Линклар

logo-print

Болқор оқсоқоллари Москвада ўз халқи ҳаққини сўрамоқда


Ўз ҳаққи учун курашаëтган болқор оқсоқоллари.

Ўз ҳаққи учун курашаëтган болқор оқсоқоллари.

Москва марказидаги Манежная майдонида беш ойдирки Кабардин-Болқор республикаси ҳукумати олиб бораётган сиёсатга қарши болқор оқсоқолларининг норозилик акцияси давом этмоқда. Қиш қаҳрига олганига қарамай¸ чолларнинг норозиликни тўхтатиш нияти йўқ.


2 декабрга ўтар кечаси Москвада ҳаво ҳарорати 23 даража совуб кетди. Шундай совуққа қарамасдан беш ойдан буён Россия президенти қароргоҳи Кремл ва Россия Давлат Думаси биноси қоқ ўртасида жойлашган Манежная майдонида 6 нафар болқор оқсоқолининг очлик намойиши давом этмоқда.

Акция ташкилотчиларидан бири Кабардин –Болқорнинг Яниқўй қишлоғи оқсоқоли 53 ёшли Юсуф Кулиев Озодлик мухбири билан суҳбатда Москвага қонуний ҳақларини талаб қилгани келганларини айтади. Кулиевга кўра, Манежная майдонидаги очлик акциясини бошлаган 12 нафар оқсоқолнинг олтови аҳволи оғирлашгани туфайли уйига юборилган.

- Мана бизнинг бу ерда ўтирганимизга 5 декабр куни 150 кун, яъни 5 ой бўлади. Бизнинг асосий талабларимиз: Россиянинг 131- Федерал қонунини бажариш, Конституциявий Суд қарорини бажариш ва учинчи талабимиз – болқор халқини ҳимоя остига олувчи қонуний механизм ишлаб чиқиш. Гап шундаки, Ҳасаниё ва Оқ Дарё болқор қишлоқларига тегишли ерлар республикамиз ҳукумати қарори билан шаҳар қарамоғига тортиб олинди. Биздан биров сўрагани йўқ. Биз судга мурожаат қилдик ва Конституциявий Суд ерларни қайтариб бериш ҳақида қарор чиқарди, лекин бу қарор бажарилмаётир, дейди тадбир қатнашчиси Юсуф Кулиев.

Болқорлар бажарилиши талаб қилаётган 131- Федерал қонун “Россия Федерациясидаги маҳаллий ўз-ўзини бошқариш тузилмаларини ташкиллаштириш ҳақида”, деб номланади. Оқсоқолларга кўра, асосан қабардинлардан иборат маҳаллий ҳукумат бу қонунга хилоф равишда болқорларга қарашли ўтлоқ ерларга қишлоқлараро мақомини бериб, болқор қишлоқларини яйловсиз қолдирган.

Суҳбатимизга қўшилган яна бир оқсоқол Мурадин Рахаев болқор қишлоқларига раҳбар этиб тайинланган кабардинлар маҳаллийлар муаммоларига бефарқ қараётгани ва шу боис ҳақиқат излаб Москвага келганини гапиради.

- Бизни ҳатто президент аппаратида алдашди. Биз бу ерда ўтган йили ҳам бўлган эдик. Бизни қабул қилган Сурковнинг иккинчими-учинчими ўринбосари қоп-қоп ваъдаларни берди. Лекин талабларимизнинг бирортаси бажарилмади ва биз мажбур бўлдик бу ерга келиб ўтириб олишга. Ахир бу кетишда болқорлар йўқ бўлиб кетадику, дейди болқор оқсоқоли.

Болқор оқсоқоллари эндиликда бор ишонч-умидларини Россия президенти Дмитрий Медведевга боғлаётганини яширмадилар. Аммо акция иштирокчилари президент Медведевга жўнатган мурожаатномага ҳанузгача жавоб олинмаган.

Оқсоқоллар тадбирини маҳаллий болқор ёшлари ташкилоти ҳам қўллаб қувватлаб ҳукумат идоралари олдида бир неча бор пикетлар уюштирган.

“Маҳаллий аҳоли, милиция ходимларининг сизларга муносабати қандай?”, дея берган саволимизга Юсуф Кулиев шикоятга ўрин йўқлигини таъкидлади.

- Милиция бизни қўриқлаяпти, муносабати бизга жуда яхши. Биз шунингдек Москва аҳолисидан ҳам жуда миннатдормиз. Бизларга кўплаб одамлар- ёшлар, қарилар- келиб ўз ёрдамларини тавсия қилмоқда, Оллоҳга шукур. Озиқ-овқат, кийим -кечак билан болқор юртдошларимиз жамоаси таъминлаяпти. Биз охиригача туришга тайëрмиз. Ишончим комилки, ҳақиқат ғалаба қозонади, дейди оқсоқол Юсуф Кулиев.

Суҳбатимизга жим қулоқ солиб турган¸ кўринишидан ёши энг улуғ қариялардан бири меннинг қайси миллатга мансуб эканлигимни сўради. Ўзини Баҳоуддин Тавмурзаев деб таништирган 75 ёшга кирган қария ўзбеклигимни эшитиб¸ жонланиб шерикларига қаради-да “Ўзимизнинг туркийлардан экансан! Мен болқорча гапираман, мухлисларинг мени тушунади”, дея болқор тилида сўзлай кетди.

- Бизнинг Қабардин –Болқориянинг республика бошқарувчилари бизнинг ерларимизни ўғирлаб олди. Россия қонунларига қарамасдан, ўзлари қийшиқ қонунларни ўйлаб бизнинг болқор ерларимизни тортиб олди. Биз Медведевдан сўраймиз: бизнинг ота-боболаримиздан қолган ерларимизни қайтариб беришсин, деди болқор оқсоқоли Баҳоуддин Тавмурзаев.
XS
SM
MD
LG