳарбий хизматга жалб қилиш орқали¸ бир томондан¸ Россия армиясини ҳарбий хизматчилар билан тўлдириш, иккинчи томондан эса¸ мамлакатда вужудга келган жиддий демографик муаммони ҳал этишга уринаëтганини айтмоқда.

Хусусан¸ “Независимое военное обозрение” газетаси бош муҳаррири Виктор Литовкин чет элликлар сонининг Россия армиясида кўпайиб бориши қуролли кучларни янада мустаҳкамлайди, деган фикр билдирди.

- Жисмонан бақувват Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари россияликлар рози бўлмаган ҳақ эвазига иштиёқ билан шартнома асосида хизмат қиладилар, деди Виктор Литовкин.

Лекин Россия Пиёда қўшинлари бош қўмондонининг собиқ ўринбосари Эдуард Воробьёв¸ чет эл фуқароларининг ҳарбий хизматга жалб қилиниши асоссиз ва хавфли эканлигини гапирди.

- Менинг фикримча, чет элликларнинг Россияда ҳарбий хизматга жалб қилиниши 1 миллионлик армияни сақлаб туришга қурбимиз етмаëтганидан даракдир. Демак, биз ё бир йиллик ҳарбий хизмат муддатини узайтиришимиз керак ёки контрактчилар сонини оширишимиз керак. Тўғри, чет элликлар армияда қисман бўлсада комплектлаш ва “дедовшчина” масалаларини ҳал этади. Лекин “ҳарбий сир” ва “ватанга сидқидилдан хизмат қилиш” масалаларичи? Шунинг учун, бундай қисмларни оддий ҳарбий қисмлардан алоҳида тузилишини тавсия қиламан, деди Эдуард Воробьёв.

Жорий йил октябр ойи бошларида Россия Мудофаа вазири Анатолий Сердюков давлат шартнома асосида хизмат қилаётганларни тўлиқ таъминлаш имкониятига эга эмаслиги ва шу важдан улар сонини 90- 100 мингга қисқартириш кераклигини баён қилган эди.

Грузиядаги Чавчавадзе университети профессори Олег Панфилов Россия қуролли кучларида легионерлардан иборат ҳарбий қисмларнинг пайдо бўлиши ортида ижтимоий-демографик сабаблардан бошқа омиллар ҳам борлигини таъкидлайди.

- Менимча бунда бошқа сабабни ҳам қидирмоқ зарур. Сиёсий сабабни! Россия бу қарорни амалга ошириш орқали собиқ совет иттифоқи мамлакатларини ўзига янада мустаҳкамроқ боғлаб қўйишни режалаштирмоқда. Ахир шартнома бўйича уларга юкланган мажбуриятлар қисман шу республикаларга ҳам юкланади. Бу қарор биринчи навбатда¸ Марказий Осиё республикаларига қаратилган, чунки Россиянинг деярли бошқа ҳамкорлари қолмади- ҳаммаси билан жанжаллашиб чиқди. Белоруслар билан муносабатлар кундан кунга ёмонлашиб бормоқда, Украина ва Молдовани гапирмаса ҳам бўлади, Кавказда фақат Арманистон қолди... Марказий Осиё эса Россиянинг тазйиқи остидаги ягона минтақа бўлиб қолмоқда, дейди профессор Олег Панфилов.

Россия Мудофаа вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, 2009 йилда Россия армиясида асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Украинадан бўлган 340 нафар контрактчилар хизмат қилган.

Контракт асосида чет эл фуқароларини хизматга ёллаш амалиёти бугунги кунда Саудия Арабистони Қироллиги, Бирлашган Араб Амирликлари, Ҳиндистон, Франция, Буюк Британия ва АҚШ мамлакатларида қўлланиб келинади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG