Линклар

logo-print

Президент "ўғитлари"

  • Сарвар Усмон

Президент Каримовнинг референтлари тайёрлаб берган нутқдан чиқиб кетиш одати бор.

Президент Каримовнинг референтлари тайёрлаб берган нутқдан чиқиб кетиш одати бор.

Ўзбекистон аҳолиси меҳнатга лаёқатли қатламининг 5,6 фоизи ишсиздир. Мамлакатдаги ишсизлик кўлами тўғрисидаги бу маълумотни Ўзбекистон президенти республика Конституцияси қабул қилинганининг 18 йиллигига бағишланган тантанали маросимда маъруза қилаётиб эълон қилди.


Лекин ЎзА ахборот агентлиги 7 декабр куни эълон қилган президент маърузаси матнида бу маълумот келтирилмаган.

Умуман, президентнинг йиғилиш минбаридан туриб қилган нутқи маърузанинг эълон қилинган матнидан кенгроқ.

Ислом Каримовнинг маърузадан чекиниб қилган "лирик чекинишлари"ни кўздан кечирдик.

Президент нутқининг жонли версияси у ёқда турсин, расмий версияси ҳам жуда катта ва шунинг учун нутқ давомида қилинган барча “лирик чекиниш”ларга тўхтала олмаймиз.

Расмий матндан ташқарида қолган чекинишларнинг баъзиларигагина тўхталамиз.

Маъруза матнидан бошини кўтариб гапирар экан, президентнинг қанақа китобларни варақлаб туришини

“Ëддан билсам ҳам барибир шу Амир Темурни, бобомизни қолдирган нимаси бор, китобчаси бор. Шуни варақлаганда....”

ҳамда қайси партия газетасини ҳар куни қўлга олишини билдик.

“ЎзЛиДеп партиясининг 21 аср деган нимасида тепасида эътибор беринглар айни шу сўзлар, мана айни шу ибора энг катта шиор деб тепасида ëзилган. Яъни ҳар куни шу газетани олиб ўқиганда эътибор беринглар тепасида ëзган мана шу маъноли гапларга”.

Президентни шу жойда Ўзбекистондаги партиялардан бирини ҳамда унинг газетасини ноҳалол реклама қилишда айблаш мумкин бўлар, лекин бу ишни Олий Мажлисда депутатлари бор бошқа партиялар қилса – қилсин, биз қилмаймиз.

Ислом Каримов "лирик чекиниш"ларидан яна бирида демократия нима эканлигидан йиғилиш қатнашчиларига сабоқ берди:

“Демократияни қурдик, демократияни бир кунда қуриш мумкинми ва умуман демократияни қурдик деган одамга ишонманглар. Нима деганда демократия ҳеч қачон охиригача қурилмайди”.

Ўзбекистон раҳбарининг фикрича, АҚШ ҳам, Европа мамлакатлари ҳам демократияни қуриш устида ҳануз иш олиб бормоқда. Яъни улар ҳам ҳали қуриб битиргани йўқ. Шунинг учун, дейди Каримов,

“Демократия устида ўзимиз ҳам астойдил ишлашимиз керак. Ëшларимиз ҳам демократия устида бош қотириб, доимий ўзини мақсади деб қўйишимиз керак”.

Ўзларини демократик партия деб эълон қилган "Эрк"у "Бирлик" қанақа тузум қурмоқчи бўлганидийкин? Бир сўраб кўрсак бўларкан...

Умуман, президентнинг "лирик чекиниш"ларини одамзод ҳаётининг у ёки бу соҳалари бўйича қилган ўгитлари, сабоқлари, деб тушуниш керак. У киши ҳозиргина демократия илмидан дарс ўтган эди, нутқи давомида меҳнат нималигини ҳам тушунтирди.

“Нима учун меҳнат қилади? Авваламбор ўз Худо берган иқтидорини, керак бўлса меҳнатга лойиқлигини албатта рўëбга чиқаради. Лекин энг, меҳнатнинг энг асосий маъноси ҳаëтни тебратиш, боласини боқиш, оиласини боқиш”.

Буни тушунган тушунади, тушунмаган – йўқ.

Президентнинг яна бир ўгити:

"Иш билан таъминлаш дегани билиб қўйинглар бу албатта бу инсонни ҳимоя қилиш дегани. Уни оиласини ҳимоя қилиш дегани".

Умуман президент меҳнат масаласига, ишсизлик масаласига кўп тўхталди.

Шу пайтгача Ўзбекистон расмийлари ишсизлик кўлами тўғрисида ҳақиқатга яқинроқ рақам айтиш у ёқда турсин, "ишсизлик" атамасини ҳам деярли ишлатмас, унинг ўрнига "вақтинча банд бўлмаган аҳоли" иборасидан фойдаланар эдилар.

Лекин президент кечаги нутқи давомида нарсаларни ўз номи билан атади. Ишсизликни ишсизлик деди.

“Ишсизлик тўғрисида ман кўп гапирганим сабаби шуки, ҳақиқатан ҳам ишсизлик Ўзбекистон учун ишсизликни бартараф қилиш, уни умуман кун тартибидан мутлақо четлашиб қўйиш бизларни ҳаммамизни бурчимиз. Лекин шу ерда ўтирган чет мамлакатдан вакиллари ëки элчилари нотўғри хулоса чиқармасин. Бизларни охирги ҳисоботларимиз бўйича Ўзбекистонда ишсизлик атрофлича ҳисоб-китоб қилганда ҳаммаси бўлиб ишга лойиқ бўлган инсонларни агар шуларга нисбатан ҳисобласак, ҳаммаси бўлиб 5,6 фоиз ташкил қилади, 5,6 фоиз. 5,6 фоиз”.

Президентнинг бу гапи ҳам, ундан олдин келтирганимиз парчалар ҳам у киши маърузасининг расмий матнига кирмай қолди.

Келинг, энди расмий матндан ҳам бир парча келтирайлик.

"Ўзингиз ўйланг азиз дўстлар, азиз биродарлар. Агарки юртимизда шу соҳага ўз вақтида катта эътибор қаратиб, унинг ривожи учун ҳар томонлама йўл очиб бермаганимизда, бугун бизнинг куч-қувватга тўлган ëшларимиз бошқаларга ўхшаб қаëққа бориб, иш излаб кимларга муҳтож ва қарам бўлиб кун кўрарди".

Яна бир бор эслатамиз. Президент нутқидан келтирилган бу парча маърузанинг расмий матнида келтирилган.

Маърузани тайёрлаб берувчи рефрентларгаям ҳайронсан киши. Нима қилишади президентни ноқулай аҳволга солиб?

У кишининг "...бизнинг куч-қувватга тўлган ёшларимиз бошқаларга ўхшаб қаёққа иш излаб борарди, кимларга муҳтож ва қарам бўлиб кун кўрар эди?" деган саволини эшитган миллионлаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари нима дейишини ўйлаганми референтлар?

Ё ўйламаганми?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG