Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:02

Ўшда яна олти ўзбек қамалди


Ўш қирғини пайтида асосан ўзбеклар истиқомат қиладиган Шаҳидтепа мавзесида қирғиз оиласини ўлдирганликда айбланаётган олти ўзбекка нисбатан суд ҳукми ўқилди. Улардан бири умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Ўшда бўлиб ўтган мазкур суд жараёнида иштирок этган Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбирининг хабар беришича, судланувчиларга сўнгги сўз берилган бир пайтда жабрланувчи тараф шовқин-сурон кўтарган ва судланувчиларни калтаклашга ҳаракат қилишган. Милициянинг аралашуви билан уларнинг бу ҳаракати амалга ошмай қолган.

Жабрланувчи тараф тинчлантирилгач, суд ҳукми ўқилди:

- Суд ҳукм қилади. Қирғиз республикаси Жиноят Кодексининг 59-моддасига мувофиқ Дилдор Солиев умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинсин, - деди судя Жўлбўрс Қудаяров.

Суд ҳукмига кўра, 12 июн куни Алмазбек Раимжоновнинг турмуш ўртоғи ва 10 ёшли ўғлини ўлдирганликда, 15 ёшли қизни зўрлаб, кейин унга ўт қўйиб юборганликда айбланган қолган беш судланувчи - Фотима Акбаралиева 15 йилга, Акром Солиев ва Дилдор Боймирзаев 4 йилга, Ҳотамжон Отажонов ва Тўрабой Нўъмонов 3 йилга озодликдан маҳрум этилди. Уларнинг мол-мулклари мусодара қилинди.

Бироқ жабрланувчи тараф мазкур ҳукмни “ўта адолатсиз”, деб ҳисоблайди:

- Суд ҳукми мени қониқтирмади. Ҳозирги замонда товуқ ўғирлаган беш йилга қамалаяпти. Суд эса одам ўлдирганларни уч-тўрт йилга ҳукм қилаяпти, - деди жабрланувчи тараф вакили Бусайра Паизова.

Айтиб ўтиш лозимки, мазкур суд жараёнининг сўнгги мажлисида тўрт судланувчининг адвокатлари иштирок этмади. Икки судланувчининг адвокати эса жараён якунланмай туриб кетиб қолишди. Шу боис судланувчи тарафнинг ҳукм борасидаги фикрини билиш мумкин бўлмади. Бироқ Ўш воқеалари юзасидан суд жараёнларини кузатиб бораётган бир қатор халқаро ташкилотлар вакиллари фикрича, судланувчиларга нисбатан чиқарилаётган ҳукмларни ҳам адолатли, деб бўлмайди.

- Биз қирғизистонлик ҳамкасбларимиз билан инсон ҳуқуқлари масаласини чуқур ўрганиб бораяпмиз. Айтишим мумкинки, июн воқеаларида айбланиб судланаётганларнинг асосий қисми қийноқлар, босимлар остида кўрсатма беришган. Бундан ташқари, айбланувчилардан пул ундириш ҳаракатлари ҳам бўлган. Улар кўрсатма бераётганда олдиларида адвокатлари ҳам бўлмаган. Бу каби ҳолатларнинг кўпини биз ҳужжатлаштирганмиз. Бундан ташқари, шу кунгача айбланувчиларни қийноққа солиш ҳолатлари камаймаган, - деди Ҳюман Райт Уотч халқаро ташкилоти вакили Рейчел Денбер.

Айни пайтда Бишкеда ўтган “Қирғизистондаги сиёсий вазият: муаммолар ва келажак” деб аталмиш анжуманда ҳуқуқ ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам Ўш қирғинида айбланиб қамоққа олинганлар ҳуқуқлари қўпол тарзда бузилаётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Ўш қирғинидан сўнг авж олган ҳуқуқбузарликлар, ноқонуний қамоққа олишлар, қийноқлар шу кунгача ҳам тўхтамаганини эътироф этдилар.

- Ўш вилояти ҳақида гапирадиган бўлсак, тинч ҳаёт ўрнатиш ҳаракатларига қарамай, вазият ҳамон мураккаб. Бизга мурожаат қилган икки мингдан ортиқ одамнинг шикоятларига таянсак, ноқонуний тарзда ишдан бўшатиш, ноқонуний тарзда ҳибс қилиш, ҳуқуқбузарликлар давом этмоқда. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу шикоятларга эътибор қаратмаётир, - деди Ўшдаги инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Женишбек Тўрўев.

Маълумотларга кўра, Ўш қирғинида иштирок этганликда айбланиб 300 одам ҳибсга олинган. Уларнинг 80 фоиздан ортиқроғи ўзбеклар экани айтилади.
XS
SM
MD
LG