Линклар

logo-print
2 декабр куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон бошчилигидаги делегациялар ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон телевидениеси хабарига кўра, сўзлашувда Ўзбекистон-АҚШ ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки томонни қизиқтирган минтақа ва халқаро муаммолар бўйича фикр алмашилган.

Ислом Каримов АҚШ президенти Барак Обаманинг ўзаро алоқаларни ривожлантириш истагини қадрлашини айтди.

Ўз навбатида Клинтон Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида барча даражада мустаҳкам ҳамкорлик бораётганини урғулади.

Учрашувда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестиция ва савдо вазири Элёр Ғаниев ва Ташқи ишлар вазири Владимир Норов, АҚШ томонидан Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиë масалалари бўйича ëрдамчиси Роберт Блейк ва бошқалар иштирок этдилар.

1 декабр куни Остонада бошланган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ҳиллари Клинтон Марказий Осиëдаги фуқаролик жамияти¸ нодавлат ва ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан учрашди.

Мулоқот чоғида АҚШ Давлат котиби Тошкент расмийлари билан учрашувда Ўзбекистондаги демократия ва сўз эркинлиги вазиятига алоҳида эътибор қаратажагини билдирган эди.

Ройтерс ахборот агентлиги хабарига кўра, Клинтон Ислом Каримовни Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилашга чақирган.

Айни пайтда Давлат котиби Тошкентда диний уламолар, журналистлар ва ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан ҳам учрашган.

Ҳиллари Клинтон Ўзбекистонга ташрифи унга инсон ҳуқуқлари ҳамда Афғонистон бўйича хавфсизлик соҳасида чуқурлашиб бораётган ҳамкорлик масалаларини кўтариш имкониятини яратганини айтган.
XS
SM
MD
LG