Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:00

Ўшда янги қурилган уйлар яна бузилиши мумкин


Эндигина битказилган уйларнинг қайта бузилиши мумкинлиги ҳақидаги гап кўпчилик ўшликларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.
Эндигина битказилган уйларнинг қайта бузилиши мумкинлиги ҳақидаги гап кўпчилик ўшликларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда.

Шу йилнинг 3 декабр куни Ўш ва Жалолобод шаҳарлари бош плани муҳокама қилинган мажлисда июн ойида ёқиб юборилган уйлар ўрнига халқаро ташкилотлар пулига қурилмиш турар-жойлар Ўш шаҳрининг бош планига тўғри келмаслиги ҳақида айтилди.

БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси маълумотларига кўра, июн ойида Қирғизистон жанубида содир бўлган тартибсизликлар чоғида 1690 та уй яшаш учун мутлақо яроқсиз аҳволга келиб қолган.

Июн воқеаларида жабрланганлар учун қурилмиш “оралиқ” уйларга сарфланган маблағнинг 80 фоизини БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси, қолган 20 фоизини эса Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ажратган.

“Қурилишда умумий ҳисобда 10 миллионга яқин ғишт, 7 миллион тонна цемент ишлатилди. 9 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ қурилиш ишлари бажарилди. Ҳозирги пайтда барча уйлар фойдаланиш учун топширилди. 13 400 нафардан кўпроқ киши уй-жой билан таъминланди. БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси барча муҳтожларга кўмак кўрсатишда давом этади, шунингдек, муроса, тинчлик ва барқарорлик учун асос яратиш мақсадида қонун устиворлиги ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини тиклаш бўйича тадбирлар ўтказади”, дейилади БМТ ҚИОКБ матбуот варақчасида.

Аснода бу “оралиқ” уйлар қирғиз расмийлари тайёрлаган Ўш ва Жалолобод шаҳарлари бош планига тўғри келмагани учун яқин вақт ичида бузилиши мумкин. 2025 йилгача шаҳарни қайта қуришни кўзда тутган лойиҳа, агар Қирғизистон парламенти томонидан маъқуллангудек бўлса, фақат янгидан қурилган уйларгина эмас, июн воқеалари чоғида ёнғин омон қолган айрим уйлар ҳам бузилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Лойиҳа муаллифлари буни Ўшдаги кўп уйларнинг зилзилабардош эмаслиги билан изоҳлашга уринмоқдалар.

Айни пайтда Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси вакиллари Озодлик радиосининг қирғиз хизматига берган суҳбатида мазкур уйлар расмийлар рухсати билан қурилаётганини айтган.

- Ҳозир биз уларни халқаро донорлар маблағи ҳисобидан қураяпмиз. Уларнинг талаби бўйича инсон ҳуқуқлари асосий ўринда туради. Уйи куйиб кетган фуқароларнинг турар-жойга, ерга бўлган ҳуқуқини бузишга бизнинг ҳақимиз йўқ. Шунинг учун қаерда шикастланган уй бўлса, ўша ерга биз шаҳар мэрияси рухсати билан қураяпмиз, - деди Ўш ва Жалолободни қайта тиклаш дирекцияси раҳбарининг ўринбосари Қадамбай Бақтиғулов.

Ўш шаҳар мэрияси вакиллари эса бу уйларнинг вақтинча турар-жойлар эканини, вақти келиб уларнинг ўрнига кўп қаватли уйлар қурилажагини айтмоқда.

- Дирекция томонидан қурилаётган уйларга вақтинчалик рухсат берилган. Агар бош план амалга оширилгудек бўлса, унга мувофиқ келмаган уйлар бузилиб, ўрнига кўп қаватли уйлар қурилади. У ерда яшаганлар билан ҳокимият ўртасида шартнома тузилади, кейин бошқа жойда қурилган кўп қаватли уйлардан уларга турар-жой берилади. Уларга товон пули ёки шаҳарнинг бошқа мавзеидан ер беришимиз ҳам мумкин, - деди Ўш шаҳрининг биринчи вице-мэри Таалайбек Сабиров Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Бироқ июн воқеалари чоғида ўт қўйилган маҳаллаларда яшовчи ўшликлар ўз уйлари ўрнига кўп қаватли улар қурилишига рози эмаслар.

- Ҳозир уйларимизга қанчадан-қанча маблағ сарфладик. Агар бу жойлар шаҳарнинг генпланига тўғри келмайдиган бўлса, нима учун аввалдан айтишмади? Менимча, бизнинг маҳаллалар эски шаҳар қатори қолавергани маъқул. Янги шаҳар қуриш учун бошқа жойлар бор, масалан, Западный микрорайони каби. Ўша жойларга кўп қаватли уйлар қураверсинлар. Зўрға битираётган уйларимизни “бузамиз” деса, яна қанча маблағ исроф бўлади, - деди Ўш шаҳрининг Навоий кўчасида яшовчи Шаҳобиддин Ҳамроқулов.

Бироқ айрим кузатувчилар 20 йилдан бери амалиётга татбиқ этилмаган шаҳар бош плани бундан буён ҳам амалга оширилишига шубҳа билан қарамоқдалар. Бунга бир қатор сиёсий ва иқтисодий омиллар, шу жумладан, Қирғизистонда авж олган коррупцияга ҳам монелик қилиши мумкин.
XS
SM
MD
LG