Линклар

logo-print

Зайниддин Асқаров ўлимида Туркия собиқ ҳукумати айбланмоқда

  • Абдулла Искандар

Адвокат фикрича¸ Асқаров ўлими учун жавобгарлик Туркия собиқ Бош вазири ва президенти Сулаймон Демирал зиммасига тушади.

Адвокат фикрича¸ Асқаров ўлими учун жавобгарлик Туркия собиқ Бош вазири ва президенти Сулаймон Демирал зиммасига тушади.

Яқинда Ўзбекистон қамоқхонасидан ўлиги чиққан эътиқод маҳбуси Зайниддин Асқаровнинг Туркиядаги адвокати Гулдан Сўнмаз¸ Асқаровни депортация қилган Анқара мулозимларини маҳкамага берди. Унга кўра¸ Зайниддин Асқаров ўлимида¸ уни Тошкент қўлига топширган Туркия ҳукумати айбдор.

Туркиядаги "Мазлумлар" ташкилоти вакили¸ адвокат Гулдан Сўнмаз 1999 йилда Зайниддин Асқаров ҳимояси билан шуғулланган эди.

2010 йилда Ўзбекистон исломий ҳаракати етакчиларидан бири деб кўрилган Зайниддин Асқаровнинг қамоқдан ўлиги чиққани ҳақидаги хабар масалага қайта назар ташлаш эҳтиëжини уйғотди.

"Агар 1999 йилда Туркия ҳукумати Европа иттифоқи маҳкамаси ва инсон ҳуқуқи фаоллари ëхуд Асқаровни ҳимоя қилган менинг овозимга қулоқ берганида эди¸ балки марҳум бугун озодликда юрган бўлармиди"¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Туркиядаги "Мазлумлар" ташкилоти вакили Гулдан Сўнмаз.

- Бундан 10 йил олдин Туркия Ўзбекистонга депортация қилган Асқаров Зайниддин Абдурасуловичнинг қамоқда ўлдирилиши юзасидан асосий масъулият Туркиянинг ўша пайтдаги Бош вазири Сулаймон Демирал ва Вазирлар маҳкамаси зиммасида¸ деб биламиз.

Шу боис бу юзадан айбдор бўлганлар жазолансин¸ дея Туркия маҳкамасига даъво аризаси топширдик.

Биз Асқаров ўлимининг икки сабабчиси бор деб биламиз. Биринчиси¸ бу Каримов турмасидаги сурункали қийноқ оқибати. Иккинчиси эса¸ уни Ўзбекистонга ушлаб берган Туркия жумҳурияти.

Озодлик: Гулдан хоним¸ янглишмасам¸ сиз 1999 йилда Зайниддин Асқаров Туркия турмасида бўлганида унинг адвокати бўлгансиз¸ тўғрими?

- Ҳа, тўғри¸ марҳум 1999 йили аэропортда қамоққа олинганида мен унга ҳимоячи бўлган эдим. Зайниддин Асқаров Ўзбекистондаги таъқиблардан қочиб¸ 1989 йилда Туркияга келган эди. 1999 йил портлашларида иштирок этмаганини биз гувоҳлар иштирокида исбот қилган эдик. Аммо бизнинг далил исботларимизга қарамасдан¸ Асқаров 1999 йил 5 март куни Истанбулда қамоққа олинди. Биз ўша ондан бошлаб Асқаров ҳимояси билан шуғулландик.

1999 йил 12 март куни Туркия Вазирлар маҳкамаси истаги ва Туркия Ташқи ишлар вазирлигидан бўлган босимлар боис Зайниддин Асқаровни Ўзбекистонга депортация қилиш ҳақидаги қарор қабул қилинди.

Биз адвокатлар ўшанда бу қарорнинг адолатсизлиги ва Асқаровнинг сиëсий манфаатлар йўлида қурбон эканлигини исботловчи 100 варақлик ҳужжатлар тўпламини ҳукуматга тақдим қилдик.

Бизнинг саъйи ҳарактларимизга қарамасдан¸ Асқаров 26 апрел тунги соат 1 да¸ Туркия Вазирлар маҳкамаси қарорига кўра¸ Туркиядан Тошкентга олиб кетилди.

Асқаровни Тошкент ҳукумати 11 йилга озодликдан маҳкум этди. Жазонинг 11 йили ўтгандан кейин¸ унинг ўлиги чиқди. Биз бу ҳодисада айбдор дея даъво қилганимиз Туркиянинг 1999 йилдаги ҳукумати жавобгарликкка тортилиши учун жараëнни бошладик¸ дейди Озодлик билан суҳбатда туркиялик адвокат.

Туркиядаги "Мазлумлар" ташкилоти ҳатти-ҳаракатлари билан Зайниддин Асқаров иши ўз вақтида Европа судида кўрилган ва бу маҳкама Туркия Вазирлар маҳкамасининг 46951/99 сонли қарорини ҳақсиз деб топган ва Туркия ҳукуматига Асқаров оиласига 5000 евро товон пули тўлаш мажбуриятини юклаган эди.

Гулдан хонимнинг Озодликка айтишича¸ Туркия ҳукумати 5000 евро товон пулини Ўзбекистон банкларидан бирига ëтқизган¸ аммо пул на Асқаров ва на унинг оиласига етиб борган.

Адвокат Гулдан Сўнмаз марҳум Зайниддин Асқаров иши юзасидан маҳкама узоққа чўзилса ҳам¸ самарадан умидвор эканлигини билдирди.

16 феврал портлашларида айбланиб 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва 11 йил ўтирганидан кейин жорий йил ноябрида қамоқдан ўлиги чиққан Асқаров 2003 йилда бу портлашларни ҳукумат уюштирди¸ деб Озодлик ва бошқа хорижий радиоларга интервю берган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG