Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:54

Ҳиллари Клинтон Тошкентда ўз ваъдасини бажарди


Ҳиллари Клинтон Оқсаройда президент Каримов билан учрашувда.
Ҳиллари Клинтон Оқсаройда президент Каримов билан учрашувда.

АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон¸ Остонада ваъда қилган каби¸ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашувда мамлакатдаги демократия ва инсон ҳақлари вазиятини тилга олди ва Тошкент ҳукуматини бу борада ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга ундади.


- Мен ҳозиргина президент Каримов билан учрашдим. Сўзлашув давомида мен уни Ўзбекистонда инсон ҳақлари ва фундаментал эркинликларнинг ҳақиқатан ҳимоя қилиниши борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларига садоқатини намойиш қилувчи жиддий қадамлар қўйишга чақирдим¸ деди Оқсарой учрашувидан сўнг Ўзбекистон диндорлари¸ журналист ва ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан гаплашган Клинтон хоним.

Мазкур учрашув давомида Клинтон хоним нафақат постсовет ҳудудлари¸ балки халқаро майдонда ҳам энг репрессив давлатлардан бири деб кўриладиган Ўзбекистонга қилган сафарини оқлашга уринди.

Бу гал Тошкентда Ҳиллари Клинтонни ҳамкасби Владимир Норов қарши олди.
АҚШ дипломатлари раҳбарининг айтишича¸ ўз сафари Афғонистондаги можаро чўзилиб бораëтган айни кезларда Ўзбекистон билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш баробарида¸ инсон ҳақлари вазиятини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Тошкентдан олинган хабарларга қараганда¸ Ўзбекистон президентининг Клинтон ташрифига муносабати дипломатик мулозамат доирасидан ташқари чиқмаган.

- Биз АҚШ ва Ўзбекистон республикаси ўртасидаги муносабатларни қадрлаймиз. Айни шундай давлатларимиз ўртасида ўрнатилган ҳамкорликдан ҳам мамнунмиз¸ дея баëнот берган Клинтон хоним билан учрашувдан сўнг президент Ислом Каримов Ройтарс хабарига кўра.

Клинтон Тошкентда журналистлар билан матбуот анжумани ўтказмади¸ аммо хабарларга кўра¸ унинг ëрдамчилари маҳаллий журналистлар учун Тошкент учрашувига оид хабарнома ҳозирлаб¸ тарқатган.

- Дунëдаги бирор давлат¸ жумладан АҚШ ҳам инсон ҳақлари соҳасида донишмандликни даъво қила олмайди. Шу боис¸ сизнинг ҳукуматингиз билан эътиқод ва сўз эркинлиги¸ қийноқлар¸ болалар меҳнати каби муаммолар борасида гаплашар эканмиз¸ бу ишни ўзаро ҳурмат руҳида қиламиз¸ дейилади Клинтоннинг ўзбек журналистларига тарқатилган хабарномасида.

“Яқинда президент Каримов мамлакатдаги демократик эркинликларни кенгайтириш ва сўздан ишга ўтиш фурсати келганини таъкидлади. Биз бу ишни қўллаб- қувватлаш ва унга ëрдам беришга тайëрмиз”¸ дейилган Клинтон мурожаатида афтидан Каримовнинг 12 ноябр куни Олий мажлисда қилган нутқига ишора қилган ҳолда.

Тошкент сафари арафасида Остонада Марказий Осиëдаги фуқаролик жамияти ва ноҳукумат гуруҳларининг 600 дан ошиқ вакили олдида чиқиш қилган Клинтон хоним¸ Ўзбекистон расмийлари билан учрашувлари чоғида мамлакатдаги демократия ва инсон ҳақлари масаласини¸ албатта¸ муҳокама қилажагини билдирган эди.

- Албатта, мен Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотлар чоғида инсон ҳақлари масаласини жуда муҳим даражада кўтараман. Менимча, бу ҳозир дунёнинг кўпгина бурчида учраётган муаммолардан бири. Бу биз учун жуда қайғули, зеро, ҳар ерда ҳам қонун устивор бўлиши лозим. Ҳамма жойда ҳам фуқаролик жамияти фаолиятига изн берилиши лозим ва бу хилма-хил фикрларнинг тингланишига имкон беради.

Мен бу борада муаммо бўлган ҳамма мамлакатлар етакчилари билан мулоқотлар чоғида шу муаммони кўтараман ва хусусан, Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотларда ҳам бу масалани, албатта, кўтараман, дея ваъда қилган эди АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон.

13 йил аввал Тошкентга келганида Клинтон хонимни учоқ олдида шахсан президент Каримовнинг ўзи кутиб олди.
Ўзбекистонга бундан аввал 1997 йили АҚШ президентининг рафиқаси сифатида ташриф буюрган Ҳиллари Клинтоннинг илк сафари олдидан расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари борасидаги Ғарб босимига бир оз ëн берган ва саноқли бўлсада ҳуқуқ фаоллари¸ мухолифат вакилларини қамоқдан озод қилган эди. Клинтон хонимни олий даражада кутиб олган президент Каримов¸ ўшанда дипломатик қоидаларни бузиб бўлсада¸ аэропортда АҚШ биринчи хонимини ўзи қучоқ очиб қарши олган эди.

Бугунда Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучлари учун муҳим таъминот марказига айланган Ўзбекистоннинг Вашингтон олдида мавқеи авваллари кўрилмаган тарзда ошгани боис бўлса керак¸ Каримов бу гал Клинтон хонимнинг Давлат котиби сифатидаги ташрифи олдидан инсон ҳақлари¸ демократия ва сўз эркинлиги бобида совға ҳозирлашга ошиқмади.
XS
SM
MD
LG