Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:00

Ислом Каримов яна Москвага таъзим бажо келтиради...ми?


"Шахмат доскасидаги" вазиятнинг ўзгаригани боис Каримов Москвага боришга мажбур, демоқда таҳлилчилар.
"Шахмат доскасидаги" вазиятнинг ўзгаригани боис Каримов Москвага боришга мажбур, демоқда таҳлилчилар.

Президент Ислом Каримов 10 декабр куни Москвада ўтадиган Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ҳамда МДҲ саммитларида иштирок этади. Каримов КХШТнинг кейинги икки йилдаги саммитларию бошқа тадбирларида қатнашмай келаётгани инобатга олинса, Кремлнинг Тошкент раҳбари билан гаплашадиган муҳим гаплари тўпланиб қолганини тахмин қилиш мумкин.


Каримовнинг КХШТ ва МДҲ раҳбарлари саммитида қатнашиш учун Москвага отланаётгани ҳақида Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги хабар қилди.

Расмий маълумотларга кўра, КХШТ саммитида аъзо давлатлар ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорлик, ахборот хавфсизлиги соҳасидаги фаолиятини тартибга солувчи ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилиши ва бошқа масалаларнинг муҳокама этилиши кутилмоқда.

МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида эса иқтисодий ва гуманитар, хавфсизликни таъминлаш соҳаларида интеграцион жараёнларни жадаллаштиришга қаратилган 20дан ортиқ ҳужжат лойиҳалари кўриб чиқилиши тахмин этилмоқда.

Ислом Каримов қарийб икки йил давомида КХШТ саммитларига қадам босмай келаётгани инобатга олинса, бу ташкилотни назорат қилувчи Кремлнинг Ўзбекистон раҳбари билан гаплашиб оладиган жиддий гаплари борлигини тахмин қилиш мумкин, демоқда таҳлилчилар.

Александр Гольц, Россияда чиқадиган “Ежедневный журнал” нашрининг ҳарбий таҳлилчиси.

- Жаноб Каримов Москвага қандай ўйлар билан келаётгани ҳақида тахмин қилиш мумкин холос. У охирги 20 йил давомида Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида мувозанат сақлашга қаратилган нозик сиёсий ўйинни олиб боргани маълум. Бу сафар Каримов Россия учун муҳим бўлган масалаларда муроса қилиши эҳтимоллари йўқ эмас. Ўзбекистон билан КХШТнинг бошқа аъзолари ўртасида Тезкор коллектив кучларни яратиш масаласида келишмовчиликлар борлиги маълум. Жаноб Каримов бу ғояга жуда эҳтиёткорлик билан ёндашишини биламиз ва уни тушунса бўлади. Чунки Қирғизистон воқеаларидан кейин КХШТ давлатлари бирор ички низо чиқадиган тақдирда ташкилотнинг аралашувини назарда тутувчи қоидаларни ишлаб чиқмоқчи. Бу амалга ошса, аъзо мамлакатлар суверинитетига путур етиши мумкин. Шунинг учун бир тарафдан жаноб Каримовнинг мазкур масалада Россияга ён босишини, бошқа тарафдан эса, Тезкор коллектив кучларда иштирок этишдан узил-кесил бош тортиши ҳақида очиқ баёнот беришини тахмин қилиш мумкин.

Лекин Тошкент ҳукуматининг кейинги пайтларда АҚШдан ҳафсаласи пир бўлаётганига оид ишоралар пайдо бўлгани ва ўтган ой охирида Каримов билан Медведев телефон орқали икки давлатни қизиқтирувчи масалаларни муҳокама қилгани инобатга олинса, Оқ саройнинг Кремлга яна мулозамат қила бошлаши эҳтимолга яқинроқ кўринади, дея қўшимча қилади таҳлилчи Гольц.

Ўтган ойда Американинг юқори мартабали мулозимлари, жумладан АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк ва АҚШ Марказий қўмондонлигининг қўмондони генерал Жэймс Маттис Тошкентга келди. Лекин президент Каримов кейинги йилларда кузатилган удумга зид равишда АҚШ мулозимларни қабул қилмади. Ҳатто ўзбек матбуоти ҳам америкалик олий мартабали меҳмонлар ҳақида миқ этмади.

Кузатувчилар ўтган ҳафта Тошкентга келган АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтонга ҳам мақомига яраша мулозамат кўрсатилмаганини айтишмоқда.

Россиялик яна бир ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр Каримов кайфиятидаги ўзгаришни кейинги бир-икки йил давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш уринишларида Ўзбекистонга катта эътибор қаратиб келган Қўшма Штатларнинг сўнгги пайтларда Ўзбекистонга нисбатан қизиқиши сусайиб қолганини билан изоҳлайди.

- Президент Каримов анча инжиқ одам, бу биринчи сабаби бўлиши мумкин. Иккинчидан, ҳозир америкаликлар Афғонистондаги можарони ҳал қилиш бўйича бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш йўналишида асосий диққатини Россияга қаратмоқда. Балки бу ҳам Тошкентга унчалик ёқмаётгандир. Бундан ташқари, Қирғизистондаги Манас базаси тақдири мавҳум бўлиб келаётган эди, ҳозир эса, америкаликлар бу муаммони ҳам ҳал қилди ва Ўзбекистонда қўшимча транзит базасини ташкил қилиш масаласи долзарб бўлмай қолган кўринади.

Шунинг учун Ўзбекистон раҳбарияти ўз норозилигини ана шу тарзда билдираётган кўринади, дея қўшимча қилади россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.

АҚШ кейинги ойларда Афғонистондаги ҳарбий миссиясини бажаришда Россиянинг иттифоқчилигига эришишга уринмоқда. Бу масалалар Россия-НАТО кенгаши ва бошқа олий даражали музокараларда кўтарилди. Москва ўз ҳудудидан Афғонистондаги НАТО қўшинлари учун юкларни транзит қилишга розилик берди.

Таҳлилчилар фикрича, Ғарбнинг Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш миссиясидаги Россия роли ошаётгани бу жабҳадаги вазиятни ўзгартирди ва шу сабабдан Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари Москва иштирокисиз кутилганидек самара бермаслигини тушунган Каримов энди Кремл билан ҳисоблашишга тўғри келади.

Москвада ўтадиган КХШТ ва МДҲ саммитларида Қирғизистон президенти Роза Ўтунбаева ҳам иштирок этади. Бироқ бу анжуманлар доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон президентлари учрашадими-йўқми, агар учрашсалар, унда Қирғизистон жанубидаги вазият муҳокама қилинадими-йўқми – бу ҳақда ҳеч қандай расмий маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG