Линклар

“Баркамол авлод йили” ёш авлодга нима берди?


"Баркамол авлод йили"да қатор ислоҳотлар, хусусан ёшлар учун иш жойлари яратилгани айтилаётганига қарамасдан, миллионлаб ўзбек ёшлари ўзга юртларда мардикорлик қилмоқда.

"Баркамол авлод йили"да қатор ислоҳотлар, хусусан ёшлар учун иш жойлари яратилгани айтилаётганига қарамасдан, миллионлаб ўзбек ёшлари ўзга юртларда мардикорлик қилмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг “ҳеч кимдан кам эмасмиз ва кам бўлмаймиз ҳам” мазмунидаги ғоя ва шиорларига йўғрилган “Баркамол авлод йили" ҳам ниҳоясига етиб қолди. Йил сарҳисобини қилиб, ғалвирни сувдан кўтарадиган бир пайтда тугаб бораётган йил манзарасига бир назар ташласак.


Ўзбек расмийлари “Баркамол авлод йилида” миллат ёшларини XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳар томонлама ривожланган шахслар бўлиб етишиши йўлида қилинган ишлар мақтовга сазоворлигини таъкидлашмоқда.

Бунга ЎзА сайтидаги ўнлаб мақолаларни мисол қилиш мумкин. “Президентимиз Ислом Каримовнинг раҳнамолигида мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан баркамол, маънавий жиҳатдан етук этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилиб, давлат, жамоат ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётир”, деб ёзади ЎзА “Баркамол авлод йилига” бағишланган мақолалардан бирида.

Тошкентдаги “Веритас” ёшлар ташкилоти фаоли Санжар Саидов “Баркамол авлод йилида” ёшларни иш билан таъминлашга қаратилган эътиборни олқишлашини айтади.

- Баркамол авлод йили дастури асосида қабул қилинган бир-иккита қонун ҳужжатлари кўпроқ ëшларнинг бандлигини таъминлашга, умуман ëшларнинг бўш вақтини самарали ўтказишга қаратилган чора-тадбирлар деб айтишимиз мумкин. Президентнинг ëшларни тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш йўлида қабул қилинган фармони ва 2010 йилга мўлжалланган аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида парламентнинг махсус дастурига биноан республика бўйича бир йил давомида 950 мингта янги иш ўринлари яратилиши керак эди. Бу ерда 300 мингдан ортиқ меҳнат бозорига янги кириб келаëтган ëшларни 2010 йилда иш билан таъминлаш масаласи қўйилган. Статистикага қарайдиган бўлсак, бугунги кунгача бўлган даврда айни режанинг 80 фоизга бажарилди деган расмий маълумотларни кўришимиз мумкин, дейди Санжар Саидов.

Жорий йилнинг 28 июл куни Ўзбекистон президенти коллежлар, академик лицейлар ва олий ўқув таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштирилишига янги имкониятлар берувчи “Таълим муассасаларининг битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора – тадбирлар тўғрисидаги” фармонини имзолади. Айни фармон ҳам “баркамол авлод” йилида мамлакат ёшларига қилинаётган ғамхўрлик ўлароқ баҳоланди.

Сурхондарёнинг Денов туманида яшовчи 20 ёшли Абдулла Азимов имзоланган фармонлару, ёшлар учун яратилган иш ўринлари фақат қоғозда бўлиб, уларнинг ёшларга бир тийинлик фойдаси бўлмади деган фикрда.

- Янги иш ўринлари яратилди, фақат қоғозда. Лекин ишлаëтган ëшларни кўрмайсиз. Ҳаммаси бекорчи. Ҳозир мактаб ва коллеж ўқувчиларида тезроқ битириб Россияга кетайлик деган мақсад бор холос. Ҳаммани пул қизиқтиради. Ўқийман деган боланинг ўзи йўқ. Ўзи умуман деярли қолмаган. Сабаби жамиятда бўлаëтган ишларни кўрган боланинг ҳаëтдан кўнгли совиб кетганда. Ишонмайдида. Бирор катта мақсадни олдига умуман қўймаган. Фақат четга бориб ишлаб келиш нияти бор, дейди Абдулла Азимов.

Жорий йилнинг18 майидан Ўзбекистонда кўнгилочар жойларга вояга етмаганларнинг тунда кириши тақиқланди ва бу борадаги қонун “Баркамол авлод йили”да вояга етмаганлар орасида жиноятчиликни камайтириш мақсадида қабул қилингани айтилди.

- Ëшларнинг бугунги кундаги глобаллашув жараëнларидаги ҳар хил “ëт ғоялар” ëки бўлмаса “оммавий маданият” деб номланувчи таъсирлардан асраш ва қандайдир миллий маданият ëки бўлмаса миллий нималарни шакллантириш бўйича ҳам кўпгина амалий ишлар, ҳуқуқий нормалар ҳам шунга кўпроқ йўналтирилди. Яъни бунга айтиб ўтишимиз мумкин бу йўлда қабул қилинган ëшлар назоратсизлиги профилактикаси тўғрисидаги қонунни кўрсатишимиз мумкин. Вояга етмаганларни, 18 ëшга тўлмаганларни кечки вақтда тунги клубларда, ҳар хил кўнгилочар жойларда ота-онасиз ëки бўлмаса ëлғиз юришининг тақиқланиши деган нормада ўз аскини топган. Шу жиҳатларни эътироф этиш мумкин айнан ëшларни қайсидир маънода ҳар хил ëмон йўлларга ëки бўлмаса ҳар хил бошқача ғояларга, зарарли ғояларга тушиб қолмаслиги учун бунақа ҳуқуқий нормаларни қўллаб-қувватлаш керак деб ўйлайман, дейди Санжар Саидов.

Жорий йилда “Баркамол авлод” учун кўплаб янги таълим масканлари бунёд этилди. Биргина Денов туманида иккита коллеж фойдаланишга топширилди. Бироқ Абдулла Азимов бу коллежларнинг қурилиши ёшлар билим-савиясига ижобий таъсир қилгани кузатилмади дейди.

- “Баркамол авлод йили”, деб мана коллежлар қурилди. Деновнинг ўзида ҳам спорт ва кончилик коллежи қурилди. Лекин умуман ўқийдиган боланинг ўзи йўқ. Домлалар фақат ўз-ўзларига дарс беради. Бекордан бекорга давлатнинг пулини ҳавога совиришаяпти. Бошқа коллежларда ҳам шундай. Битта коллежда 1000та ўқувчи ўқийдиган бўлса, 500таси дарсга келмайдида. Умуман дарслар ўтилмайди. Ёшларнинг билим савсияси пасайиб кетган, саводсизланиб бораяпти кундан кунга. Ҳозирги ëшларни баркамол деб айтиш менимча нотўғри. Сабаби ҳозирги ëшларнинг бирортаси ўзининг мустақил фикрига эга эмас. Ўзининг ҳуқуқини билмайди. Ҳақини талаб қилолмайдида. Уларни баркамол авлод деб аташ тўғри эмас, дейди Абдулла Азимов.

Санжар Саидов “Баркамол авлод йилида” ёшларни энг кўп қийнаган муаммолардан айримларини тилга олади.

- Мана шу йилда энг оғриқли масала, бу айнан талабалар орасида кўпроқ учради, стипендияларни бу йилдан бошлаб кўпчилик жойларда 50 фоиз, кўпчилик жойларда ундан ҳам ортиғини пластик карточкага ўтказиш ҳолати бўлган. Шу асосда айнан вилоятдаги ўқув юртда ўқиëтган талабаларда бу катта норозиликка сабаб бўлган ҳолат деб айтиш мумкин. Кейин яна бир муаммо. Ҳозир тенденция кетаяпти. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ижтимоий гуманитар соҳаларда илмий иш қилиш жуда қийинлашиб бормоқда. Айнан сиëсий гуманитар фанларда қайсидир шахс ëқлаëтган бўлса, унинг илмий иши кўплаб чиғириқлардан ўтказилади. Яъни айнан ëзаëтган илмий ишингиз энг аввало амалдаги ҳукуматнинг идеологиясини қўллаб-қувватлайдиган ва шундан чиқмайдиган йўналишда бўлиши керак. Агарда қандайдир алтернатив фикр билдириш ëки бўлмаса қандайдир бир ўзгачароқ, мустақилроқ илмий иш қилинадиган бўлса, уни ëқлашнинг умуман иложи йўқ. Бу ҳам илмий иш қилаëтган ëшлар орасида катта муаммолигича қолмоқда, дейди “Веритас” ёшлар ташкилоти фаоли Санжар Саидов.

“Баркамол авлод йили” Давлат дастурида белгиланганидек, жорий йилда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни диний ва экстремистик таъсирлардан, тубан “оммавий маданият” хуружларидан ҳимоя қилишга доир комплекс чора-тадбирларни амалга оширилгани қайд қилинди. Кузатувчиларга кўра, айни тадбирлар натижасида ўнлаб ёшлар диний мотивлар билан узоқ муддатларга қамалди. Биргина Жиззах вилоятида 25 нафар ёш йигит исломий жиҳод гуруҳи тузганликда айбланиб, икки йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилинди.

“Баркамол авлод йилида” яратилган юзлаб янги иш ўринларига қарамай мардикорликка кетаётган ёшлар оқими бу йилда ҳам камайгани кузатилмади.

Шунингдек, жорий йилда ўқувчи ва талабалар ўқиш ўрнига одатдагидай пахта далаларига ҳайдалди. Айрим вилоятларда, масалан, Сурхондарёнинг Ангор туманида ҳатто ўн яшар болалар ҳам пахта теримида эксплутация қилингани маълум.

“Баркамол авлод” йилида кузатилган ҳолатлардан яна бири- аёлларнинг стерилизация қилиниши бўлди. Туғилишлар сонини камайтириш мақсадидаги айни ҳолат “Баркамол авлод” йилида “Соғлом она-соғлом бола” ғояси асосида амалга оширилаётгани таъкидланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG