Линклар

logo-print

Қирғизистонда ҳукмрон коалиция бир кун умр кўрди


Парламент республикаси ғоясини 20 йилдан бери тарғиб қилиб келаётган сиёсатчи Ўмурбек Текебаев парламент раислигига сайланмай қолди.

Парламент республикаси ғоясини 20 йилдан бери тарғиб қилиб келаётган сиёсатчи Ўмурбек Текебаев парламент раислигига сайланмай қолди.

Қирғизистон парламентида 2 декабр куни ташкил этилгани эълон қилинган ҳукмрон коалиция 3 декбар куни ўз фаолиятини тўхтатди. Коалиция қулаши билан Қирғизистонда қонуний ҳукуматни шакллантириш жараёни яна номаълум муддатга қолдирилди.

Қирғизистон парламентидаги социал-демократлар фракцияси раҳбари Алмаз Атамбаев 3 декбар кунги парламент йиғилишида ҳукмрон коалиция тарқатилганини эълон қилар экан, бунга коалиция томонидан спикерлик лавозимига номзод сифатида кўрсатилган Aта мекен партияси раиси Ўмурбек Текебаевнинг мазкур лавозимга сайланмай қолгани сабаб бўлганини айтди:

- Бугун ҳам 67 депутатдан иборат коалициямиз, парламентда кўпчиликни ташкил этамиз, деб ўзимизни ўзимиз алдашимизнинг ҳожати йўқ. Аччиқ ҳақиқатни айтишимиз керак: бизнинг коалицияга бирлашган уч фракция фақат 58 овозга эга, деди Алмаз Атамбаев.

2 декабр куни кечга яқин қирғиз парламентида спикерни сайлаш жараёни бошланди. Бу лавозимга ҳукмрон коалицияга кирган Ата мекен партияси раҳбари Ўмурбек Текебаев номзоди кўрсатилган эди. 120 ўринли парламентда 67 ўринга эга бўлган коалиция қўллови билан Текебаевнинг спикерликка сайланиши кутилган эди. Бироқ овоз бериш жараёнида бу номзод учун фақат 58 депутат овоз берган. 59 депутат эса Текебаев номзодини қўлламаган.

Айрим таҳлилчиларга кўра, мухолиф фракцияларнинг Ўмурбек Текебаев номзодига қарши кескин чиқиши ҳукмрон коалициядаги депутатларнинг айримларига таъсир кўрсатган бўллиши мумкин. Чунки мухолиф фракциялар Ўмурбек Текебаевни Ўш воқеалари айбдорларидан бири сифатида талқин қилган эдилар.

- Ўшда сизнинг номингиз Ўш воқеаси буюртмачиларидан бири сифатида тилга олинади. Буни сайлов натижаларидан ҳам билсангиз бўлади. Ўшда сизга ўзбек ҳам, қирғиз ҳам овоз бермаган, деди Текебаевга қарши сўзлаган депутат, Ар намус фракцияси аъзоси Анвар Ортиқов.

Мухолифатдаги Ата журт”фракцияси номидан сўзлаган депутатлар ҳам бу нутқни қўлладилар.

Қирғизистон парламентининг собиқ депутати Қазат Акматовга кўра, ҳукумрон коалициянинг спикерликка кўрсатилган номзод учун якдиллик билан овоз бера олмагани ва коалициянинг бир кунда тарқаб кетиши парламент кризисининг бошланишидир.

- Бу воқеа умуман олганда депутатларнинг сиёсий этика даражаси паст эканлигини кўрсатиб қўйди. Иккинчидан, Ўмурбек Текебаев спикерликка сайланмаганидан хулоса қилиб айтишим мумкинки, Ўмурбек Текебаев сайланмадими, демак бошқа номзодлар ҳам бу лавозимга сайлана олмайди. Чунки парламентда спикерликка бундан бошқа номзоднинг ўзи йўқ. Бундай номзод топилган тақдирда ҳам, мухолифат жуда қаттиқ қаршилик кўрсатади, дейди Қазат Ақматов.

Унинг айтишича, парламент кризиси мамлакатда яна янги ғалаёнларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

Бундай фикрни ҳукмрон коалиция фаолиятни тўхтатгани ҳақида баёнот берган Социал-демократлар партияси раҳбари Алмазбек Атамбаев ҳам билдирди:

- 35 миллион уйғурнинг ўз давлати йўқ, 40 миллион курднинг ўз давлати йўқ. 3,5 миллион қирғизга Худо қўллаб, Қирғизистонни берди. Бир-биримизни душман сезиб, бир биримизни кўзимизни ўйишга ҳаракат қилиб Қирғизистоннинг кўзини уйиб олмасак бўлди, деди Алмазбек Атамбаев.

Айни пайтда Қирғизистон президенти янги коалиция ташкил этилиши борасида парламентдаги фракция раҳбарлари билан сўзлашувлар ўтказмоқда. Президент Ўтунбаева 11 ноябр куни Социал-демкоратлар фракциясига коалиция тузиш мандатини топширар экан, агар социал демократлар коалиция ташкил этолмаса бу ҳуқуқ Ата мекен фракциясига берилишини билдирган эди.

3 декбар куни пайдо бўлган айрим хабарларга кўра, Ата мекен партияси раиси Ўмурбек Текебаев коалиция ташкил этиш ваколатидан воз кечган. Бироқ бу хабар Ата мекен фракцияси томонидан ҳозирча тасдиқланмади, рад ҳам этилмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG