Линклар

Қарийб икки ойлик музокаралардан кейин Қирғизистон парламентида ниҳоят ҳукмрон коалиция ташкил этилди. Катта қийинчилик билан таркиб топган ҳукмрон коалицияга Социал-демократлар, Республика ва Aта мекен фракциялари кирди.

Социал-демократлар партиясига президент Ўтунбоева коалицияни шакллантиришни топширган эди. Мазкур партия республикачилар билан тезда тил топиша олган бўлса-да, Ата мекен фракцияси билан музокаралар узоққа чўзилди. Пировардида Социал-демократлар отамакончилар билан музокараларни тўхтатиб, парламентдаги Ар Намис ва миллатчилардан иборат Ата-Журт партияларига ҳам коалицияга қўшилиш таклифини киритишга мажбур бўлдилар. Бироқ бу икки партия Социал-демократлар таклифини рад этишгач, Ата мекен фракцияси билан музокаралар қайта бошланди.

Таҳлилчилар фикрича, Ата мекен партияси билан музокараларнинг узоққа чўзилиши мазкур партия раҳбари Ўмурбек Текебаевнинг Кремл расмийларига ёқмаслиги билан изоҳланади. Сиёсатшунослар Москва ғарбпараст сиёсатчи Текебаевни парламент раиси лавозимда кўришни истамаслиги ҳақида қирғиз матбуотида бир қатор фикрларни билдирдилар.

Сиёсатшунос Уран Бўтабеков фикрича, Қирғизистондаги вазият мураккаблаша бошлагач, Социал-демократлар Ата мекен фракцияси билан муроса қилишга мажбур бўлган.

- Ўшда 29 ноябрда ўтказилган амалиёт, 30 ноябрда Бишкекда содир этилган портлаш ва ўтаётган сиёсий суд жараёнлари коалиция шаклланишини тезлаштирди. Чунки вазият мураккаблашиб бораётган эди. Агар мана шундай ҳолатда халқ ишонган Социал-демократлар, Республика ва Ата мекен партиялари бирикмаса, жамоатчилик уларни кечирмаган бўлар эди, дейди Уран Бўтўбеков.

Парламентда шакллантирилган ҳукмрон коалицияга “Ирис олди интимақ”, яъни “Барака иноқликдадир” деган ном берилди. Коалиция шартномасига кўра, Ата мекен партияси раиси Ўмурбек Текебаев парламент раиси, Социал-демократлар раҳбари Алмазбек Атамбаев Бош вазир, Республика партияси лидери Ўмурбек Бабанов Бош вазирнинг биринчи ўринбосари лавозимига ягона номзод сифатида кўрсатиладиган бўлди.

Бундан ташқари, коалиция шартномасида 2011 йил якунигача Ўшда жабрланганларни ижтимоий жиҳатдан таъминлаш, Ўш қирғинида уйсиз қолганларнинг барчасини тўлақонли уй-жой билан таъминлаш, миллатчиликка қарши кураш, миллатидан қатъий назар, барча фуқаролар ҳуқуқлари ҳимояланишини кафолатлаш ҳақида ҳам гап боради.

Сиёсатшунос Данияр Наринбаевга кўра, ҳукмрон коалиция шартномада кўрсатилган мазкур шартларни бажаришга қодирдир.

- Биринчидан, бу уч фракциянинг ғоялари бир-бирига қарама-қарши келмайди, улар бир-бирини тўлдиради. Бу уч партиянинг лидерлари бир-бирларини қўллайдилар ва белгиланган вазифаларни бажарадилар, - дейди Данияр Наринбаев.

2 декабрда ўтадиган парламент йиғинида кўрсатилган номзодлар янги лавозимларга тасдиқланиши кутилмоқда. Айни пайтда Ата Журт ва Ар Намис фракциялари мухолифат блокига бирлашиши кутилаётир.

Айтиб ўтиш лозимки, Конституцияга биноан мухолифат қирғиз парламентида бюджет ва ҳуқуқ-тартибот органларини назорат қилувчи қўмитани бошқаради. Парламент раиси ўринбосарлари лавозимига ҳам мухолифат вакиллари тайинланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG