Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:27

Тожикистонда электр ҳақи ошади


Аксар тожикистонликлар нархлар ошса, ҳар бир киловаттни санашга тўғри келишидан ташвишда.
Аксар тожикистонликлар нархлар ошса, ҳар бир киловаттни санашга тўғри келишидан ташвишда.

Келаси йил бошидан Тожикистонда электр нархи 25 фоизга қимматлайди. Бу ҳақда 8 декабр куни “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати маълум қилди. Тожикистонликлар ҳар киловатт-соат электр қуввати учун аввалги 9 дирам (тахминан 1,5 цент) ўрнига 11 дирамдан тўлай бошлайди. Электр нархининг ошиши кам таъминланган оилаларни ташвишига ташвиш қўшмоқда.


Давлатга қарашли “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Ёдгорий 2011 йилнинг январидан бошлаб электр қувватининг ҳар киловатт-соати оддий аҳоли учун 11 дирам (тахминан 1,8 центдан - таҳр.), давлат идоралари ва саноат корхоналари учун эса 14 дирамдан (тахминан 2 центдан - таҳр.) қилиб белгиланишини маълум қилди.

- Электрга нархни оширишимиздан мақсад энергетика соҳасини ривожлантириш, бундан келаётган даромад эвазига янги ГЭСлар қуриш бўйича лойиҳаларимизни амалга ошириш, энергетика тизимини замонавий ускуналар билан жиҳозлашдир, деди ҳукумат қарорини изоҳлаган расмий.

Нозиржон Ёдгорий мазкур қарор “Барқи тожик” ширкати таклифи билан қабул қилинганини қўшимча қилди.

Бироқ Тожикистон Савдо ва иқтисодий тараққиёт вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Ашуров электр нархи халқаро молия ташкилотлар талабига кўра оширилаётганини айтмоқда.

Унинг айтишича, бундан уч йил аввал Тожикистон Жаҳон банки ва халқаро валюта жамғармаси билан 2012 йилга қадар электр қувватининг ҳар киловатти учун 2,5 цент нарх белгилаш ҳақида келишиб олган.

Расмийнинг билдиришича, фақат шу шарт билан халқаро молия ташкилотлари Тожикистоннинг энергетикага доир лойиҳаларига сармоя ётқизишга розилик берган.

Вазир ўринбосари Омонулло Ашуров электрга нархнинг оширилиши Тожикистоннинг хорижий ташкилотлардан энергетик лойиҳалар учун олган қарзлардан қутилишига кўмаклашишини қўшимча қилди.

Аммо мустақил иқтисодчи Ҳожимуҳаммад Умаров тожик расмийси нархнинг оширилишига келтираётган баҳоналар куракда турмайди, дейди.

- Белгиланаётган тарифлар энергетика соҳасидаги ҳаражатларни умуман қопламайди. Аксинча электрга нархнинг босқичма-босқич оширилиши 60 фоиз аҳолиси қашшоқ бўлган Тожикистоннинг ижтимоий ва сиёсий вазъиятига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Ҳукумат бундай тарифларни қабул қилишда жуда эҳтиёткорлик билан иш тутиши лозимдир. Чунки тожикистонликлар минтақанинг бошқа республикаларидаги аҳолига нисбатан ночорроқ кун кечиради, дейди иқтисодшунос, мустақил таҳлилчи Умаров.

Шу ўринда айтиб ўтсак, тожикистонликларнинг каттагина қисми Россиядаги меҳнат муҳожирлигидан тушаётган даромад эвазига кун кўради. Жаҳон молиявий бўҳронининг Тожикистон иқтисодидаги оқибатлари, шундоқ ҳам ночор аҳволда яшаётган аксар тожикистонликларнинг турмушини янада қийинлаштирди.

Бундай вазиятда Тожикистон ҳукумати халқаро ташкилотлар олдидаги қарзларини узиш мақсадида электр нархини ошираётгани жамиятдаги иқтисодий мувозанатни изидан чиқаришиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда таҳлилчилар.

Айни пайтда, Ўзбекистондан олинадиган табиий газ учун қарзларнинг вақтида тўланмаётгани сабабли тожикистонликлар мана бир йилдирки табий газдан ҳам мосуво бўлган. Бу эса, ўз навбатида аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини бир неча бараварга оширган.

Ҳисор туманида истиқомат қилувчи Меҳриноссо ая электр энергияси нархининг оширилганига оид хабардан “қовуни қўлтиғидан” тушганини айтади.

- Минг киловат ишласа бунча пул бўлар экан. (1000 кВт/соат электр энергияси янги тариф билан 110 сомоний ёки тахминан 25 АҚШ доллар бўлади - таҳр.) Ўзим ҳам, чолим ҳам пенсионермиз, қўшимча даромадимиз йўқ. Мана ҳозирги нархда фойдаланаётганимиз свет пули 40-50 сомоний (8,5 – 11 доллар - таҳр.) бўлади. Пенсиямизни оламиз светнинг пулини берамиз. Бир хил оилалар икки ойлаб қарзини узолмайди, дейди ҳисорлик суҳбатдошимиз Меҳриниссо ая.

Давлатнинг ташқи қарзлардан қутилиш, оддий тожикистонликлар эса электр пулини қандай қилиб тўлаш қайғусида яшаётган бир пайтда тожикистонлик энергетиклар Тожикистон ички бозорда электрини 3,1 центдан сотиши кераклиги, акс ҳолда халқаро молия ташкилотлари олдидаги қарзларни яқин келажакда узиб тугатолмаслиги, боз устига Тожикистон гидроиншоотлар қурилишига доир янги лойиҳаларини ҳам амалга ошира олмаслигидан гапирмоқда.
XS
SM
MD
LG