Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:38

Иссиқкўлда "сартларни йўқ қилиш"га чақирилган ёзувлар пайдо бўлди


Июн воқеаларидан аввал ўзбекларга тегишли бўлган бу дўконларда ҳам "сартларга ўлим", деган ёзувлар пайдо бўлган эди.
Июн воқеаларидан аввал ўзбекларга тегишли бўлган бу дўконларда ҳам "сартларга ўлим", деган ёзувлар пайдо бўлган эди.

Қирғизистоннинг Иссиқ кўл вилояти маркази ҳисобланмиш Қорақўл шаҳридаги марказий кўчалардаги бинолар, йирик савдо шаҳобчалари ва марказий бозор деворларида 7 декабрга ўтар кечаси сартларни жисмонан йўқ қилишга қаратилган шиорлар пайдо бўлди. Бу ёзувларда ўзбек ёки бошқа миллат номи келтирилмаган бўлиб, айнан сартлар ҳақида гап боради.


Иссиқкўллик журналист Сергей Висоцкий Қорақўл шаҳрида сартларга қарши ёзувлар пайдо бўлганидан сўнгги вазият ҳақида гапириб берди.

- Одамлар Ўшдаги воқеалар бу ерда ҳам такрорланиши мумкинлигидан жуда хавотирдалар. Шунинг учун кўплаб шаҳарликлар марказий бозор олдида тўпланиб, ҳуқуқ – тартибот тузилмаларининг фаолиятидан норозилик билдирдилар. Улар тез кунда зўравонликларга чақирилган шиорларни ёзган кимсалар қўлга олинишини, жиноий жавобгарликка тортилишини талаб қилдилар,- деди Сергей Висоцкий.

Иссиқкўллик журналистнинг айтишича, норозилар йиғилган жойга милиция ходимлари етиб келган ва шаҳарда вазият назорат остида экани ҳамда бу чақириқларни ёзган кимсалар қўлга олинганини билдирганлар.

Бироқ Иссиқкўл вилоят ҳокимияти расмийси Асантур Мўлдўғозиев зўравонликларга чақирилган шиорларни ёзган одамлар қўлга олингани тўғрисидаги маълумотни рад этди:

- Бу иш кичик безорилик сифатида талқин этилаяпти. Ҳозир бу борада жиноят иши очилган. Милиция томонидан тезкор қидирув ишлари олиб борилмоқда. Бу чақириқларни ёзганлар оддий безорилар ва бу ҳолатни миллатчилик билан боғлаб бўлмайди,- деди расмий.

Асантур Мўлдўғозиев дастлабки тергов натижасида аниқланган баъзи бир маълумотлар билан ҳам ўртоқлашди:

- Кечқурун беш-олти йигит кафега кириб, уларга текинга овқат беришларини талаб қилишган. Бу кафе уйғур миллатидаги одамларга тегишли бўлган. Кафедаги ишчилар ҳам уйғурлар бўлган. Улар йигитларга текинга овқат берилмаслигини айтишган. Шундан сўнг ҳалиги йигитлар дарғазаб бўлиб кафедан чиқиб кетишган. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ҳозир мана шу йигитларни шубҳа остига олган. Уларни қидириш ишлари олиб борилаяпти,- деди Иссиқкўл вилояти ҳокимияти расмийси.

Хавфсизлик масалалари бўйича таниқли эксперт Тўқтўғул Қақчикеев Қорақўл шаҳридаги зўравонликларга оид чақириқларни ёзган кимсалар майда безори сифатида талқин қилинишини қоралайди. Унинг айтишича, бу йўл билан ҳуқуқ-тартибот тузилмалари улкан муаммодан кўз юммоқда.

- Қирғизистон жанубидаги миллатчи кучлар мамлакат шимолида ҳам Ўш воқеалари каби фожеанинг такрорланишини истаётган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Қирғизистон ҳукуматида миллатчиларнинг мавжудлиги, матбуотда миллатчилик ғояларининг тарғиб қилиниши, миллатчилик ғояларини кўтарган ноҳукумат ташкилотларининг пайдо бўлаётгани қирғиз ёшларига салбий таъсирини ўтказмай қолмаяпти. Айтиб ўтишим керакки, Қирғизистон кўп миллатли мамлакатдир. Унда яшаган барча миллатлар, жумладан, ўзбеклар ҳам Қирғизистоннинг тенг ҳуқуқли фуқароларидир. Миллатчиликнинг авж олиши Қирғизистон давлатчилигини ҳалок қилувчи асосий омилдир. Шунинг учун ҳам бундай масалаларга майда безорилик нуқтаи назаридан қараш жуда катта хатолик бўлар эди,- деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Шу ўринда Иссиқкўл вилоятининг Қорақўл шаҳри ҳақида қисқча маълумот бериб ўтсак. Мазкур шаҳарга 1869 йилда Россия империяси томонидан асос солинган ва у Прежевалск деб аталиб келинган. 1897 йилда шаҳарда 8100 одам яшаган. Ўша йил ўтказилган рўйхатга олиш маълумотларига кўра, Қорақўл шаҳри аҳолининг 36фоизини руслар, 27 фоизини сартлар (маълумотда шундай кўрсатилган), 17 фоизини қирғизлар, қолган қисмини хитойлар ва татарлар ташкил қилган. Айни пайтда Қорақўл шаҳрида, маълумотларга кўра, 65 мингга яқин одам истиқомат қилади. Уларнинг 3.5 фоизини ўзбеклар ташкил қилади.
XS
SM
MD
LG