Линклар

logo-print

Газпром Тожикистонни табиий газга қарамликдан қутқармоқчи

  • Гулнора Равшан

Россия "Газпром"и раҳбари Алексей Милляр "Сариқамиш" конидаги газ заҳирасини ўзлаштириш учун ўз ширкати барча имкониятларни ишга солишини айтди.

Россия "Газпром"и раҳбари Алексей Милляр "Сариқамиш" конидаги газ заҳирасини ўзлаштириш учун ўз ширкати барча имкониятларни ишга солишини айтди.

Газпром раҳбари Алексей Миллер Душанбе шаҳридан 36 километр нарида жойлашган “Сариқамиш” газ қудуғидаги тахминан 60 миллиард куб метр табиий газ заҳираси ўзлаштирилса, Тожикистон яқин келажакда энергетика мустақиллигини қўлга киритишига ишонишини айтди.

Миллерга кўра, бу газ заҳираси ўзлаштирилган тақдирда тожикистонликлар келгуси 50 йил давомида маҳаллий газ билан таъминланади.

- Бу бутун МДҲ бўйича энг чуқур ва энг замонавий газ қудуғидир. Бу ердаги газ заҳиралари 6300 метр чуқурликда мавжуд. Айни пайтда “Газпром” бу қудуқни пармалаш ишлари учун энг замонавий техникани сафарбар қилган. Биз яқин келажакда Тожикистон минтақада энергетика мустақиллигини қўлга киритишига ишонамиз, - дея маълум қилди “Газпром” раҳбари Миллер.

Душанбе яқинидаги Шаҳринав туманида аниқланган “Сариқамиш” газ майдонида бурғулаш ишларига россиялик мутахассислар 7 декабр тонгидан киришдилар.

Алексей Миллер энг чуқур қудуқ экани айтилаётган “Сариқамиш”да бошланган пармалаш ишлари мунтазам равишда олиб борилишини ва бунинг учун қанча маблағ зарур бўлса, ўз ширкати аямаслигини таъкидлади.

Айтилишича, “Сариқамиш”даги газ заҳираларини ўзлаштириш учун ўнлаб миллион АҚШ доллари лозим бўлади.

Эслатиб ўтамиз, “Сариқамиш” конида газ заҳираларини аниқлаш учун “Газпром” ширкати 2007 йил кузида Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлигидан расмий рухсат олган эди.

“Газпром” раҳбари Миллер бу газ кони истиқболлари ҳақида гапира туриб, келажакда Тожикистон бошқа давлатларга бўлган табиий газ қарамлигидан қутулиши мумкинлигини қайд этди.

Ўз табиий газига эга бўлмаган Тожикистон шўро замонларидан буён газга бўлган эҳтиёжини Ўзбекистондан сотиб олинадиган газ ҳисобига қондириб келган.

Бу мамлакатдаги деярли барча саноат корхоналари импорт қилинаётган табиий газ билан ишлайди.

Шу йилнинг ноябрида Душанбега иш сафари билан келган Россия энергетика вазири Сергей Шматко журналистларга берган интервьюсида Тожикистонда ҳеч қандай газ заҳираси йўқлигини айтган эди.

“Газпром” ширкати раҳбари Алексей Миллер эса Шматко жанобларининг бу даъвосини рад этди.

- Биз “Сариқамиш” газ конидан ташқари Тожикистондаги яна учта газ конида ҳам тадқиқотлар олиб бормоқдамиз. Ундан ташқари, биз бугун эрталаб Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан музокараларимизда бу мамлакатда ширкатимиз фаолиятини кенгайтиришга ҳам келишиб олдик. Бу ерда гап Тожикистон шимолидаги газ ва нефт конларни аниқлаш ҳамда ўзлаштириш ҳақида кетаяпти. Шунингдек, биз тожикистонлик мутахассисларни тайёрлашга ҳам ваъда бердик, - деди 7 декабр куни тожикистонлик журналистлар олдида гапирган Алексей Миллер.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, Россиянинг “Газпром” ширкати Данғара туманидаги “Саргазон”, Рудакий туманидаги “Ренгон” ва Ҳисор туманидаги “Шоҳамбари” газ конларида ҳам иш олиб бормоқда экан.

Аснода тожикистонлик мутахассислар мамлакатнинг бу қадар осонлик билан ўз табиий газ заҳираларига эга бўлиши ва келгуси эллик йил давомида миннатсиз табиий газдан фойдаланишига шубҳа билан қарашларини айтмоқдалар.

- Бу ҳаммаси ҳали тахминлар, бу фақат гап. Аввал қудуқларда пармалаш ишларини охирига етказиш ва ўшандан кейин қанча газ борлиги ва унинг қанчага етиши ҳақида гапириш керак, - дейди Тожикистон энергетика вазирлиги расмийси Имомали Аслов.

Аммо Тожикгеология корхонаси раиси Азим Иброҳим Тожикистонда газ ва нефт заҳиралари Иттифоқ давридаёқ аниқланганини ва унинг харитаси ҳам мавжудлигини билдирди.

“Тожикгеология” корхонаси расмийсининг айтишича, Россия ва шунга ўхшаш бошқа хорижий ширкатлар бугун ўша эски харита бўйича Тожикистондаги газ конларида иш олиб бормоқдалар.

- Биздаги газ конлари 6 минг метр чуқурликда бўлгани ва ўша даврларда уни ўзлаштириш учун зарур техника йўқлиги сабабли бу қудуқлар очилмай қолган эди. Мана бугун Россия, Америка ва Канада каби йирик давлатлардаги ширкатлар ана шундай имкониятларга эгалиги учун Тожикистонда газ заҳиралари аста-секин улар ёрдами билан ўзлаштирила бошланади, - деди “Тожикгеология” раиси Азим Иброҳим.
XS
SM
MD
LG