Линклар

Рус чегарачилари тожик - афғон чегарасини қўриқлашга тайёр


Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Максим Пешков ўз давлати Тожикистон чегараларини қўриқлашга тайёр эканинин билдирди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Максим Пешков ўз давлати Тожикистон чегараларини қўриқлашга тайёр эканинин билдирди.

Ноябр ва декабр Тожикистон ва Россия ҳарбийлари учун музокаралар ойи бўлмоқда. Ноябр ойининг ўрталарида Тожикистон куч шлатиш салоҳиятига эга тизимлар рахбарлари Москвада ўз ҳамкасблари билан мулоқот ўтказишди. Орадан кўп ўтмай рус ҳарбий раҳбарияти Тожикистон Қуролли кучлари ва Миллий ҳавфсизлик қўмитаси рахбарлари билан учрашди.

Россия Тожикистон Ички ишлар вазирлигини икки мингга яқин замонавий қурол ва бошқа жиҳозлар билан таъминлаганини маълум қилди. Куни кеча эса Россия Ички ишлар вазири Рашид Нургалиев Душанбеда республика президенти ва куч ишлатар тизимлари рахбарлари билан мулоқот ўтказди.

- Бугун бу масала музокаралар мавзуси бўлиши мумкин. Зеро Афғонистондаги ва тожик афғон чегарасидаги вазият ҳам шуни тақозо этмоқда. Агар Тожикистон томони тожик-афғон чегарасини қўриқлаш борасида бизга таклиф билан чиқса, бундай таклифдан воз кечмаслигимиз лозим, - деди Россия Ташқи ишлар вазирлигининг вакили Максим Пешков журналистлар билан учрашув чоғида.

Бундан бир муддат олдин эса Душанбега расмий ташриф билан келган Россия Наркотик моддалар устидан назорат қилиш федерал хизмати раҳбари Виктор Иванов ҳам Россия чегарачиларининг тожикистонга қайтиб келиши мумкинлигини айтган эди.

- Тожикистон томони Афғонистон билан бўлган чегараларини мустаҳкамлаш учун катта маблағ сарфлаётганлиги бизга маълум. Бундан ташқари, АҚШ давлати, БМТ ва бошқа Халқаро ташкилотлар ҳам Тожикистонга кўмаклашмоқда. Россия мутахассислари эса тожик ҳамкасблари билан тажриба алмашмоқда. Зеро Афғонистондан келаётган наркотик кўлами биргина Тожикистон муаммоси эмас, балки бутун Марказий Осиё ва Россияга ҳам тааллуқлидир. Мана шу нуқтаи назардан олиб қаралганда, Россия чегарачиларининг Тожикистонга қайтиб келиши масаласи бугунги кун талабидир, -деган эди Виктор Иванов.

Ҳавфсизлик бўйича маҳаллий тадқиқотчи Бахром Икромов Тожикистон Россия билан ҳарбий ҳамкорликка муҳтож экани ва бу йўналишда Душанбе расмийлари Кремлга қатъий талабларни қўя олмаслигини айтади:

- Тожикистонда сўнгги уч ой давомида содир бўлган қонли воқеалар ҳам бунга мисол бўла олади. Чунки вазият кескинлашган бир пайтда республика куч ишлатар тизимлари рахбарлари бир варакайига ҳаммаси Москвага бориб келишди. Шундан кейингина республика шарқидаги вазият бир оз яхшиланди. Айтмоқчиманки, Тожикистон хавфсизликни таъминлаш борасида Россия ёрдамига мухтож бўлиб қолаверади, - деди Бахром Икромов.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Душанбедаги “Айний” аэродромини Россия ҳарбий базасига айлантириш масаласида Тожикистон томони Россия билан мулоқот олиб бормоқда. Бу ҳақда республика Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий ҳам гапирган эди.

- Биз аэродромдан фойдаланиш борасида фақат Россия билан музокаралар олиб боряпмиз. Бошқа бирор мамлакат билан бу борада мулоқотлар олиб борганимиз йўқ. Чунки Россия Тожикистоннинг стратегик ҳамкори ҳисобланади. Натижалар музокаралар якунланганидан сўнг маълум қилинади, - деди Тожикистон Ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий журналистлар билан бўлган учрашувда.

Тожикистонда Россиянинг битта ҳарбий базаси ва бир нечта ҳарбий марказлари бор. Улардан бири Норак шаҳридаги “ Окно” Космик фазони назорат қилувчи оптик-электрон марказидир. Бу марказ Марказий Осиёдаги фазони назорат қилувчи энг кучли ҳарбий иншоот ҳисобланади. Бундан ташқари Душанбеда Россия чегарачиларининг махсус институти фаолият юритмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, Россиянинг Тожикистонга нисбатан менсимаслик муносабати ҳаммага маълум. Шу боис чегарани қўриқлаш ва умуман ҳарбий ҳамкорлик масаласида Россияга ишониб бўлмайди.

- Расмий Москвага келсак, у сўнгги пайтларда ўз ваъдасига вафо қилмаяпти. Чунончи беш йил олдин Москва Тожикистон иқтисодиётини ривожлантириш учун 2 миллиард доллар ёрдам ажратишини айтган эди. Ваъда қуруқ гаплигича қолиб кетди. Айни замонда АҚШ Тожикистонга ҳар томонлама ёрдам бермоқда. Бугунги кунда Тожикистон АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни янада кучйтирса айни муддао бўларди, - дейди таҳлилчи Абдуғани Мамадазимов.

Унинг айтишича, АҚШ Тожикистон учун қийин бўлган бир пайтда ёрдам кўламини оширмоқда. Таҳлилчилар Тожикистон айни пайтда Россия билан барча ҳамкорликлар масаласида Кремлга қатъий талабларни қўйиш кераклиги ҳақида гапирмоқдалар. Зеро Расмий Душанбе мана шу ҳамкорликлардан ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан фойда кўриши мумкин. Жумладан, Тожикистон ўз энергетика лойиҳаларида Москва дастагини олиш учун «Айний» аэродроми ва тожик афғон чегарасини қўриқлашни пишанг омил сифатида ишлатиши мумкин. Муҳими, шу йўл билан мамлакат ўз мавқени тиклаб олиш имкониятига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG