Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:25

Хабар келтирган кабутарга қараб ўқ отманг


Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанж.
Wikileaks асосчиси Жулиан Ассанж.

Шу кунларда Лондон қамоғида қолаëтган WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанжнинг The Australian газетасида эълон қилган мақоласининг сарлавҳаси бу. Ўзбекча айтганда эса "элчига ўлим йўқ".

Иккинчи жаҳон уруши даврида “қора хат” келтирган чўлоқ почтачини аëллар калтаклашгани ҳақидаги ҳикояни биламан.

Почтачининг айби нима? Урушни у бошламаган бўлса, ҳеч кимни ўлдирмаган бўлса¸ нега таëқ унинг бошида синади?

Феминизм шунқорлари

Ассанжни айблаëтган Швеция прокурори Мариан Ню хоним: "WikiLeaks асосчиси икки аëлни зўрлаганликда айбланмоқда", деди.

Ассанж эса: "Менинг сира айбим йўқ", демоқда.

Ўзбекнинг кўз олдига “зўрлаш” деганда даҳшатли манзара келади. Энг камида Ўшда зўрланган қизлар ҳикояси эсга тушади.

Шу ўринда маърифий билдириш қилсак. Ғарбда, хоссатан, Швецияда ҳар бир аëл ўзининг қонуний ҳамтўшагини маҳкамага бериши мумкин. "Кеча унча ҳоҳламасам ҳам, мени қучоқлади" деган маънода. Шуни ўзи етарли. Айниқса Швециядаги қатор маҳкамаларни кузатсак¸ ҳатто далил-исбот ҳам керак эмас - аëлнинг аризаси инобат олинаверади.

Швеция прокурори Мариана Ню хоним изнсиз ўз рафиқасини қучоқлаганларга қарши кураш жабҳасининг ҳормас саллотидир. У хонимга тасанно айтиб, Ассанжга юкланаëтган “зўрлаш” иддаосига ойдинлик киритсак.

Қўйнимда бир ëр, кўнглимда бир ëр

Ўзбек ҳофизининг бу қўшиғи албатта Швецияда тақиқланган бўлар эди. Чунки бу иддао эркак қўшиқчи томонидан айтилмоқда ва бунинг замирида "хотун ҳуқуқларини камситиш" микроблари ëтибди. Балки шундайдир.

WikiLeaks сайтининг кумушранг сочли соҳиби Жулиан Ассанж шу йил ëзида Швецияни ўз фаолияти учун уйғун, деб топди. Сўз эркинлиги “муқаддас сигир” даражасига кўтарилган яна бошқа бир давлат бор эканми куррада?

Сирлар ëмғирини ëғдирадиган сирли йигит билан сирдош бўлишни истаган 31 ёшли Анна Ардин
ўз квартирасини Жулиан билан баҳам кўрди. Кечга бориб, улар бир ëстиққа бош қўйишди. Ҳар ҳолда, Анна Ардин австралиялик машҳур йигит билан кечирган ишқий саргузаштларини ўз микроблогида ëзиб ғурурлангани рост.

Австралиялик шоввоз эса ўттизни урган бу жувон билан узоқ ҳамсуҳбат бўла олмади. Сирлар ишқибози Жулиан Ассанж София деган ëшроқ қиз мажлисини Аннаникидан маъқулроқ, деб топди. Сал ўтмай ундан ҳам кўнгли совиб, нари кетди.

Бўйдоқ йигит учун бу одатий ҳикоя. Энди кўнгил ишида. "Мени шайдо қиладурғон" ҳам, "хору расво қиладурғон" ҳам "бу кўнгилдир бу кўнгил".

Аммо воқеа Швецияда бўлаëтганини унутмайлик, боз устига, Анна Ардин фаол феминист (феминист дегани аëл ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи дегани).

Хулласи калом¸ юраклари парча бўлган икки жувон етаклашиб прокурорга боришди.

Анна Ардин иддаосига кўра, Ассанж у билан жинсий яқинлик қилаëтган пайтда презерватив йиртилиб кетган. Аннага кўра, Ассанж атайин бу матаҳнинг брак қилинганидан сотиб олган. Анна назарида, бу ғирт зўрлашнинг ўзи. Яъни қўлқоп билан қилинишга келишилувдию, аммо бу келишув бир томонлама бузилди.

Бошқа бир аризагўй - София иддаосига кўра, Ассанж доимо қўлқоп кийишни унутиб қўяверган.

Бу гапларни диққат билан эшитган прокурор хоним бу икки жувондан даъво аризаси ëздириб олган. У ëғи Интерпол қидируви ва ҳоказо. Пировардида Лондондаги қамоқнинг бир кишилик ҳужраси.

Шу ўринда эслатма: Анна Ардин “Эркаклардан ўч олиш инструкцияси” ëзиб, уни ўз блогида илиб қўйган эди, бироқ ҳозир бу матн ўчирилган.

Иккинчи жазман София эса узоқ вақт АҚШда яшаган ва Ассанждан олдинги бойфренди америкалик бўлган. Айнан шу билги боис "Американинг узун қўли Ассанжни таъқиб қилмоқда" деган гаплар урчиди.

Ассанжга қарши ҳашар

Американинг Ҳилларидан Сара Пейлингача бўлган “каттаконлари” аксилWikiLeaks маъракасини бошлаб бергандан кейин бошқалар ҳам ишга тушиб кетди.

Paypal ва Швейцариянинг Postfinanсe банки Ассанж маблағларини музлатиб қўйди.

Бу ҳашарга Виза тўлов хизмати ҳам қўшилди. "Сирларни фош қилган одамни бир тийинсиз қолдирамиз" деган ният бор эди бу сармоя корчалонларида.

Бу орада АҚШ портали ҳам "Ассанжга хизмат қилмаймиз" дея тўнини тескари кийди. Ҳали суд айбдор деб топмаган одамдан моховдан қочгандай қочишди. "Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан". Бу ўзбек мақолини ҳам айтишнинг мавриди келди.

Бутун дунë хакерлари, бирлашингиз

Форбс журналига берган интервюсида: "Жасорат юқумли нарса¸ мен агар шу хусусиятни юқтира олган бўлсам, хурсанд бўлар эдим" деди Ассанж қамалишидан бир ҳафта олдин.

Ҳар ҳолда, Ассанжнинг минглаб кўринмас тарафдорлари борлиги аëн бўлди. Бу тарафдорлар Швеция прокуратураси сайтига¸ Ассанж пулларини музлатган банкларга ашаддий киберҳужумлар уюштиришди.

"Бу ҳужумлар ҳали хамир учидан патир" дейишмоқда дунëнинг турли нуқталарига тариқдай сочилган интернетнинг кўринмас жангарилари. Бу жангарилар Ассанжни ҳимоя қилиш учун муқаддас уруш туғи остида бирлашганлигини эълон қилишди. Ишқилиб охири бахайр бўлсин.

Яна бир муқояса

Гоголнинг Ревизор асарида “сохта ревизор” Хлестаковнинг ўз дўстига ëзган мактубини почта бошлиғи очиб ўқийди. Бу мактуб ҳар бир мулозимнинг юзига ойнадек тутилган ҳақиқатлардан иборат эди. Бу ҳақиқатлар янграганида барча мулозимлар карахт бўлиб қотиб қолишади. Ҳар ҳолда, муаллиф асар финали шундай бўлишини истайди.

XIX аср мулозимларидан фарқли бугунги мулозимлар карахт бўлиб туришни хаëлига ҳам келтиришмади. Улар ўта фаоллик ва уюшқоқлик намунасини кўрсатиб, сирларни фош қилувчи тирранчани Лондондаги энг катта турманинг энг девори қалин бир кишилик ҳужрасига қамашди.

Ҳужра ичига қамалган Ассанжмас, сўз эркинлиги эмасми? Бизга хабар олиб келган кабутарга қараб милтиқ тепкисини босишга ҳақимиз борми?

XS
SM
MD
LG