Линклар

Ўш қирғини кунлари жабрланганлар, жумладан зўрланган ўзбек қиз-жувонларига моддий ëрдам йиғиш кампанияси давом этаëтир. Мухбиримиз мазкур ëрдамни тарқатиш билан шуғулланаëтган ташаббус гуруҳи аъзоси Ҳафиза опа билан боғланиб, Ўшга эҳсон сифатида етиб борган маблағ ҳисоботини сўради.


Озодлик:
Шу кунгача тўпланган пул қанча бўлди?

- 5000 доллардан ортиқроқ пул тарқатдик. 500 долларимиз чўнтагимизда. Запасимиз 500 долларимиз бор. Ҳалиги 15та одамга тайëрлаб турибмиз ҳозир. Лекин бу пул етмайди чиқиб кетишга.

Озодлик: Демак, шу кунгача келган пул 5500 долларга етди.

- Ҳа.

Озодлик: 5000 долларни кимга тарқатдинглар?

- Жабрланганларга, ўқ еганларга, касал ëтганларга, қўрқувдан сахарний диабет бўлиб қолганларга, инсулинга 20 минг ажратдик, бердик қўлига – мана шунақа қилиб списокларнинг ҳаммаси ëзилган. Отчëтларимиз ҳаммаси ўз ўрнида.

Озодлик: Демак, шу кунда 500 долларларингиз бор.

- Бор.

Озодлик: Уни кимга ва нима мақсадда ишлатмоқчисизлар?

- Ҳозирги кунда 15та одамни тайëрлаябмиз. Булар касал. Ичида ранени бор, аëлларимиз бор. Ҳозирги вақтда иккита аëлимиз оғир. Кичкина соқов бўлиб қолган қизимиз бор. 15та одамни биз Ўзбекистонгами, Россиягами қаерга бўлса, жўнатишга тайëргарлик кўраяпмиз. Лекин 500 долларимиз етмайди.

Озодлик: Демак, бу 15 киши касалхонага ëтиши керак.

- Ҳа.

Озодлик: Ўшдаги касалхоналарга ëтқизса бўлмайдими?

- Улар унамаяпти Ўшдаги касалхонага ëтгани. Мана унамаса, биттаси мана Обиджонни жўнатдик.

Озодлик: Шу 15 кишининг муаммосини ҳал қилиш учун сизларга неча пул керак?

- Йўлкира керак уларга. У ерга борганда ким боқади уларни? Бу муаммо бор. Билмадик буиз қанча кетишини. Лекин биз барибир ҳаракат қилаяпмиз шунга қараб.

Озодлик: Уларнинг муаммоси нафақат пул, балки ташкилий жиҳатдан ҳам қийинчиликлари борда. Пулнинг бир қисмини балки қариндош-уруғлари топар. Ëки бунинг ҳам иложи йўқми?

- Қандоқ қариндош-уруғи топади? Ким ишлаяпти ҳозир? Ҳеч ким ишламаяпти. Қариндош-уруғлари ҳаммаси хароб. Ҳозирги кунда йиғлаб иккита аëлимиз телефон қилди Фурқатдан “кўмирим йўқ музлаб қолдим” деб. Буларда йўқ. Йўқ бўлганлиги учун охирги натижаси бизга келиб тақалди. Ëлғиз аëлларимиз бор экан. Улар ҳам мурожаат қилаяпти. Етим болалари бор, кам таъминланган оилалар мурожаат қилаяпти. Буларга жавоб айта олмаяпмиз биз, дейди Озодлик тингловчилари Ўшга жўнатаётган эҳсон пулларни муҳтожларга тарқатиш билан шуғулланаëтган ташаббус гуруҳи аъзоси Ҳафиза опа.

Ёрдам пуллари 19 ноябр куни 3600 долларга етгани тўғрисида ўз вақтида хабар берган эдик. Ўша пулнинг 400 долларига Ўш-Красноярск самолётига битта чипта сотиб олинган ва 25 ноябр куни ўша билет билан ўшлик Обиджон деган йигит учирилган эди.

Оёғидан яраланган Обиджонни ташаббус гуруҳи аъзолари Ўш аэропортига БМТ ва Қизил хоч ташкилоти вакиллари ёрдамида кузатиб қўйган эди.

Ҳафиза опадан 6 декабр куни Обиджон тўғрисида ҳам сўрадик.

- Обиджонни касалхонага ëтқизишипти. Ҳозир даволаяпти экан. 15 кундан кейин операция қиламиз деган эди. Акаси телефон қилиб "Раҳмат опа¸ ҳаммаси яхши" деди¸ дейди Ҳафиза опа.

6 декабр куни Красноярск билан боғланиб, Обиджоннинг акаси билан ҳам гаплашдик.

Озодлик: Обиджоннинг иши нима бўлаяпти? Операция бўлдими бўлмадими?

- Йўқ¸ ҳозир фақат лечение қилишаяпти. Бир қатор кўрайлик дейишаяпти.

Озодлик: Операция қилишарканми?

- Уни бирор ҳафтадан кейин айтамиз деди. Ичида бир нарсалари бор экан. Тозалашаяпти ҳозир.

Озодлик: Ўзи умуман аҳволи яхшими? Боргандан бери дуруст бўлиб қолдими?

- Ўзгариш бор, катта ўзгариш бор. Сал ўзига келиб, тозалашаяптида ҳозир, дейди Озодлик тингловчилари Ўшга жўнатган пулнинг бир қисмига сотиб олинган билет билан 25 ноябр куни Красноярскка етиб олган Обиджоннинг акаси.

Обиджоннинг акаси ҳам, айтишича, Ўш воқеаларидан кейин Россияга чиқиб кетишга мажбур бўлган ўшлик йигитлардан биридир.

Озодлик тингловчилари Ўшга жўнатаётган эҳсон пулларни муҳтожларга тарқатиш билан шуғулланаëтган ташаббус гуруҳи аъзоси Ҳафиза опа 6 декабр кунги мулоқотимиз давомида "Яна бир гап бор, айтсамми-айтмасамми", деб қолди.

Айтинг, дедик.

- Энди мана шу биз айтган эдик иккита қизимиз чет элга чиқиб кетишга ҳам тайëр. Турмушга чиқиб кетишга. Шу иккита қизимиз аниқ. Қўлимда нимаси бор. Агар иложи бўлса¸ мана шу қизнинг нмасини интернетдан биз бериб юборамиз. Шуни сўрай девдим. Америкалардан куëв чиқибди¸ нималардан чиқаяпти. Иккита боласи бор. Имонли қиз экан. Тўполоннинг ичида қолиб кетган.

Озодлик: Иккита аëл чет элга бўлса ҳам турмушга чиқишга рози.

- Ҳа¸ рози.

Озодлик: Уларнинг фамилияларини, исмларини айта оласизми?

- Фамилия исмини у қиз айтманг деган эди.

Озодлик: Ëшлари нечада?

- Ëши 35да бор. Анави қизники 18да.

Озодлик: 35 ëшли аëлнинг болалари ҳам бордир.

- Иккита боласи бор.

Озодлик: Ўғилми қизми?

- Бир қиз, бир ўғил.

Озодлик: 18 ëшли қиз.

- Қиз бола. Қиз бола бўлиб тўполонда қолиб кетган. Бугун эрталаб келди яна биттаси. Йиғлаб келди. Аëллар келаяпти. Буларга қандай ëрдам берамиз бош қотиб қолди, дейди Озодлик тингловчилари Ўшга жўнатаётган эҳсон пулларни муҳтожларга тарқатиш билан шуғулланаëтган ташаббус гуруҳи аъзоси Ҳафиза опа.

Ўш қирғинида жабрланган миллатдошларимизга ёрдам кўрсатмоқчи бўлган инсонлар ўз ҳайрияларини қуйидаги ҳисоб рақамига жўнатишлари мумкин:

DEMIR Kyrgyz international Bank

IZZATILLA RAKHMATILLAEV 62561
KGS Acc : 1180000027957832
USD Acc : 1180000027957630
BIC:118002. SWIFT:DEMIKG22


Иззатулла Раҳматуллаев билан боғланмоқчи бўлган миллатдошлар учун ҳуқуқ фаолининг телефон рақами: +996 772 666 263¸ электрон почта манзили эса: zakon_poryadok@inbox.ru

Жабрдийдаларга оғир кунда ёрдам қўлини чўзганлардан Оллоҳ рози бўлсин!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG