Линклар

logo-print

Солиқлар қанчалик соддалашди?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонлик тадбирокорлар "даромаднинг бир қисмини яширмасак, уйимизни топа олма қоламиз", дейди.

Ўзбекистонлик тадбирокорлар "даромаднинг бир қисмини яширмасак, уйимизни топа олма қоламиз", дейди.

Ўзбекистон солиқ тўловларини соддалаштириш бўйича дунё мамлакатлари рейтингида 154 ўринга қўйилди. Бу рўйхат PwC ширкати, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси ҳисоботига илова қилинган. Ўзбекистонга берилган баҳо воқеликка тўғри келганидан бўлса керак, тадбиркорлар даромаднинг бир қисмини солиқдан яширишга мажбур бўлмоқда.


Бу яширин даромад эса, тадбиркор фаолиятини текшириш баҳонасида турли идоралардан кетма-кет келадиган "меҳмонларни" сийлашга сарф бўлмоқда.

Солиқларни соддалаштириш рейтинги бўйича Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 39, Қирғизистон 150, Тожикистон 165 ўринларни эгаллади.

PwC компанияси, Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг қўшма ҳисоботига кўра, бу соҳада Марказий Осиё давлатларида умумий солиқ ставкаси 3,1 фоизга камайган, солиқларни расмийлаштириш учун кетадиган вақт 16 соатга қисқарган ва солиқ тўловлари сони 5 тага камайган.

Ўзбекистон бу рейтингда 154 ўринни эгаллади. Тадбиркорлар сўнгги йилларда Ўзбекистон солиқ тизимида бир қанча ўзгаришлар бўлганлигини, бундан ўн йил илгариги даврга нисбатан анча соддалашганини айтади.

Тошкентдаги солиқлар бўйича маслаҳат берувчи “Mansurov tax consalting” масъулияти чекланган жамияти директори Ботиржон Мансуровнинг Озодликка айтишича, сўнгги беш йил орасида кичик бизнес билан шуғулланувчи тадбиркорлар учун ягона солиқ тўлови миқдори икки баравар камайган:

- Бизларда соддароқ. Бизларда кўп нарса очиқчасига барибир кўриниб турибди. Масалан Россияда кўп корхоналар НДС (Қўшимча қиймат солиғи) тўлайди. Бизда кўп корхоналар бу солиқни тўламайди. Ўзбекистонда ҳозир ўрта бизнес деган тушунча ишлатилмайди. Бизда кичик ва катта бизнес бор. Кичик бизнес бизда асосан дейлик 100тагача бўлган ишчилар ишласа, кичик бизнесга киради. Қанчалик даромад кўришининг фарқи йўқ. 2011 йилдан бошлаб уларнинг умумий даромадидан тушадиган солиқ 6 фоиз. Менимча, Қозоғистонда ҳам, Россияда ҳам бунақа солиқ ставкалари йўлга қўйилмаган. Ягона солиқ ставкаси ҳозирги кунда беш-олти йил ичида 13 фоиздан 6 фоизга тушди,- дейди “Mansurov tax consalting” масъулияти чекланган жамияти директори Ботиржон Мансуров.

Бухородаги “Мўйначи 2000” кичик корхонаси директори Миршариф Абдуллаев ҳам солиқлар тадбиркорлар учун жуда қулай ва содда қилиб белгиланганини айтади:

- Мен юридик шахс бўлганим учун корхона ҳисобланаман, 6 фоиз тўлайман. Бу ҳеч қанча ҳам эмас. Умумий обëмнинг олти фоизини ташкил қилади. Соддалаштирилган солқи тизими буни ҳисоблаш учун жуда катта бухгалтер ҳисобчи керак эмас. Ўзингиз ҳам масалан умумйи даромадингизни биласизку. Манма шунинг олти фоизини шарт тўлаб қўясиз. Солиқ тизимидан бирор киши келиб сизнинг бошингизни оғрита олмайди. “Мана олти фоиз тўланган. Менинг бошимни оғритма”, всë кетаверади. Тўлаб борган ойларим, йилларим борку, тўлақонли умумий иш стажига ўтади.

Бироқ ўзбекистонлик тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам бундай фикрда эмас. Илгари тадбиркорлик билан шуғулланган қашқадарёлик Алишер ака фикрича, солиқ хизмати ходимлари бугун мамлакатдаги бой қатлам вакилларига айланган. Уларнинг асосий даромади расмий маоши эмас, балки тадбиркорлардан ундирилган музддир, дейди Алишер ака:

- Солиқчиларда ниманинг орқасидан тагида Нексия, унисининг тагида Жип. Қаердан олаяпти? Битта маошига шунча нарса қилиши мумкинми? Мана пластика деган нарса чиқди. Пластикда биласиз бу тўппа тўғри бориб банкнинг компьтерига тушади. Шунинг учун дўконлар, умуман пластик карточкага савдо қиладиган шаҳобчалар, бензин қуйиш, газ қуйиш ҳаммаси фақатгина хўжакўрсинга қабул қилишадида, қолганига нақд пулга дейишади. Ëки бўлмаса 10-20 фоизга устама. Мана сиздан қаерга даромад яширади. Униси ҳам, буниси ҳам келишилган. Ҳаммаси шунинг орқасидан.

Узоқ йиллар тадбиркорлик билан шуғулланган Нурилло Мақсудовнинг айтишича, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг соф даромадини солиқдан яшириб, фаолият юритиши жуда кўп учрайдиган ҳодиса, чунки:

- Бизда ҳаммаси бер-бер деб келаверади. Нимага кўпроқ солиқларни яширишга ҳаракат қилади деса, солиқ тўлайсиз, лекин солиққа қўшимча яна шунча тўлов ташкилотлари бўлади. Бу ҳисобдан ташқари. Ўша нарса тадбиркорларнинг ниҳоятда тинкасини қуритиб юборадики, шунақа текширувчилар жуда кўп. СЭСдан келади, солиқдан келади, пожарнийдан келади. У сизнинг нотўғри жойингизни топиб туриб “Мана бу ерни тўғирлаб қўйинг. Бунақа қилиб ишламанг” демайди. Иложи борича сизнинг чўнтагингизни қуритишга ҳаракат қилади. Нимага бунақа бўлади деса, давлат томонидан тадбиркорларни ҳимоя қилишлик, қўллаб-қувватлашлик умуман йўқ, нол. Мана шу нарса қийнаб қўяди,- дейди собиқ тадбиркор Нурилла Мақсудов.

Бухоролик фермер Бобомурод Раззоқовнинг айтишича, ҳозирги солиқ тизими ўзбекистонлик фермерларни жуда ҳам чарчатиб қўйди ва бу соҳада жиддий ислоҳот ўтказилиши лозим:

- Асосан бизнинг фермерларни ҳозир синдираëтган, мана шу солиқлар бўляпти. Ставкаси жуда юқори. Ҳисоблаб кўрилган тақдирда бизнинг ҳар 100 сўмлик даромадимизга солиқ 42 сўм атрофида тўғри келади. Бу бундай юзаки қаралганда. Лекин ичига кириб иқтисодчи ëки бухгалтер анализ қилиб кўрса, 42 сўм эмас ҳар 100 сўмга 60-65 сўм атрофида тўғри келади. Шунинг учун ҳам хўжаликлар анча йиқилиб бораяпти. Йил бошларида ўзимизнинг тумандан бўлган депутатимиз билан бир йиғилишда учрашиб қолиб суҳбатлашган вақтда мен шундай талабни қўйдим. Мен “Бизни қийнаëтган нарса 24 фоизлик солиқ, яъни ягона ижтимоий солиқни камайтириш масаласини Олий кенгашда кўтаринглар. Чунки бу фермерларни роса йиқитаяпти. Биз қанча иш ҳақи кўп берсак, шунча кўп солиқ тўлашга мажбур бўламиз. Демак, фермерлар иш ҳақи тўламасликка ҳаракат қилади” десам, ҳурматли депутатимиз “Бу менинг компетенциямга кирмайди” дедилар. Шундан кейин мен ҳафсалам пир бўлиб, бу иш билан шуғулланмай ташлаб қўйдим,- дейди бухоролик фермер Бобомурод Раззоқов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG