Линклар

"Бахт қомуси қачон бахтдан дарак беради?"

  • Садриддин Ашур

Шу кунларда "Конституция - бахтимиз қомуси" ўзбек матбуотининг асосий мавзусига айланган.

Шу кунларда "Конституция - бахтимиз қомуси" ўзбек матбуотининг асосий мавзусига айланган.

Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганига 18 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида ўзбекистонлик фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари қанчалик таъминланди? Нега Ўзбекистон Асосий қонунида кафолатланган ҳуқуқлар ҳаёт воқеълигига тўғри келмаяпти? Бу саволларга жавоб олиш учун ҳуқуқшунос ёки сиёсатчини суҳбатга тортмадик.


Бу ҳақда оддий одамлардан сўраб кўрдик. Суҳбатдошимиз ариза ва шикоятлар билан Ўзбекистон Конституцион судига 30 мартадан кўп мурожаат қилган тошкентлик Абдуманнон Холжўраев.

Озодлик:
Ассалому алайкум Абдуманнон ака. Конституция куни билан табриклаймиз.

- Ваалайкум ассалом. Авваламбор ўзингларга сиҳат-саломатлик, ишингларга ривож, уйингларга барака. Конституция куни аслида яхши байрам.

Озодлик: Конституцияни асосий қонун, бахт қомуси ҳам дейишади.

-Ҳа, бахтимиз қомуси. Агар у бахт бўлсада.

Озодлик: Ҳозир суҳбатимиз ҳам мана шу ҳақда. Мана Конституция қабул қилинганига 18 йил бўлди. Сизнингча, 18 йил давомида Ўзбекистон фуқароларининг конституцион ҳуқуқлари қанчалик таъминланди? Бу саволга умумий жавоб бериш анча қийин. Шунинг учун бу саволни сизнинг ўзингизнинг шахсий фаолиятингизга нисбат бермоқчиман.

- Бир нарсани ажратиш керак. Конституция билан қарорни ажратиш керак. Чунки қарор конституцион қонунларга биноан чиқарилади. Меъëрий давлатда-да. Ўзбекистонда диктатура дейиш ҳам нотўғри. Монархия Ўзбекистонда.

Озодлик: Сиëсатчилар авторитар дейишади.

- Авторитар давлат ҳар қалай давлат. Ҳар қандай авторитар давлатда қанақадир қонунларга риоя қилинади. Ўзбекистонда унақа эмас. Ўзбекистон авторитар давлат эмас. Бу монархия, яккаҳукмронлик. Абсолют монархия.

Озодлик: Айтмоқчисизки, Ўзбекистон Конституциясидаги қонунлар ундан кейин чиқарилган қарорларга мос келмайдими?

- Бир парадокс борда, бу ерда. Мана Сенатда, Олий Мажлисда қабул қилинган қонун чиқарилган қарорга умуман тескари бўлади.

Озодлик: Мисоллар билан айтиб бера оласизми?

- Айтиб бера оламан. Фақат ҳозир номерлари эсимда йўқ. Конституцияда бир модда бор. Ўзбекистон давлати ўз фуқаросини ҳамма жойда, қаерда бўлишидан қатъий назар ҳимоя қилади, ўз ҳимоясига олади деган жойи бор. Лекин Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳеч жойда, ҳеч қачон ҳимоя қилмаган, қилмаяпти, қилмайди ҳам.

Озодлик: Бунга қандай асос келтира оласиз?

- Мана меҳнат муҳожирлари борку.

Озодлик: Норасмий маълумотларга кўра, 5 миллионга яқин дейилади.

- Тахминан 5 миллион деб олайлик. Россияда ўлдирилган фуқаролар келаяпти тобутда. Лекин Жанубий Кореядан, бошқа бирорта Европа мамлакатларидан бирорта тобут келгани йўқ. Чунки Ўзбекистон фуқароси Ўзбекистон ҳимоясида эмас. Давлат уни ўз ҳимоясига олмаган. Олмайди ҳам. Чунки Ўзбекистон давлатчилигининг ўзи йўқ. Бу битта масала.

Яна иккинчи, қонунга зидликни айтаман. Мана масалан Ўзбекистонда ички ишлар, силовой сртуктура дейдику, шулар борасида бирорта қонуннинг ўзи йўқ. Фақат фармон ва фармойишлар бор, қарорлар бор. Қонунсиз қабул қилинган ҳар қандай қарор, фармон, фармойишлар ҳақиқий эмас ҳисобланади. Лекин Ўзбекистон силовой структурасида Конституция тан олинмайди, қарорлар тан олинади. Масалан милиция тизими тўғрисида қонун йўқку. Етти ëшдан 70 ëшгача ҳамма хавотирда юради қачон мени тўхтатаркан милиция деб. Сабабини, асосини, баҳонасини ҳеч ким қидирмайди. У шартмас, олиб кетаверади дейди. Энг осони диний айблов ëпиштириш. Мана Ўзбекистон Конституциясида “Одам то суд айбини исботлагунча айбланувчи ҳисобланмайди” дейилган.

Озодлик: Айбсизлик презумпцияси.

- Ана энди қаранг. Мана ҳар қандай милиция келгандан бошлаб Ўзбекистон фуқароси айбдор ҳисобланади. Масалан менга шу гапни Акрам Аъзамхўжаевнинг ўзи айтган. Судя бор Акрам Аъзамхўжаев деган. Ҳозир жиноий ишлар бўйича шаҳар судида ишлайди. 1999 йили мени судлаганда “Сен мошенник. Сен ўғри” деган. “Айб исботланмагунча шунақа дейишга ҳаққингиз борми ака, конституцияда бундай дейилмаган?” десам, “Конституцияни конституцияга ўраб туриб, .................... жойингга тиқиб қўяман” деган. Акрам Аъзамхўжаев айтган шуни менга.

Учинчиси. Чиқиш-кириш тўғрисида. Виза масаласида. Ўзбекистон фуқароси чиқиш-кириш ҳуқуқига эга.

Озодлик: Конституция бўйича.

- Албатта, лекин Ўзбекистон фуқароси сиртмоқда. Давлатдан чиқиш ҳар бир фуқаронинг хоҳиши. Кириш бошқа масала энди. Ўзбекистоннинг чиқиш визаси борку. Чиқиш-кириш учун мана шу қонунга биноан деган жойи йўқку. Мана шу борада Конституцион судга бир неча маротаба мурожаат қилдим.

Озодлик: Конституцион судга яна қайси масалалар бўйича мурожаат қилдингиз?

- Чиқиш визаси бўйича ва ногиронларнинг, айниқса кўзи ожизларнинг тадбиркорлик фаолияти тўғрисида.

Озодлик: Неча марта мурожаат қилдингиз?

- Санаб кўришим керакда. Ҳар қалай 30дан оз эмас.

Озодлик: Агар Ўзбекистон Конституцияни ўқиб чиқсангиз, инсон ҳуқуқлари шунчалик кафолатланганки, инсон ҳуқуқларига шунчалик эркинлик берилганки, бу конституцияга ҳавас қилмасдан иложингиз йўқ...

- Ҳа., шундай.

Озодлик: Суҳбатимиз бошида сиз айтган фикрга қайтамиз. Бахт қомуси. Бахт қомусимикан, бу бахтмикин ўзи деб, айтдингиз. Шу саволга ўзингиз жавоб бероласизми?

- Конституция нормал давлатларда ҳақиқатан бахт қомуси. Лекин бу Ўзбекистонга ўхшаган коррупцияга асосланган иккиюзламачи давлатда эмас. Умуман Ўзбекистонда энг оддий ишсиздан, наркомандан тортиб то ҳукуматда ишлайдигангача умидсизлик. Ҳеч кимда келажакдан умид йўқ. Телевизорда реклама чиқаяпти “биз баркамол авлодмиз, келажаги буюк давлатмиз” деб. Энди қаранг. Ҳозир ипподромдан келдим. Ўша бозорда “Биз бекамол барбодмиз, келажаги суюқ давлатмиз” деб ëзиб қўйибди. Биз борсак, ўшани артиб ëтган экан. Ана шунақа гаплар. Бу менинг шахсий фикрларим ва бунинг учун ўзим жавоб бераман.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG