Линклар

Тадбиркорлар тадбиркорлар йилини умид билан кутишмоқда

  • Сарвар Усмон

Президент Каримов 2011 йил номини эълон қилаётиб "тадбиркорлик" сўзи олдидаги "хусусий" сўзини тушириб қолдирди.

Президент Каримов 2011 йил номини эълон қилаётиб "тадбиркорлик" сўзи олдидаги "хусусий" сўзини тушириб қолдирди.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигига бағишланган тантанали мажлисда маъруза қилар экан, 2011-йилни "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили", деб эълон қилди. Ислом Каримов ўз маърузасида мажлис аҳлига уқдиришича, келаси йили кичик бизнес вакилларига ва хусусий тадбиркорларга кенг имкониятлар берилади.


Аввало, бир оғиз сўз келаётган йилнинг номи тўғрисида. Кечаги бир материалимизда 2011-йилни президент "Кичик бизнес ва тадбиркорлик йили", деб атади дегандик.

Чунки, Ислом Каримов мажлис минбаридан туриб чиндан ҳам шундай деганди:

“Мен кириб келаëтган 2011 йилни мамлакатимизда кичик бизнес ва тадбиркорлик йили деб эълон қилишни таклиф этаман”.

Ҳа, худди шундай: "тадбиркорлик" сўзи олдида "хусусий" сўзи президент нутқида йўқ эди. Бу сўз дастлаб ЎзА ахборот агентлигининг 7 декабр кечқурунги материалида – президент нутқи матнида пайдо бўлди.

Бу айтиб қўйишимиз керак бўлган гап эди.

Мана энди, асосий мавзуга ўтайлик.

Биринчи суҳбатдошимиз ўзини Шуҳрат, деб таништирган тошкентлик тадбиркор.

Озодлик: Президент Каримов келаси йилни “Кичик бизнес ва тадбиркорлик” йили деб эълон қилди. Шу хабарни эштишингиз биланоқ сизда қандай муносабат пайдо бўлди? Суюндингизми, куюндингизми, бефарқ қолдингизми.

- Айтилаëтган гаплар, берилаëтган ваъдаларга қараганда келаси йили кичик бизнес қўллаб-қувватланади деган гап бўлаяпти. Лекин амалда қанчлаик бўлади билмайман. Балки бўлар. Лекин бир нарсани тан олиб айтиш керак ҳақиқатан соддалаштирилган тизим бўйича ягона солиқ тўлайдиган корхоналар, кичик бизнес вакилларининг солиқ коэффиценти ҳар доим камайиб бораяпти. Бундан 4-5 йил олдин 13 фоиз эди. Русчада товарооборот дейди. Шунинг 13 фоизи. 100 миллион сўмлик маҳсулот сотсангиз, давлатга 13 миллион сўм ягона солиқ сифатида тўлар эдингиз. Шу йилдан йилга камайиб, 2010 йилда бу 7 фоизга туширилган.

Озодлик: Кичик бизнес вакили сифатида сизни қийнаб келаëтган муаммолар нима эди?

- Кичик бизнес вакили сифатида бизни айнан қийнаб келадиган бир омилни айтиб бўлмайди. Чунки бизнинг соҳамиз кўпроқ ишлаб чиқариш эмас, хизмат кўрсатиш бўлгани учун, энди бу азалдан ҳам бор бўлган, давлатнинг қонунларига ëки интизом нимасига алоқаси йўқ, амалдаги қонунчиликка алоқаси йўқ, айрим мансабдор шахслар, айрим ваколатли органларнинг ўтирган инспектори бўладими, бошқаси бўладими мана шуларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракати. Бу энди аввалги йилларга нисбатан кам, лекин бор. Инкор қилиб бўлмайди.

Озодлик: Янги йилдан сиз нималарни кутаяпсиз? Ҳукумат сиз учун нималарни қилиб бериши керак? Қандай шароитлар яратиб бериши керак?

- Ҳукумат билмадим ишлаш учун, фаолият юритиш учун бундан ортиқ шароит қилиб бера олмаса керак. Ўзимизнинг ҳукуматнинг ҳозирдаги қонунчилик ва бошқа тарафларини ҳисобга олиб туриб шунақа бир хулосага келиш мумкин. Бундан ортиқ нарса қилиб бера олмайди. Бошқа янгилик кутиб бўлмаса керак. Чунки ҳукуматнинг аҳволи маълум. Ҳукуматнинг ўзи қайдаражада қайсидир тадбир ëки ислоҳотни амалга оширишини ўзлари жуда яхши билади. Ўзларининг имкониятларидан юқори бўлган имкониятларни бошқалар учун ярата бериш қудратига эга бўлмаса керак, дейди Шуҳрат.

Ўзини Шуҳрат, деб таништирган бу суҳбатдошимиз Тошкентда ишлайди, ўзининг газетаси бор.

Эшиттиришимизга андижонлик тадбиркор Нурилло акани ҳам таклиф қилдик. Кичик корхонасида 100 дан зиёд кишини иш билан таъминлаган бу тадбиркор Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган қочқинлардан бири.

Нурилло акани суҳбатга тортар эканмиз, мавзуга Андижон воқеасини аралаштирмасликни, Андижонда бундан 5 йил олдин бизнес юритишнинг ўзига хос жиҳатларигагина тўхтатилишни илтимос қилдик.

Озодлик: Мана 2005 йилгача сизнинг бизнесингиз ишлади. Ўшанда ҳукумат кичик бизнесга яратиб берган шароитлар қанақа эди?

- Давлат томонидан ҳеч қанақа шароит бўлмаган.

Озодлик: Давлат сизга кичик бизнесни юритиш увун рухсат бериб қўйган холос-а?

- Ҳа.

Озодлик: Ўша бизнесингизни юритишга халақит берган омиллар нималардан иборат?

- Солиқ тўлаганмиз. Ўша солиқнинг ўзи бўлса, ҳеч қанақа қийинчилик бўлмайди.

Озодлик: Унинг ҳажми қанча бўлишидан қатъий назар-а?

- Ҳа. Бизда тадбиркорларни нима қийнаб қўяди деса, солиқдан ташқари солиқ юлиб олувчилар бор.

Озодлик: Кимлар ўшалар?

- Раҳбарлар бўлади биринчи. Мисол ички ишлар, налог инспекцияси, сэсдан келади, пожарнийдан келади. Улар ўзларининг ишларига боғлиқ сизнинг ишингиздаги ноқонуний жойини топиб туриб “мана бу ерини тўғрилаб қўй” дейишлик учун келмайди. Сиздан бир нарса ундириш учун келади. Сиз келганларга ўзингизнинг топган даромадингиздан шериклик қилиб ўшаларнинг улушини бермасангиз, сизга шунча нарсаларга “у ери ëмон экан, бу ери ëмон экан” дейилади. Ëзиб кетадида. Ëзиб кетса, энди ўша қоғозни тўғирласангиз яхши. Олиб борсангиз, ўша ердаги раҳбар, ҳалиги сизга ëзиб кетган инспектор олади, ундан ташқари яна раҳбарига олиб бориб узатишингиз керак. Умуман кичкина бизнесми, ўрта бизнесми, катта бизнесми тадбиркорларни давлат томонидан ҳимоя қилиш йўқ.

Озодлик: Агар ҳисоб-китоб қилган бўлсангиз, кичик бизнес вакили сифатида топган даромадингизнинг қанча фоизи шунақа узат-узатга кетган?

- Мен ҳисобламаганман буни. Ҳозир ажойиб саволлар бераяпсизда. Улар тинкангизни қуритиб юборадиган ҳолатгача олиб келади, дейди андижонлик тадбиркор Нурилло ака бундан 5 йил олдинги аҳволни айтиб берар экан.

Аҳволнинг шу кунда ҳам Нурилло ака айтаётгандай эканлигини президент Каримовнинг ўзи ҳам кечаги нутқида тан олди ва тадбиркор давлат ҳимоясида бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Бироқ ўзини Ихтиёр ака, деб таништирган қўқонлик тадбиркорнинг айтишича, шу кунда тадбиркордан "узатишни" талаб қиладиган порахўр ҳам, тамагир ҳам йўқ.

- Энди ҳозир Худога шукур текшир-текширлар йўқ. Солиқлар ҳам яхши, чидагудек.

Озодлик: Жуда яхши бир гап айтдингиз. Текшир-текшир йўқ дедингиз. Мен 2005 йилгача тадбиркорлик қилган ва 100дан ортиқ одам ишлатган андижонлик тадбиркор билан гаплашдим. Текшир-текшир ва узат-узатдан тинкамиз қуриган эди деган гапни айтди. Ҳозир текшир-текшир ва узат-узат чиндан ҳам озайганми?

- Йўқ, йўқ, бизнинг ҳозирги шароитимизда шу нарса, менинг ўзимда учрамаяпти мисолига. Чунки тадбиркорнинг ўзига ҳам боғлиқда. Ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиб, ҳозирги кунда менга учрамаяпти шу нарса.

Озодлик: Демак, порахўр, тамагир йўқ.

- Қисқарди. Ҳозир мен турган ҳудудда қисқарди. Йўқ ҳисоби. Ҳозирги кунда худди шундай. Мисолига мен тадбиркор сифатида ўзимнинг ҳақ-ҳуқуқимни ҳимоя қилиб, ўша ерда турибман. Ўзимга ҳам боғлиқ бу нарса. Дабдурустдан кириб “Менга мана бунча бер” деса, менинг савол бериш ҳуқуқим бор. Текширишларни нима қиладиган дафтар чиқариб қўйишибди. Шу дафтаримни қўяман. “Кимсиз? Мақсадингиз нима?” деган саволни беришимиз пайти келдида энди, дейди қўқонлик Ихтиëр ака.

Демак, қўқонлик тадбиркор Ихтиёр аканинг айтишича, "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" бошланмай турибоқ Қўқонда тадбиркорнинг "куни туққан".

Бироқ фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмоновнинг фикрича, давлат амалдорларининг порахўрлиги ва тамагирлиги кичик бизнес ривожига катта тўсиқ бўлаётган омиллардан бири эканлигича қолмоқда.

Озодлик: Мана ҳозир мен қўқонлик бир тадбиркор билан гаплашдим. Кейинги пайтда тамагирлар деярли йўқолиб қолди деди. Шу гапга ишонасизми?

- Давлат солиқ инспекциядагиларнинг анчагина танобини тортиб қўйган. Лекин тамагирлар бошқа томонда, милициядан тортиб маҳалла комитетларигача жуда қуртга ўхшаб кемириб турадиган одамлар кўпда.

Озодлик: Тадбиркорнинг ўзи йўқ деяптида.

- Тадбиркорнинг ўзи гапиргани қўрқаëтгандир, бошқа қилаëтгандир, деди фарғоналик иқтисодчи Маъруфжон Абдураҳмонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG