Линклар

logo-print

"Уй битди. Қувонч йўқ."

  • Сарвар Усмон

Қирғинда уйсиз қолган ўзбек ҳовлисида икки хоналик уй қуриш жараëни.

Қирғинда уйсиз қолган ўзбек ҳовлисида икки хоналик уй қуриш жараëни.

2 декабр куни Ўш шаҳри, Навоий кўчасидаги 213-уйда халқаро донорлар пулига қурилган 2 хонали бинони фойдаланишга топшириш маросими бўлиб ўтди.Бу хабарни Озодлик Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш дирекцияси вакилидан олди. Бироқ оддий ўшликларнинг айтишича, севинишга ҳали эрта.

Номи тилга олинган муассаса матбуот котиби Мелис Эрназаров Навоий кўчасидаги 213-уйда ўтказилган маросим ҳақида мана бундай маълумот берди:

- Бу ерда бугун "оралиқ" уйлардан бири калитини топшириш маросими бўлиб ўтди. Калитни уй эгаларига Япониянинг Қирғизистондаги элчиси топширди.

Эрназаровнинг айтишича, бу уй Япония ҳукумати пулига қурилган. Умуман эса, Токио Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш учун қарийб 7 миллион доллар ажратган.

Дирекция вакилининг айтишича, "2 декабргача Ўш ва Жалолобод вилоятларида "оралиқ" уйлар қурилиши тўла якунланди".

Эслатиб ўтамиз, тилга олинган икки шаҳар ва уларнинг атрофларидаги кўйларда июн қирғини давомида босқинчилар ёндириб кетган уйлар ўрнига халқаро донорлар пулига 2 хонали (28 кв.м.) уйлар қуриладиган бўлган эди. Ўша уйлар "оралиқ" уйлар, деб аталмоқда.

Дастлаб, икки вилоятда 1350 та "оралиқ" уй қуриш режалаштирилган эди.

Дирекция вакили 2 декабр куни 1350 дан кўпроқ рақам айтди.

Фарқ қайдан пайдо бўлганини сўрадик. Эрназаровнинг айтишича, "1350 та уйни БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги, 300 та уйни Халқаро Қизил хоч қўмитаси, 200 атрофидаги уйни CRS ташкилоти қайта тиклаяпти".

Маълумотларга қараганда, "оралиқ" уйларнинг бир қисми қурилиши Қочқинлар ишлари бўйича Дания кенгаши томонидан молиялаштирилган.

Мелис Эрназаровнинг таъкидлаб айтишича, "июн воқеалари давомида жабрланган оилаларнинг мутлақ ҳаммаси уй билан таъминланди, улар, шунингдек, кўмир ва қишки кийим-кечак сотиб олиш учун пул билан таъминланаяпти".

Биз уйи куйган ўшликлардан бири билан ҳам боғландик.

Унинг сўзларига қараганда, 2 хонали уйлар битгани тўғрисидаги гаплар деярли рост, жабрланганлар кўмир билан таъминланаётгани ҳам ҳақиқат.

Одамларга қишки кийим-кечак сотиб олиш учун пул берилгани ҳам бор гап. (Ҳар ҳолда шаҳар четидаги Увомбўйи маҳалласи аҳли 2 декабр куни ўшандай пулга чек олди)

Лекин жабрланган оилаларнинг мутлақ ҳаммаси бошпана билан таъминланди, деган таъкид эса, ҳақиқатга мутлақо зиддир.

Исмини айтмаслигимизни сўраган бошқа бир ўшлик уй бекаси билан гаплашдик.

- Худога шукур. 2 хонали уйимиз битди.

Озодлик: Уйингизни ким қуриб берганини, кимнинг пулига қурилганини биласизми?

- Биламан. Данияга қарашли бир компания.

Озодлик: Ўш ва Жалолобод шаҳарларини қайта тиклаш дирекцияси матбуот котиби "июн воқеаларида жабр кўрганларга қишки кийим оливолсин, деб пул ҳам берилди", деди. Сизнинг оилангиз шундай пул олдими?

- Олдик. 5 минг сўмга чек берди. Бундай пул бугун бутун маҳаллага берилди.
(5 минг қирғиз сўми 100 АҚШ долларидан сал кўпроқ пул)

Озодлик: Кўмир ҳам бераяпмиз, деди дирекция вакили...

- Ҳа, 2 тонна кўмир олдик. Одам сонига қараб туриб кўмирга талон берди. Бориб олдик. Бизга 2 тонна тегди.

Озодлик: Оилада 4-5 кишигина бўлса, 1 тонна олар экан-да?

- Билмадим, шундай бўлса керак.

Халқаро ташкилотлар ўшликлар ва жалолободликларнинг қиличини қайраб кириб келган қиш олдидаги ташвишларининг бир қисмини ҳал қилгани кўриниб турибди.

Бироқ бир қисминигина. Яна уй бекасидан эшитамиз.

- Жуда хурсанд бўлиб кетаётганимиз ҳам йўқ. 9 кишилик оиламиз учун фақат 2 хонали уй қурилди-да. 3 та хўжалик 2 хонали уйга сиғмаймиз-ку?! Бошимиз қотган ҳозир. Биз келиб яшасакмикан? Келиним билан ўғлим икки неварам билан яшасинмикан у уйда? Қариб қолган қайнона қайнотам яшасинмикан у уйда – билолмаяпмиз ҳозир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG