Линклар

Ўзбекистонда 2011 йилнинг 1 январидан бошлаб учинчи гуруҳ ногиронларига янги пенсиялар тайин этилиши бекор қилинади. Шу йилнинг 3 декабр куни ўзбек сенаторлари ана шундай қарорга келдилар.

Ўтган ҳафта сўнгида ўзбек сенаторлари томонидан маъқулланган “Фуқароларни пенсия билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва тўлиқлашларга мувофиқ, янги йилдан учинчи гуруҳ ногиронларига янги пенсиялар тайин қилинмайди, бироқ уларни ишга жойлаштириш бўйича, техник ва бошқа воситаларни (протез-ортопедик жиҳозлар, курси-коляскалар, эшитиш аппаратлари, ҳассалар ва б.) имтиёзли равишда олиш бўйича, уларга маиший ва транспорт хизмати кўрсатиш бўйича имтиёзлар сақланиб қолади.

Сенат матбуот хизматининг маълум қилишича, мазкур қонунда тўлиқ бўлмаган меҳнат стажи эга бўлган фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқини қўлга киритиши учун зарур бўлган меҳнат стажининг минимал муддати белгиланган, айрим тоифадаги ходимларнинг муддатдан олдин пенсияга чиқиши бўйича имтиёзлар бериш масалалари ва б. тартибга солинган.

Ўзбекистон Меҳнат кодексига киритилган ўзгартиш ва тўлиқлашлар иш берувчига пенсия ёшига етган ходим билан меҳнат шартномасини узиш ташаббусини кўтариб чиқиш ҳуқуқини беради, иш берувчига пенсия ёшига етган ходим билан меҳнат шартномасини тўхтатиш бўйича ўз нияти ҳақида ходимни камида икки ой аввал ёзма равишда огоҳлантириш ҳамда ходим пенсия ёшига етиши муносабати билан муддатли меҳнат шартномасини муддатидан олдин тўхтатилган тақдирда унга товон пули тўлаш мажбуриятини юклайди.
XS
SM
MD
LG