Линклар

Путин муҳожирларни савдодан узоқ тутиш сиëсатини узайтирди


Москвадагилар мантиғича¸ савдо бу сердаромад соҳа ва уни хорижликларга бериб қўйиш жиноятдир.

Москвадагилар мантиғича¸ савдо бу сердаромад соҳа ва уни хорижликларга бериб қўйиш жиноятдир.

2 декабр куни Россия ҳукумати мамлакат савдо тармоқларида чет эл фуқаролари ишлашини чекловчи қарори муддатини яна бир йилга узайтирди. Янги фармонга кўра¸ меҳнат муҳожирлари алкогол, дори-дармон, бозор ва савдо палаткаларида озиқ-овқат савдоси билан шуғулланиш ҳуқуқидан яна маҳрум қолди.


27 ноябр куни Россия Бош вазири Владимир Путин имзолаган 947-рақамли ҳукумат қарорига кўра, Россияда савдо ва спорт соҳасининг қатор тармоқларида чет эллик меҳнат муҳожирлари фаолиятига чекловлар қўйилди.

2011 йилнинг 1 январидан бошлаб мигрантлар савдо палаткаларида, магазиндан ташқарида жойлашган савдо нуқталарида чакана савдо қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилди, дея билдирди Озодликка Россия Федерал миграция хизмати марказий бошқармаси матбуот котиби Виталий Стрельцов.

- Бу йилги қарор ўтган йилги қарордан деярли фарқ қилмайди. Шунчаки чекловлар муддати якунланаётгани боис у келаси йилга ҳам узайтирилди. Бу қарор ижобий кўрсаткичларни намойиш қилганини таъкидлашим жойиз: чекловлар ёрдамида қарорда кўрсатилган чакана савдо, тиббиёт ва алкогол маҳсулотлари савдоси ҳамда аптекалардаги иш жойлар россияликлар томонидан эгалланди. Бу соҳада иш берувчилар эса маҳаллийларга ойликларни ҳам оширишга мажбур бўлди, дейди ФМХ расмийси Виталий Стрельцов.

Миграция хизмати вакилининг айтишича, қарорда “спорт соҳасидаги фаолият” билан машғул хорижликлар сони умумий ҳисобдан 25 фоиздан ошмаслиги белгиланган.

Бу чора биринчи маротаба 2007 йилда жорий қилинган. Дастлаб Россия мутассадилари савдо тармоғидаги хориж савдогарлари сонини 40 фоизга қисқартирган. Бош вазир Путиннинг бевосита ташаббуси билан Кондолога воқеалари ва Грузия билан бўлган ҳарбий тўқнашувдан кейин савдодаги меҳнат муҳожирлари сони кескин камайтирилди.

Россиядаги мигрантлар сонини аксар соҳаларда қисқартириш стратегиясини қўллаб қувватловчи ЛДПР партияси етакчиси Владимир Жириновский бу қарорни ижобий баҳолаб, меҳнат муҳожирларини асосан қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасига жалб қилишни тавсия қилди.

- Мигрантлар сони қанчалик камайса, шунчалик яхши. Мана кўриб турибсиз- бутун Европа хавф остида, ҳамма ёқда портлашлар. Мен 20 йил Марказий Осий республикаларида яшадим – Қозоғистон, Ўрта Осиё, Кавказ ортида. Бу ерда уларнинг кераги йўқ, ўзимизда ишчиларимиз етарли. Мана бўшаб ётган қишлоқларда яшасин, ишласин: лекин уларни рус тилига ўргатиш, махсус тарбиялаш керак. Ҳар бири чўнтагида бир граммдан наша олиб келади, улар миллионлаб-ку! Биз Украина ва Белоруссия билан алоқани кучайтириб, Осиё билан чеклашимиз керак, деди ашаддий шовинистлардан бири Владимир Жириновский.

Савдо соҳасидаги хорижликлар сонини чеклаш Россия ҳукумати томонидан бир неча йилдан буён оғишмай амалга ошаëтган бўлса-да, бу чора-тадбирларнинг етарли даражада самара бермаётгани ҳақида гапираётган мутахассислар ҳам талайгина.

Россия майда ва ўрта тадбиркорликни қўллаб қувватловчи “ОПОРА РОССИИ” ижтимоий ташкилоти бошқарув кенгаш аъзоси Борис Букатов бу қарор фақат оғизда амал қилаётгани, аслида эса бозор, киоск ва бошқа савдо тармоқларида ишлаётган мигрантлар сони ҳечам камаймаганини гапиради.

- Менимча, бу жуда баҳсли қарор ва биз бу унинг ҳеч қандай ўзгаришсиз қабул қилинганидан бироз хафамиз. Бу қарор Россия иқтисодиётига ижобий ўзгаришлар олиб келади¸ деб бўлмайди. У аслида ички ишлаб чиқарувчини ҳимоялаш ва олиб-сотарлар сонини кескин камайтириш мақсадида ишлаб чиқилган. Лекин бизда илдиз отиб кетган порахўрлик бу қарорларни пучга чиқармоқда, дейди ОПОРА РОССИИ” ижтимоий ташкилоти вакили Борис Букатов.

Москвада меҳнат қилаётган ва тадбиркорлар уюшмаси раҳбарининг бу сўзларини тасдиқлаган асли тожикистонлик савдогар Тоғаймурод¸ ўзининг 5-6 йилдан буён Миграция хизмати ходимларидан пора бериш эвазига савдосини давом эттираëтганини айтади.

- Мен Москванинг Печатники бозорчасида гўшт сотаман. Мана 5-6 йил бўлиб қолди. Улардан қутулиш учун ҳақларини бераман, чунки бозорлардан улар ҳақ йиғади-ку. Ҳар ой аниқ тайинланган пул маблағини ФМСга топшириб турамиз ва бозор маъмурияти савдо қилишимизга рухсат беради. Бу доимий қоида-ку, деди оддий нарсаларга ҳам ақлим етмаётганидан ажабланган тожикистонлик Тоғаймурод.

Муҳожирлар сонини қисқартиришга қаратилган бундай қарорлар сони кўпайгани билан¸ Россия Федерал миграция расмийлари хориждан келаётган иш кучидан воз кечилмаслигини таъкидлаб келмоқда.

Чунончи¸ ФМХ раҳбари Константин Ромодановский оммавий ахборот воситалари олдида қилган сўнгги чиқишларидан бирида Россия йилига 5 миллион меҳнат муҳожири, жумладан 40-60 минг юқори малакали мутахссисларни жалб қилиш зарурлигини таъкидлади. Унга кўра, асосан Украина, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келаётган мигранлар оқими мамлакат иқтисодиётига 100 миллиард рубл соф даромад келтирмоқда. Бу эса Россия ялпи ички маҳсулотининг 8-10 фоизи деганидир!

“Нима сабабдан Россия ҳукумати бир томондан чекловлар жорий этиб, бошқа томондан муҳожирларнинг қайддан ўтиш тартибини осонлаштиряпти?”, дея берган саволимизга жавобни жаноб Букатов Россия расмийлари қўллаётган сиёсатдан қидиришни тавсия қилди.

- Россия иқтисодининг кўплаб соҳалари муҳожирлар меҳнатига муҳтож. Квоталар бериш тартиби осонлаштирилаётгани жуда яхши. Шу тариқа ҳукумат мардикорларни ишчи кучи зарур бўлган тармоқларга йўналтирмоқда, дейди ОПОРА РОССИИ” ижтимоий ташкилоти бошқарув кенгаши аъзоси Борис Букатов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG