Линклар

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Остонада бўлиб ўтган икки кунлик саммити¸ мезбоннинг астойдил уринишлари ва умидларини пучга чиқарган ҳолда якун топди – олиймақом меҳмонлар ташкилот келажагини белгиловчи ҳаракат дастури юзасидан келиша олмай¸ тарқаб кетдилар.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг кейинги 11 йил ичида илк бор бир стол атрофига тўпланган етакчилари – ташкилотга аъзо 56 давлат раҳбарлари ва юқори лавозимли намояндаларининг икки кунлик машварати бесамар тугади.

ЕХҲТ мавқеи ва ролини кучайтиришни кўзда тутувчи ҳаракат дастурининг қабул қилинмагани 56 давлат раҳбари хаëлида 56 хил ўз ташвиши борлиги ва сиëсий–иқтисодий аҳволидан тортиб демократия ва инсон эркинликлари борасида бир–биридан ниҳоятда фарқланувчи аъзо давлатларни муросага келтиришнинг қарийб имконсиз ҳол эканини намойиш қилди.

Остонага келган меҳмонлар ЕХҲТ нинг кейинги йиллар ичи ўз ҳудудларида юзага чиққан турли можароларнинг на олдини олиш ва на уларга ечим топиш борасида фалаж ҳолга тушганини бирдек эътироф қилдилар. Аммо ташкилотни бу фалажликдан қутқариш учун белгиланган чора–тадбирлар дастурини маъқуллашга келганда¸ бундай якдиллик мутлақ кўзга ташланмади.

Саммит якунларига оид мезбон¸ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев матбуот анжумани ўтказишни режалаган эди. Аммо йиғин якунида ҳаракат дастурининг қабул қилинмагани¸ ўз меҳмонларидан ҳафсаласи пир бўлган кекса мезбонни матбуот анжуманини бутунлай бекор қилишга мажбур қилди.

Остона саммити иштирокчиларига сўнгги бор қилган мурожаатида президент Назарбоев¸ уларни келишмовчиликларни четга қўйиб¸ якуний декларация матнини қабул қилишга чақирди. “Бугун тарих бизга ноëб имкон бермоқда¸ агар уни қўлдан бой берсак¸ келажак буни кечирмайди”¸ дея мурожаат қилди меҳмонларига Остона раҳбари.

Италия Бош вазири Силвио Берлускони ҳам ўз гапига донишмандларга хос мазмун беришга уриниб¸ саммит иштирокчиларини ЕХҲТ келажаги учун асл бирдамлик руҳига содиқ ҳолда қарор беришга чорлади.

1 декабр куни президент Назарбоевнинг АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон билан учрашуви руҳини олқишлаган Қозоғистон Ташқи ишлар вазири¸ ЕХҲТ нинг жорий раиси Қанат Саудбаев АҚШ ва Қозоғистон расмийларининг ЕХҲТ келажаги борасидаги якдиллигидан бошқалар ҳам ўрнак олишига умид билдирди:

- Иккала томон Қозоғистоннинг ЕХҲТ га раислиги самарали бўлгани борасида якдил фикр билдирди. Хусусан ташкилотнинг 21- асрдаги илк саммитининг Остонда бўлиб ўтаëтгани ташкилотнинг ҳам хавфсизлик¸ ҳам ҳамкорлик бобидаги маъсулиятини янада ошириши юзасидан айни фикрлар билдирилди¸ деди Саудбаев.

Аммо ҳар бир қарори консенсус¸ яъни 56 аъзо давлатнинг барчаси тўлиқ маъқулласагина кучга кирадиган ЕХҲТ нинг Остона саммитида қабул қилиниши кутилаëтган ҳаракат дастури¸ қабул қилинмади. (Ҳозирча 56 давлатдан қай бирининг бу қарорни блок қилгани айтилмади.)

Дипломатларга кўра¸ ЕХҲТ ҳаракат дастури псотсовет ҳудудлари¸ хусусан Молдова¸ Грузия ва Озарбайжоннинг айирмачи ўлкалари юзасидан давом этиб келаëтган қарама–қаршилик боис фалаж қилинган.

АҚШ ва Россия¸ Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари телекамералар олдида бир–бири билан қўллашиб¸ жилмайиб¸ ўзаро зиддиятлардан кўтарилиб¸ ЕХҲТ ни фаоллаштириш бўйича биргаликда ҳаракат қилишларини билдирсаларда¸ аслида уларнинг Остонадаги сўзлашувлари¸ томонларнинг зиддиятли масалалардаги позицияларига ҳеч қандай ўзгариш киритмаган.

Қозоғистон ҳукумати постсовет давлатларидан биринчи бўлиб ЕХҲТ раислигини қўлга киритиш учун лоббичиларга¸ тарғибот ва ташвиқот кампанияларига ўнлаб¸ балки юзлаб миллион доллар маблағ сарфлади.

Айни шундай¸ аъзо давлатларнинг аксари иқтисодий бўҳрондан азият чекиб¸ бюджетидаги қолган–қучган маблағларни санаб турган бир пайтда¸ Қозоғистон ҳукумати кейинги 11 йил ичида биринчи бор ЕХҲТ саммитини ўтказиш учун яна шунча миллионларни сарфлади. Натижа эса¸ қумга сингган сув каби кўринади.

Бу саммитнинг Остона кутган каби тарихий воқеага айланишига халал берган яна бир омил – бошқа меҳмонлар минглаб чақирим йўлдан ўнлаб соат учиб¸ Остонага келган бир пайтда¸ шундоққина қўшни¸ Марказий Осиëдаги энг муҳим давлатлардан бири деб кўрилгувчи Ўзбекистон президентининг бу саммитни бойкот қилгани бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG