Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:27

Балжувонда жанггари ови давом этмоқда


Тожикистон жанубида милиционерларни ўлдирган қуроллиларни тутиш амалиёти ҳали бирор-бир натижа бергани йўқ.
Тожикистон жанубида милиционерларни ўлдирган қуроллиларни тутиш амалиёти ҳали бирор-бир натижа бергани йўқ.

Тожикистоннинг Хатлон вилояти Балжувон туманида қуролланган жанггариларни тутиш амалиёти ҳамон натижасиз қолмоқда. Айни пайтда бу ҳудудга Хатлон вилоят хавфсизлик ва ички ишлар бўлимлари ходимларидан иборат катта гуруҳ ва вертолёт сафарбар қилинган.

Балжувон туман ички ишлар бўлими масъулларидан бири Сангали Нодирхоновнинг Озодликка билдиришича, ўтган тўрт кун давомида бу ҳудуддаги тоғлар ва чакалакзорларда ўтказилган зачистка ҳеч қандай натижа бермаган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги расмийси Нодирхонов ўзаро суҳбатда
қуролланган гуруҳ қайси томонга йўл олгани ҳозирча номаълумлигини қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 1 декабр оқшомида Балжувон туманига қаришли Дўланаобод қишлоғида қуролланган номаълум кишилар милиция ходимларига ҳужум қилиб, улардан уч нафарини ўлдирган эди.

- Милиция ходимларига бехосдан қилинган ҳужум натижасида Балжувон туман ички ишлар подполковниги Идибек Шарипов, Темурмалик туман хавфсизлик ходими Низомиддин Сайфиддинов ва шу туман шифохона ҳайдовчиси Убайдулло Сафолов отиб ўлдирилди, - дея билдирди Тожикистон Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Маҳмудулло Асадуллоев.

Жаноб Асадуллоев ўшанда яна бир милиционер ва бир нафар тинч аҳоли вакили Некруз Холов ўқотар қуролдан ярадор бўлиб, туман касалхонасига ётқизилганини ҳам қўшимча қилди.

Баъзи маълумотларга кўра, балжувонлик милиционерларга ҳужум қилган қуролли гуруҳ шу йил 23 августида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг вақтинча сақлаш изоляторидан қочган маҳбуслар бўлиши мумкин.

Эслатсак, шу йилнинг 23 август куни Миллий хавфсизлик қўмитаси изоляторидан қочган 25 нафар маҳбуснинг 15 нафари ҳанузгача озодликда қолмоқда.

Бироқ Асадуллоев бу маълумотларни тасдиқламади ва ҳозиргача ҳужумчиларнинг шахси аниқланмаганини айтди.

Айни пайтда балжувонлик воқеа гувоҳлари қуролланган жанггарилар маҳаллий аҳоли билан дарий тилида гаплашганини ҳамда улардан нон ва овқат сўраганини айтишмоқда.

- Қўшнимизнинг 6-синфда ўқийдиган ўғли Некруз Холов мактабдан қайтаётиб, шу қуролланган одамларга дуч келган. Улар бола билан дарий тилда гаплашган. Аммо қуролланган соқолли кишилардан қўрққан болакай жон-жаҳди билан қочган ва ўша пайт қуролли кишилар унинг оёғига отган. Ҳозир бола шифохонада, - деди ўзидаги маълумотлар билан ўртоқлашган балжувонлик Муҳаммадшоҳ.

Аснода Хатлон вилоят ички ишлар бўлими раҳбари Абдураҳмон Бузмаков бошлиқ гуруҳ Балжувон амалиётига тинч аҳолини ҳам жалб қилгани ҳақида хабарлар келмоқда.

- Бу ерлардаги чакалакзор ва йўлларни биз маҳаллий аҳоли яхши биламиз. Шунинг учун ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари таклифи билан тўрт кундан буён шу амалиётда қатнашаяпмиз, - дейди балжувонлик исмини айтмаган фуқаро.

Хатлон вилоят ички ишлар бўлим бошлиғи Абдураҳмон Бузмаков Озодлик мухбири билан ўзаро суҳбат чоғида қуролланган гуруҳни тутиш учун барча чора-тадбирларни ишга солишини ва ҳатто тоғлару чакалакзорлардаги овчиларни ҳам бу амалиётга жалб этиш кўзда тутилганини маълум қилди.

Айни пайтда қуролланган гуруҳларнинг Тожикистон шарқи Тавилдара ва Рашт туманларидан республика жануби Балжувонга кўчган ҳужумлари Тожикистон ҳукумати билан бир қаторда тинч аҳоли ташвишларига сабаб бўлмоқда.

Суҳбатларда маҳаллий аҳоли саросимада қолгани, тунларни уйқусиз ўтказаётганидан шикоят қилмоқда.
XS
SM
MD
LG