Линклар

АҚШ даги интернет домени провайдери шу кунларда дунë пойтахтларини жазавага солаëтган WikiLeaks сайтини ëпиб қўйганидан сўнг¸ сайт веб манзилини ўзгартиришга мажбур қолди. Айни пайтда¸ Швеция Олий суди жинсий тажовузда айбланаëтган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжни ҳибсга олиш ҳақида қарор берди.


Эртаклардаги ўтда ëнмас¸ сувда чўкмас қаҳрамонга қиëсланган ¸ WikiLeaks сайти ëпилишидан саноқли соатлар ўтиб-ўтмай¸ янги адрес билан яна виртуал дунëда пайдо бўлди.

АҚШ даги EveryDNS ширкати WikiLeaks ни домен номидан маҳрум қилганидан сал ўтмай сайт Швейцарияда рўйхатга олинган www.wikileaks.ch манзилида қайта пайдо бўлди. Тахминларга кўра¸ сайт ўз фаолиятини Швеция ëки Франциядаги махфий бункердан туриб давом эттирмоқда.

WikiLeaks нинг АҚШ даги домен провайдери тинимсиз равишда амалга оширилган ниҳоятда кучли хакерлик ҳужумлари тармоқдаги 500 мингдан ошиқ бошқа сайтларга ҳам таҳдид солгач¸ WikiLeaks сайтини ëпишга мажбур бўлганини билдирди.

AFP ахборот агентлиги суҳбатлашган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж адвокати Марк Стефенс¸ WikiLeaks ка қарши бошланган ҳар томонлама ҳужумлар¸ Ассанжнинг овозини ўчиришга қаратилганини айтди.

"Кимдир¸ афтидан давлат идорасида ўтирганлар¸ муболағасиз айтганда юзлаб миллион заиф компютерлар устидан назорат ўрнатиб¸ уларнинг баридан бир пайтнинг ўзида WikiLeaks сайтига кирган”¸ дея тушунтирди сайтга нисбатан бўлган ўта кучли ва нозик ҳужум моҳиятини Стефенс.

EveryDNS ширкатининг WikiLeaks ни ўз веб адресидан маҳрум қилиши¸ мазкур сайт чорак миллиондан ошиқ АҚШ махфий дипломатик ëзишмаларини чоп қилганидан сўнг унга қарши бошланган кенг кўламли ҳужумнинг навбатдаги зарбасидир.

Бундан бир кун олдин¸ АҚШ Конгресси босими остида Amazon.com WikiLeaks сайтини ўз серверидан чиқариб ташлаган эди.

WikiLeaks сайтига қарши уюштирилаëтган ўта такомиллашган киберҳужумлар баробарида¸ сайт асосчиси ва муҳаррири Жулиан Ассанжни панжара ортига ўтирғизиш уринишлари ҳам кучайиб бормоқда.

3 декабр куни Швеция Олий суди Жулиан Ассанжни ҳибсга олиш ҳақида берилган ордерни тасдиқлади. Ассанж Швецияда жинсий тажоввуз қилганликда айбланмоқда.

Швеция суди бу айбловларни инкор қилаётган Ассанжнинг аппеляция аризасини кўриб чиқишни рад этди. Ўзига қўйилаётган айбловларни WikiLeaks асосчиси Интернетда АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги ҳаракатлари ва дипломатик ёзишмаларга доир махфий ҳужжатларни эълон қилганидан кейин бошланган туҳмат кампаниясининг бир қисми ўлароқ баҳоламоқда.

Асли австралиялик 39 яшар Ассанжнинг ҳозир қаердалиги номаълум қолмоқда.

Бироқ Британияда чиқадиган Independent газетаси ва Ассанжнинг Лондондаги адвокатига кўра, инглиз полицияси унинг қаерда эканини билади ва у яқин кунлар¸ балки соатлар ичи ҳибсга олиниши мумкин.

Ҳозирча на реал дунëда ва на виртуал дунëда қўлга тушмай турган Жулиан Ассанж ва унинг сайти АҚШ дипломатик ëзишмаларини эълон қилишни давом эттириш орқали дунë пойтахтларидаги жазава оловига сув сепмоқда.

WikiLeaks ошкор қилган яна бир дипломатик ëзишмада АҚШнинг Афғонистондаги элчиси президент Ҳамид Карзайни ўзини Америкага ташланишдан тўхтата олмайдиган “васвасага тушган” “заиф” етакчи, дея атаган.

Карл Айкенберрига нисбат берилган бу фикрлар WikiLeaks эълон қилган навбатдаги махфий ёзишмалардан жой олган.

Яна бир ҳужжатда Айкенберрининг Карзайни “давлатчиликнинг оддий тамойилларини” билмасликда айблагани ва Афғонистонда давлат коррупциясининг нормага айланганига оид фикрлари бор.

Wikileaks сайти эълон қилган сўнгги махфий ҳужжатлардан яна бирида эса¸ Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов “калтафаҳм”, “одамлардан гумонсирайдиган” ва “учига чиққан ёлғончи”, дея таърифланган.

2009 йилда АҚШнинг Туркманистондаги ишончли вакили Силвия Рид Курран Вашингтонга юборган депешада туркман етакчисига берилган бу таснифларнинг қайси манбадан олингани ошкор қилинмаган.

Махфий телеграммада Бердимуҳммедовнинг шахсияти ва бошқа одамлар билан муносабатларига оид қатор фикрлар берилган.

Масалан, ҳужжатда айтилишича, Бердимуҳаммедов Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевларни “ёқтирмайди”.

Бундан ташқари, АҚШ элчисига нисбат берилган ҳужжатда Ашхобод раҳбарининг Қўшма Штатлар, Эрон ёки Туркияни ёқтирмаслиги, бироқ Хитойни ҳурмат қилиши айтилади.

Айни пайтда¸ Wikileaks да АҚШ дипломатик ëзишмаларидан Ўзбекистонга оид келтирилган ҳужжатларда¸ ҳозирга қадар жамоатчиликка маълум бўлмаган бирор янгилик йўқ.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG