Линклар

Халқаро ҳамжамият ўрмон ёнғини ўчиришда Исроилга ёрдам қўлини чўзди


ИЛ-76 танкери Кармел ўрмонидаги ёнғинни ўчириш учун сув сепмоқда

ИЛ-76 танкери Кармел ўрмонидаги ёнғинни ўчириш учун сув сепмоқда

Ўт ўчирувчилар Исролда давом этаётган ўрмон ёнғинларига қарши тинимсиз кураш олиб бормоқда. Офат натижасида 40дан ортиқ одам нобуд бўлди, 15 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз жойларга эвакуация қилинди.

Дунё давлатлари Исроилнинг ўрмон ёнғинларини ўчиришда ёрдам бериш чақириғига жавоб бермоқда. Қўшма Штаталар ўт ўчиришда қўлланиладиган 45 тонна модда ва бошқа ускуналар жўнатди. Россия, Греция, Болгария, Миср, Испания, Озарбайжон ва Руминия давлатларидан Исроилга ўт ўчирувчи самолётлар ва бошқа мосламалар юборди.

Исроилнинг араб қўшнилари, хусусан, Иордания ва Миср ўз ўт ўчирувчи гуруҳларини Исроилга жўнатди. Ўзаро дипломатик муносабатлар соқувлашганига қарамай, Туркия Исроилга иккита ўч ўчирувчи самолёт жўнатди. Исроилнинг ёрдам чақириғига хатто Фаластин мухторияти ўзининг ўт ўчирувчи гуруҳларини жўнатиш билан жавоб берди.

Бош вазири Бенямин Нетаняҳу “Исроил билан бирдам бўлган” барча давлатларга миннатдорлик изҳор қилди. Нетаняҳу ёнғин кичик давлат учун фожиали бўлганини айтди.

- Бу улкан фожиа. Бизнинг қирқдан ортиқ одамларимиз даҳшатли ёнғинда нобуд бўлди. Касалхоналарда одамлар ўз ҳаётлари учун курашмоқда. Офат пайтида бедарак йўқолганлар бор. Ажойиб “Кармел” қўриқхонаси, дунёдаги энг ажойиб қўриқхоналардан бири ёниб кул бўлди. Биз ёнғин содир бўлган жойлардан 15 минг аҳолини хавфсиз жойларга эвакуация қилдик, деди Бенямин Нетаняҳу.

Исроилга халқаро ёрдам кўрсатилаётганига қарамай, 4 декабрда ўрмон ёнғинлари учинчи кун давом этди. Ўт ўчирувчилар бошлиғи Шимон Ромах ёнғин бир неча кун давом этиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмади.

Ўрмон ёнғини фавқулодда вазият юзага келган пайтда уни бартараф қилиш учун Исроилда жиддий камчиликлар борлигини намоён қилди.

Исроил фуқароларининг аксари ҳукуматни қурол аслаҳаларга миллиардлаб доллар сарфлаб мамлакатдаги ўт ўчириш хизматлари эҳтиёжига йиллар давомида лоқайд бўлиб келганликда айблади.

Айни пайтда 4 декабр куни ҳам одамлар хавфсиз жойларга эвакуация қилинди. Уйларини тарк этишдан бош тортганлар эса куч билан кўчирилди. Эвакуация қилинганларнинг аксари “Офер” ҳарбий базасига жойлаштирилди.

Исроил расмийлари ёнғин учун лоқайдлик сабаб бўлганини айтмоқда.

Ўрмон ёнғини пайтида нобуд бўлганларнинг аксари қамоқхонада практика ўтаётган ёш йигит-қиз зобитлар бўлган. Улар қамоқхонадаги 500 маҳбусни эвакуация қилишда ёрдамга кетаётган пайтда уларнинг автобуси ёниб кетган.
XS
SM
MD
LG