Линклар

logo-print

Олмаотада ҳибсхонадаги қочқинлар яқинлари намойиш ўтказди


Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларининг аёллари ва болалари Қозоғистон расмийларидан ўз яқинларини Ўзбекистонга бериб юбормасликни сўрамоқдалар.

Олмаота ҳибсхонасидаги ўзбек қочқинларининг аёллари ва болалари Қозоғистон расмийларидан ўз яқинларини Ўзбекистонга бериб юбормасликни сўрамоқдалар.

Шу йилнинг 2 декабр куни эрталабки соат 9:30 да БМТ қочқинлар ишлари бўйича Олмаота ваколатхонаси биноси олдида ҳозирда ҳибсда сақланаётган 29 нафар ўзбек қочқинининг аёллари ва болалари пикет ўтказдилар.

Пикет иштирокчиларидан бири, Қозоғистон Миллий хавфсизлик хизмати Олмаота департаменти тергов ҳибсхонасида сакланаётган ўзбек қочқинларидан бирининг рафиқаси Умида Азимованинг Озодликка айтишича, пикетда 12 нафар аёл ва 20 га яқин ёш бола иштирок этди.

- Бу пикетни ўтказишдан мақсадимиз ЕХҲТ саммитида иштирок этаётган хорижлик дипломатлар ва чет эл давлатлари лидерлари эътиборини ҳибсда сақланаётган ўзбек қочқинлари муаммосига каратиш эди. Фарзандларимиз Қозоғистон ҳукуматидан оталарини Ўзбекистонга бериб юбормасликни сўрадилар, дейди Умида Азимова.

Пикетда иштирок этган ёш болаларнинг қўлларида "Қозоғистон, бизнинг оталаримизни озод қил" ва "Назарбоев, Ўзбекистон қочқинлар учун ўлим билан баробардир" деган ёзувлар акс этмиш плакатлар бор эди.

Олмаота ҳибсхонасида қолаётган ўзбек қочқинларидан бирининг ўғли Абдулқуддус Сулаймонов ўз отасининг бирор айби борлигига ишонмайди.

- Отамни туҳмат билан қамаб қўйишган. Мен отамни олти ойдан бери кўрганим йўқ. Қозоғистон ҳукуматидан отамни озод қилинишини сўрайман, дейди Абдулқуддус.

Пикет иштирокчиларининг маълум қилишларича, БМТнинг кочкинлар ишлари бўйича Олмаота ваколатхонаси ходимлари норозилик билдириб турган аёллар ва ёш болалар олдига чиқмаганлар.

Аснода пикетчилар олдига Олмалин туман прокурори келиб, қочқинларнинг аёллари ва болаларига бу намойиш учун расмийлар томонидан рухсат берилмаганини, шу важдан намойишчилар тезликда тарқалиши лозимлигини айтган.

Пикет ўтказилаётган жойга етиб келган полиция ходимлари эса ёш болалар қўлидан плакатларни юлиб олиб, бундай ёзувлар акс этган плакатлар козок ҳукуматига карши чақириқлар билан баробар эканини билдирганлар.

Шунингдек, пикетчилар ёнига етиб келган полиция ходимлари аёллар бундай плакатларни яна кўтариб чиқсалар, уларни полиция маҳкамасига олиб кетишларини билдирганлар.

Айни пайтда ҳибсхонадаги қочқинларнинг яқинлари қозоқ полицияси пикет иштирокчиларига нисбатан куч ишлатмаганини айтмоқдалар. Пикетчи аёлларнинг айтишларича, уларнинг мақсади ҳам бирор ғавғо кўтариш эмас.

- Биз бу ерга жанжал қилгани келганимиз йўқ, биз ёрдам сўраб келдик. Ҳозирги кунда болаларни отасиз боқиш жуда қийин бўлаяпти бизга. Болаларга ота керак, дейди ўзини Саида деб таништирган пикет иштирокчиларидан бири.

Олмаотадаги қочқин аёллар ва болалар пикети маҳаллий вақт билан соат 14 гача давом этди, бироқ пикетчилар олдига БМТнинг кочкинлар ишлари бўйича Олмаота ваколатхонаси ходимлари чиқмадилар.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 9 июнидан 11 июнигача Олмаота шаҳрида ўтказилган “Мигрант” рейди чоғида қозоқ полициячилари ва махфий хизмати ходимлари учинчи давлатдан бошпана олиш ниятида Қозоғистонда яшаб келаётган 30 дан зиёд ўзбек қочқинини қўлга олганди. Шу пайтгача бу диндор қочқинлардан бир нечтаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинди, қолганлари эса қарийб олти ойдан буён Олмаота шаҳридаги ҳибсхоналарда сақланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG