Линклар

Шу йил ёзда, июн қирғинида ёндирилган уйларнинг кули совумай туриб, Ўшда бир миш-миш тарқалди: "Анвар Ортиқов Роза Ўтунбаевага уйланиптиймиш!" Миш-мишни эшитган ўшликларнинг баъзилари "Йўғ-э", деди. Бошқалари чўзиброқ айтди – "Йўўғэээ!"

(Анвар Ортиқов - қирғизистонлик миллати ўзбек таниқли сиёсатчи, куни кеча иш бошлаган янги парламентнинг Ар-намис партиясидан сайланган депутати, Роза Ўтунбаева – Қирғизистон президенти)

Ўзбекларнинг кўпчилиги ишонди. Тўғрироғи, ишонгиси келди. Ўзбекларнинг кўпчилиги "Яхши бўпти", деди.

"Келинимиз бўпқопти Рўзахон, энди тинчлик бўпкетар", деганларини ўз қулоғим билан эшитдим.

Миш-миш шу қадар кучли эдики, ўша кунлари мен Ўшда, Анвар аканинг маҳалласи - Бешкўприкдаги култепалар орасида юрарканман, шу гапни маҳалла хотинларидан сўраш кўнглимга сиғди.

(Жойи келганда сўраб қолмаса журналистнинг тили тутилиб қоладия!)

"Вой, энди эшитяпсизми, Ўктамбек, ҳамма биладию бу гапни, Рўза эжа билан Киров мактабида бирга ўқиганда Анвар ака", дейишди.

Саволимни ўша куни Анвар аканинг Акаси олдида Келинойисидан ҳам сўрадим. "Вой, ўлинг сиз", деганди келинбуви шарақлаб кулиб.

"Ҳа"ям, "Йўқ" ҳам демаганди.

Дейишга улгурмаганди.

"Йиғиштиринг-э!" деб жеркиб берганди мени Акаси.

"Сўраш менинг журналистик бурчим, хизмат вазифамни бажарётганимда менга тажовуз қилманг", деб қутулиб қолгандим дарғазаб Акадан.

Ўшдан қайтаётиб Анвар аканинг ўзини аэропортда учратиб қолдим.

Миш-мишда жон бор-йўқлигини сўрашга ўшанда ҳожат бўлмади: ёнида 4-5 яшар ўғилча билан...

"Миш-мишга ўхшайди", деб қўйгандим ичимда.

Мана орадан 3-4 ой ўтди.

Афтидан, миш-миш – миш-мишгина экан.

Афтидан, Анвар ака чиндан ҳам Рўза эжага уйланмаган.

Ҳар ҳолда кейинги кунларда Ўшдан олинаётган хабарлар Рўза эжа ўзбекларга келинойи бўлганидан дарак бермаяпти.

Ўшликларнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот ходимларининг ўзбекларга зуғуми кейинги кунларда янада кучайган.

Ўзимни бировларга "Журналистман", деб таништира бошлаганимдан бери бугунгидай "сариқ" мавзуда бирон сатр ёзган эмасман.

Лекин Қирғизистон парламентида 2 декабр куни бўлган бир гап бу сариқ мавзуни сиёсий даражага кўтарди.

АКИпресс агентлигининг қирғизча "Баракелде" саҳифаси хабарига қараганда, депутат Ортиқов депутат Текебаев билан даҳанаки жанг қилаётиб "Мени Ўтунбаеванинг куёви деган миш-мишни Текебаев тарқатиб юрибди", дебди.

Мана ўша хабар:

"Баракелде - «Ар намыс» партиясынан депутат Анвар Артыков парламенттик отурумда сөз алып, парламенттик көпчүлүк азчылыкка кысым көрсөтүп, өзүм билемдик кылып жатат, деп сындады.

«Текебаев сиз деле Максимдин машинесин минип жүрбөйсүңөрбү, элдин акчасын жеп. Бакиевдин убагында спикер болуп деле иштебедиңер беле. Резиденцияга жашап жүрөсүңөр, канчалаган акчаны чачып. Мени Отунбаеванын күйөөсү деген ушак Текебаевден кетип жатат (таъкид бизники –С.У.) », - деди Артыков".

Ҳай, майли. Анвар ака Рўза эжага уйланмаса – уйланмагандир.

Лекин бу можарони ўйларканман, менда бир ғоя пайдо бўлди. Хотини қирғиз ўзбеклар ҳам, хотини ўзбек қирғизлар ҳам Қирғизистонда талайгина – алоҳида сиёсий партия -Келинойилар ва Поччалар партияси тузса бўладиган.

Шундай партия тузсалар зўр бўларди-да!

Сезяпсизми, гапни қаёққа опкетяпман?..

Депутат Ортиқов парламентда депутат Текебаев билан даҳанаки жанг қилар экан, ундан "Сизни Ўш воқеаларининг буюртмачиларидан бири, дейишади. Қодиржон Ботиров билан ўтказганингиз суҳбат интернетда турибди. "Ата Мекен"нинг вакиллари (Текебаев "Ата Мекен" партияси лидери –С.У.) Жалолободдаги воқеада 6 болани ўлдирган деган гап юрибди", деб сўрабди.

Анвар Ортиқовдан ташқари бундай ноқулай саволларни парламентдошига берадиган яна бирор депутат борми-йўқми, ҳозирча билмаймиз – депутатлар энди-энди иш бошлаяпти.

Аммо-лекин биз айтган партия – Келинойилар ва Поччалар партияси (қирғизчаси "Женгелер жана Жезделар" бўлиши мумкин) бўлса, Анвар Ортиқов ёлғизланиб қолмаслиги аниқ!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG