Линклар

4 декабр куни эрталаб Ўш шаҳрининг ўзбеклар истиқомат қиладиган Шаҳидтепа маҳалласида қуролланган бир гуруҳ ҳарбийлар “зачистка” ўтказди. Ҳар бир хонадонга кириб-чиққан ҳарбийлар ҳатти-ҳаракатлари яна аҳолининг норозилигига сабаб бўлди.

Шаҳидтепа маҳалласида яшаётган онасини хабар олгани борган, исмини ошкор этишни истамаган ўшлик аёллардан бири бу ҳақда шундай деди:

- Шаҳидтепада ҳозир зачистка бўлди, мен ҳам шу ерга келдим, чунки ота эшигим шу ерда. Бир хонадаонга аскарлар кириб, эски пиймаларни ноқонуний келтиргансан деб, паспортини олиб қўйишибди. Мен келгандан кейин қайтариб беришди. Абсолютно ҳар икки эшикнинг биттасидан 200-300 сомдан пул олишибди. Новвойни ҳовлисидаги ўн қоп унни қаердан олгансан, документ кўрсат деб, хуллас бошини айлантириб, ахийри 500 сом пулини олишибди.

Биттасини уйидан солдатлар картошка юклаганини ўзим кўрдим. Картошкаси кўп экан. Ўшандан текин олишибди. Машина номерларигача ёзиб олдим. Ҳарбийларни ўзини мошинаси экан, БМВ қизил мошина, номери Е 9241А. Одамларни уйларини ҳужжатларигача текшириб, турли баҳоналар қўллаб, пул беришга мажбурлашган.
Қизиғи шундаки ўртада маҳалланинг ўзбек одами юрган, у одам бирга юриб пулларни олишиб берган,-дейди ўшлик аёл

Яна бир шаҳидтепалик, исмини ошкор қилмаган бу аёлга кўра, зачистка баҳона аскарлар ҳамма ёғи куйиб кул бўлган ўшлик ўзбекларни яна шилишни мақсад қилиб қўйган:

- Зачистка бўлди, паспортларни бердик, ҳамма ҳужжатлар жойида эди. Беш йилдан бери ётган, ҳозир бир чақага ҳам арзимайдиган пиймани баҳона қилиб, паспортимни олиб қўйишди. Кейин ўғлимни ўзлари билан олиб кетмоқчи бўлди. Бир азоб билан уни қутқариб қолдим.

Энди бу ерда фақат ўзбекни қийнаш бўляпти-да, додингизни кимга айтишни билмайсиз. Ука, биз ҳам бу ҳаётдан тўйдик, агар қўлларидан келса бир йўла ҳамма ўзбекни қириб юборсин, ёки бўлмаса бизнинг ҳолимизга етадиган бир ёрдам бўлсин. Бу ерда умуман эркин яшаб бўлмай қолди, шарт этиб кўчадан болларимизни ушлаб олиб кетаверса, таъқиб қилаверса, энди бу ҳаёт эмасда.

Бир нарса деб ҳақ талашсак, бор Ўзбекистонингга, борганинг билан Каримов ҳам қабул қилмайди, деб гапи шу бўлиб қолди,-дейди шаҳидтепалик бу аёл.

Исмини ошкор қилишни истамаган бошқа бир шаҳидтепалик эса, қирғиз аскарлари уларга пул эвазига ўзбекларнинг уйига граната яшириб қўйишга ундаган:

- Бизда бундай бўлди, икки киши кетаётган эдик. Шеригим катта киши. Солдатлар турган эди. Кейин бизларни чақирди. Шеригимга битта лимончикни(граната) чиқариб кўрсатди-да, ана шуни ўзбекларни уйига қўйиб чиқсанг минг доллар бераман, деб айтди. Биз табиий бунга кўнмадик,-дейди шаҳидтепалик бу йигит.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG