Линклар

NАТОнинг 2014 йилда ўз кучларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишига оид режаси Тожикистон хавотирига сабаб бўлмоқда. Президент Имомали Раҳмон, НАТОнинг бу режаси ортидан ўз давлати Афғонистон билан чегараларини мустаҳкамлаш учун ҳаражатларини оширишга мажбур бўлишини таъкидлаган.


Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, шунингдек, донор давлатлар тожик-афғон чегараларини мустаҳкамлаш учун молиявий кўмакларини ошириши лозимлигини ҳам таъкидлади.

- Афғонистондан халқаро коалиция кучларини босқичма босқич олиб чиқиб кетиш борасида Лиссабонда қабул қилинган қарор хавотирларимизга сабаб бўлиши табиий. Икки ўртадаги минг километрдан кўпроқ чегараларни қўриқлаш ва мустаҳкамлаш учун жуда катта миқдорда маблағ лозимдирки, Тожикистонда бундай маблағ йўқ, -деди жума куни Душанбе шаҳрида Тожикистон тараққиётига бағишланган Иккинчи Форумда сўзлай туриб, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон.

Президентга кўра, донор давлатлар бу йўналишда ўз молиявий кўмакларини кўпайтиришлари лозим бўлади.

Имомали Раҳмоннинг таъкидича, ўз мамлакати донор давлатлар ёрдамида тожик-афғон чегарасини ҳимоя қилиш баробарида Марказий Осиё ва Европа давлатларини наркотик моддалар савдоси, террорчилик ва экстримизм таҳдидидан ҳам сақлаб қолади.

Айни пайтда НАТО кучларининг Афғонистондан чиқиб кетиши минтақа ва хусусан Тожикистон хавфсизлигига таҳдидларни кучайтириши мумкинлигидан бонг ураётган тожик расмийлари Афғонистон билан чегараларини Россия чегарачилари ихтиёрига топширишга ҳозир эмаслар.

- Албатта халқаро коалиция кучларининг Афғонистондан чиқарилиши Тожикистон хавфсизлиги учун жиддий таҳдидлар туғдиради. Аммо биз бундан беш йил аввал рус чегарачиларини яна беш йилдан кейин шунақа таҳдидлар сабаб қайта қабул қилиш учун чиқариб юборганимиз йўқ. Бизнингча, тожик-афғон чегараларини мустаҳкамлаш учун халқаро донор давлатлар ўз молиявий ва техник ёрдамларини кўпайтиришлари зарур, - дея мулоҳаза юритади Тожикистон президенти қошидаги стратегик марказ раиси Сухроб Шарипов.

Шариповга кўра, тожикистонлик чегарачилар давлат чегараларини мустақил тарзда қўриқлай оладилар. Бунинг учун уларда етарли малака бор. Фақат пул ва замонавий техника бўлса бас.

Мустақил таҳлилчи Санобар Шерматова эса Афғонситон НАТО кучларидан бўшатилганидан сўнг тожикистонлик чегарачилар чегараларни етарли даражада қўриқлай олишига бир оз шубҳа билан қарайди.

- Тожикистонлик чегарачиларнинг Афғонистон билан чегараларини қўрқилай олиши ҳақида ҳозир бир нарса дейиш қийин. Менимча, НАТО кучларининг олиб чиқиб кетилишидан сўнг Афғонистонда юзага келадиган вазиятгина буни белгилаб беради. Яъни коалиция кучлари қайси сценарий асосида Афғонистондан олиб чиқилиши, яна ҳам аниқроқ айтадиган бўлсак, тожикистонлик чегарачиларнинг ўз вазифасини уддалай олишлари АҚШ ва Россия, Россия ва НАТОга кирувчи бошқа давлатлар ўртасида қандай келишувлар имзоланишига боғлиқ, - деган фикрда россиялик мустақил таҳлилчи Санобар Шерматова.

Шу ўринда айтиш лозимки, ўтган йил июни ва жорий йил сентябрида Тожикистон шарқида Афғонистондан ўтган жангариларнинг фаоллашуви тожик-афғон чегараларидаги вазиятнининг хавотирли эканини яна бир бор исботлади.

Тожикистон жанубида эса қуйи Панж дарёсидан Тожикистонга ўтишга уринаётган йигирмага яқин толибон жангариси ўлдирилган ҳақида ҳам хабарлар тарқалган эди.

Бошқа бир гуруҳ мустақил таҳлилчиларга кўра, ўтган аср охирларида Марказий Осиё давлатларидан Афғонистонга ўтиб қолган мухолиф кучларнинг Тожикистонга ҳам шарқ ва ҳам жанубдан таҳдид солаётгани бир кезда расмий Душанбе Россия чегарачиларига таянишга мажбурдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG