Линклар

logo-print

Июн қирғини менинг тақдиримда - Иккинчи ҳикоя


Ҳикоямиз қаҳрамони ҳам июн қирғини кунлари Ўзбекистон чегараси яқинида жон сақлаганлардан бири.

Ҳикоямиз қаҳрамони ҳам июн қирғини кунлари Ўзбекистон чегараси яқинида жон сақлаганлардан бири.

11-14 июн кунлари Ўш ва Жалолободни ўз домига тортган қирғин юз минглаб одам тақдирини кутилмаган изга солиб юборди. Миллий асосдаги зўравонлик оқибатида ўн минглаган ўзбек ëмон туш ëхуд қўрқинчли кинолардангина билгани даҳшатни бошдан кечирди.

Бугунги ҳикоямиз қаҳрамони ўшлик 44 ёшли Муҳаррамхон Зулимова. Қирғин бошлангунга қадар¸ бу аëл колхозда ишлаб келган.

- Кечаси 12 да бошланди. Уйим Жийдалик деган ерда. Менинг ўғлим фирмада ишлайди-да. Ўғлим кечки соат 10 ларда ишдан келди. Унга овқат бериб ётгунимча, ўн ярим-ўн бир бўлди. Энди уйқуга кетган эканмиз, эшигимизни кимдир тақиллатди. Қўшнимизнинг ўғли экан. Дадаси ишдан келаётса, шу иш бўлган экан. “Олой” меҳмонхонасини олдида отишма, уруш бўлаяпти экан. Кейин ўғлим: “туринглар” деди, шу билан ҳамма уйғониб кетди. Ҳар ердан ўқ овозлар эшитилди. Уйимнинг этагида янги чеклар. Одамларнинг ҳаммаси келиб, менинг уйимда болалари билан ўтиришди. Тонг отган эдики, кейин Текстил деган жойимизга роса “қирғизлар келишибди” дейишди. Эркаклар чиқиб келишди, хотинлар кўрмадик, дейди Муҳаррамхон опа.

Кейин Муҳаррамхон опа ҳам минглаб ўшлик ўзбеклар қатори қирғиз-ўзбек чегараси томон йўл олган.

- Одамлар у ёққа ўтаяпти, бу ёққа ўтаяпти, йиғи-сиғи, касаллар. У ер жуда даҳшат экан. Қариндошимиз бор эди ВЛКСМда (қирғиз-ўзбек чегарасига яқин жойлардан бири - таҳр.). Шуларникида икки кун туриб, учинчи куни келиб олдим уйимга. Куёвим эплаб, йўллар билан олиб келди, дейди суҳбатдошимиз.

Бугун Муҳаррамхон опа Ўшда, ўз уйида яшамоқда.

- Энди ҳаётимиз ўрта, жуда яхши эмас. Қийинчилик бўлди, чет давлатлар ёрдам бериб, уч-тўрт марта ёрдам олдик. Менинг ҳаётим ўртача кетаяпти. Ўғлим ишлаяпти. Қизим бор эди, бўйи етган. Қизимни урушларда боқиш қийин экан. Роса қийналдим у ёққа судраб, бу ёққа судраб. Ўзим уйда ўтирсам ҳам, ҳар томонга қочираман. Тақдири келиб қолиб, ўтган жума тўй қилдим, эртага бир ҳафта бўлиб қолади - шаҳарга бердим. Олдин жуда дабдаба бўлиб кетган эдик, ҳозир ундай эмас. Қудалар билан гаплашиб олиб, ихчамгина, ортиқча чиқимсиз, шароитга қараб қилдик, дейди суҳбатдошимиз Муҳаррамхон опа Зулимова.

Опа июн қирғини кунлари ҳам, хозир ҳам Ўшдан кетиш нияти йўқлигини айтади. Ўшлик аёл “Яратганнинг ўзи асраса бўлди”, дея суҳбатимизга якун ясади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG