Линклар

logo-print

Ўзбекистонда кўришга тавсия этилмайдиган фильмлар сони кўпаймоқда


Ўзбек томошабинлари кўриши тавсия этилмаган фильмлар рўйхати йилдан-йилга "семириб" бормоқда.

Ўзбек томошабинлари кўриши тавсия этилмаган фильмлар рўйхати йилдан-йилга "семириб" бормоқда.

"Ўзбеккино" миллий агентлигига кўра, Ўзбекистонда намойиш этилиши, кўпайтирилиши ва сотишга тавсия этиб бўлмайдиган деб топилган фильмлар рўйхати бу йил 744 тага етган. Ваҳоланки, беш йил аввал бундай фильмлар сони иккитагина эди.

Мазкур рўйхат шу кунларда “Ўзбеккино” миллий агентлигининг расмий сайтида пайдо бўлди. Рўйхатда 744 та фильм номи акс этилган. Улар орасида ўзбекистонлик фотосуратчи ва режиссёр Умида Аҳмедова “Бокиралик юки” ҳужжатли фильми ҳам бор. Фильм муаллифи бундай тавсия этилмайдиган фильмлар рўйхатига унинг асари ҳам киритилганидан ажабланмаганлигини айтади:

- Кинони кўрмасдан туриб, битта сўзини кўриб қолиб, “рухсат этилмасин” деган буйруқлар бўлган-да. Мана, масалан, “Секс, ложь и видео”. У ерда секс деган нарсани ўзи йўқ, масалан. У фильм жаҳон бўйича машҳур Канн фестивалида санъат асари сифатида 1989 йилда гран-при олган. Ман этган одамлар кўрмаган ҳам, деб ўйлайман. Қараб чиқса, рўйхатдаги фильмларни ҳеч ким кўрмаган бўлиши ҳам мумкин-да, деди ўзбекистонлик Умида Аҳмедова.

Биз “Ўзбеккино” миллий агентлигидан расмий маълумот олишга бир неча кун уриндик. Дастлаб агентлик ходимлари махсус бўлимга, кейинчалик махсус комиссияга телефон қилиш лозимлигини айтишди. Махсус комиссия аъзолари эса телефон гўшагини кўтармади.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги эълон қилган тавсия этилмайдиган фильмлар рўйхатида хорижий фильмлар билан бир қаторда ўзбек кинофильмлари ҳам бор.

Рўйхатдаги фильмлар 2005 йилдан бошлаб ҳар йили сони ошиб боради. Масалан, 2005 йилда 2 та фильм, 2006 йилда 58 та, 2007 йилда 110 та, 2008 йилда 71 та фильм "кўришга тавсия этилмаган". 2009 йилда эса таъқиқланган фильмлар рўйхати кескин (315 та фильм) "семирган". 2010 йилда эса "қора рўйхат"ни 188 та фильм тўлдирган.

Рўйхатга порнографик фильмлар, триллерлар, "Шрек" ва "Мадагаскар" мультфильмларининг гоблин таржимаси киритилган.

“Ўзбеккино” агентлигида бир неча йил олдин фаолият юритган ходимга кўра, 90-йилларда видеопрокат учун тавсия этилган фильмлар брошюраси чоп этиб келинган. Бу брошюраларда таъқиқланган фильмлар номи келтирилмаган. Брошюралар мажбуран видеопрокатларга сотилиб келинган бўлиб, 2000 йилларда уларни чоп этиш тўхтатилган.

“Ўзбеккино” собиқ ходими овозини ёзиб олмаслик шарти билан тавсия этилмайдиган фильмлар рўйхати ва унинг келиб чиқилиши ҳақида гапириб берди. Унга кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари бозорларда порнографик фильмларни топиш рейдидан тушган дисклар номини “Ўзбеккино”га тақдим этади. Ўз навбатида, турли соҳа мутахассисларидан иборат комиссия аъзолари порнографик номга эга фильмларни кўрмасданоқ таъқиқ рўйхатига киритади. Баъзан бу рўйхатга порнографик характерга эга бўлмаган фильмлар ҳам тушиб қолади.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги эълон қилган тавсия этилмайдиган фильмлар рўйхатида Чеченистон урушига оид ҳужжатли фильмлар ҳам бор. Бундан ташқари, мазкур рўйхатга 1932 йилда суратга олинган биринчи триллер жанрига оид “Оқ зомби” ҳужжатли фильми ҳам киритилган.

Шу билан бирга, баъзи фильмлар бир неча бор рўйхатга киритилганлиги ҳам маълум бўлди.

Тавсия этилмайдиган фильмлар Ўзбекистон фуқаросининг ёнидан топилса, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан у олиб қўйилади ва мазкур органларнинг расмий маълумотига кўра, йўқ қилинади. Бу ҳаракат учун фуқаро маъмурий жавобгарликка ва хатто жиноий жавобгарликка ҳам тортилиши мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG